Идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чоралари тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди, деб хабар қилди “Ҳуқуқий ахборот” канали.
Фармонда таъкидланишича идоралараро коллегиал органларни ташкил этиш ва тарқатишнинг аниқ тартиби мавжуд эмаслиги оқибатида жуда кўплаб ушбу турдаги органлар пайдо бўлган. Бу эса ўз навбатида давлат бошқарувининг бюрократиялашувига, маъмурий тузилмаларнинг кенгайиб кетишига, бюджет харажатларининг ошишига олиб келган.
Фармонга мувофиқ жами 81 та турли идораларо комиссиялар, ишчи гуруҳлар тугатилиб, уларнинг вазифалари тегишли вазирлик ва идораларга ўтказилди.
Масалан, Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастурни амалга ошириш Республика комиссияси тугатилиб, унинг вазифалари Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигига ўтказилди.
Худди шундай Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш ҳам тугатилди, унга юклатилган вазифаларини энди Адлия вазирлиги амалга оширади.
Бундан ташқари 25 та турли хил идоралараро комиссиялар иши қайта кўриб чиқилиб, оптималлаштирилади.
Эндиликда Республика даражасидаги идоралараро органларни ташкил этиш қонунлар, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида амалга оширилади. Ушбу органлар давлат идораларига юкланган вазифаларни бажаришда ёрдам берувчи маслаҳат органи вазифасини бажаради.