Жорий йилнинг 3-5 декабрь кунлари Осиё Футбол Конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа расмий ташриф билан Тошкентга келганди.
Ташриф давомида ОФК президенти ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов билан Ўзбекистонда футболни ривожлантириш, ўзбек футболини янги босқичга олиб чиқиш бўйича келгуси режалар ҳақида суҳбатлашиб, Осиё Футбол Конфедерацияси бу борада Ўзбекистон футбол федерациясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилган.
Ана шу учрашув чоғида Осиё Футбол Конфедерациясида Asian Football Confederation Administration System дастурини Ўзбекистонда ҳам қўллаш бўйича келишувга эришилган. Бу ҳақда ЎФФ Матбуот хизматига асосланиб, Qalampir.uz ёзмоқда.
“Asian Football Confederation Administration System дастури маълумотлар базаси бўлиб, мазкур базада ҳар бир футбол мусобақаси ёки тадбирида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган шахслар маълумотлари сақланади.
Масалан, футболчининг туғилган йили, бўйи, оғирлиги, қайси клубларда тўп сурганлиги, қайси чемпионатларда иштирок этганлиги ва шунга ўхшаш маълумотлар жамланиб, ўша футболчига тегишли бўлган барча ҳужжатлар архиви тузилади.
Бу дастур айниқса, болалар футболидаги ёш кичрайтириш билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишда жуда қўл келади.
Чунки, дастурга киритилган ҳар бир футболчининг маълумотлари, унинг фотосурати ҳар йили янгилаб турилади.
ЎФФ мазкур дастурни Ўзбекистонда жорий қилиш борасида саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
2018 йилдан бошлаб Asian Football Confederation Administration System дастури Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилиб, футбол мусобақалари ва тадбирларида иштирок этувчи рўйхатдан ўтган барча инсонларнинг маълумотлари жамланади.
Суперлига ва Про-лигада қатнашувчи жамоалар ҳам мавсум бошида қайдномаларни айнан мана шу дастур орқали электрон тарзда амалга ошириб боришади.
Бундан ташқари, ҳар бир футбол мактаби, академияларда мавжуд бўлган ёш футболчиларнинг барча маълумотлари ҳам ушбу дастурга киритилади.
Натижада, болалар футболидаги ёш кичрайтириш билан боғлиқ кўплаб муаммоларнинг олди олинади.
Шунингдек, футболчилардан ташқари, мураббийлар, ҳакамлар, назоратчилар, комиссарлар ва футбол мусобақалари ҳамда тадбирларида рўйхатдан ўтган шахсларнинг маълумотлар базаси ҳам мазкур дастурда тўплаб борилади”, - дейилади ЎФФ хабарида.