Ўзбекистонда 2020 йил 31 декабрга қадар шифокорлар ва провизорларни рўйхатга олиш тизими жорий этилади, шунингдек, улар тўғрисида умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базаси яратилади, дейилади Ўзбекистон президентининг қарорида.
Бу янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси томонидан амалга оширилади.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 январдан шифокорлар ва провизорларнинг Миллий палатада рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиши тақиқланади.
Шунингдек, қарорда Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши белгилаб қўйилди.
Жамғарма маблағлари тиббиёт ва фармацевтика ходимларини хорижда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, ўқитиш, малака ошириш ва тажриба алмашишни республикада ташкил этиш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасида хайрия фаолиятини амалга оширишга йўналтирилади.