Саломатлик

Ўзбекистон терма жамоаси Канадага ютқазди

Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Австриядаги йиғин доирасида Канада терма жамоасига қарши майдонга тушди ва 2:1 ҳисобида ютқазди. Мазкур мағлубият Самвел Бабаяннинг терма жамоадаги 8 та ўйиндан иборат ғалабали серияси барҳам берди. Рекорд янгиланмади.

Бабаян мазкур йиғинга 4-5 нафар асосий футболчиларсиз борди. Терма жамоа сардори Одил Аҳмедов, шунингдек Виталий Денисов, Анзур Исмоилов, Сардор Рашидов, Азиз Ҳайдаров сингари етакчи футболчиларга дам берилди ва асосан миллий чемпионатда иштирок этаётган футболчилар майдонда ҳаракат қилди. Айтиш керакки, айнан шу етакчи футболчиларнинг йўқлиги терма жамоа ўйинида яққол сезилди.

Терма жамоани бу сафар сардор сифатида Сервер Жепаров майдонга бошлаб тушди. Биринчи бўлимнинг бошида устунлик Ўзбекистон томонида бўлди ва терма жамоамизда тўп билан муомала қилиш, ўйин назорати, хужумлар ташкил этишда фаоллик кузатилди. Сергеев ва Шомуродов гол уриш учун яхши вазиятлар бўлди, бироқ зарбаларга аниқлик етишмади.

Ҳисобни очиш Канада терма жамоасига насиб этди. 20-дақиқада Канада жарима тўпи тепиш имконига эга бўлди. 16-рақамдаги Скотт Арфилд тепган тўпга бош билан зарба берган 5-рақамдаги жамоа сардори Давид Эдгар Лобанов қўриқлаётган дарвозани ишғол қилди.

Иккинчи бўлимда терма жамоа ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ташланди. Тез-тез хавфли хужумлар ташкил қилишди. Ана шундай хужумларнинг бирини Элдор Шомуродов гол билан якунлаб, ҳисобни тенглаштирди.

Ўйиннинг 80-дақиқасида Акром Комилов автогол муаллифига айланди. У Дэвид Ҳойлет томонидан узатилган тўпни тўппа-тўғри ўз дарвозасига бош билан киритиб юборди. Зарбанинг аниқ ва кучли эканини кўриб, ҳимоячи дарвозани адаштириб қўйганмикин, деган фикр ўтади хаёлдан.

Шундан қилиб, Бабаян бошчилигидаги ўйинларда биринчи бор Ўзбекистон терма жамоаси ютқазди. Бу тарихий натижа кучли хоккейчилар юрти Канадага насиб этди. Бу ўйин билан Канада нафақат яхши хоккейчилар мамлакати, балки яхши савиядаги футболчилар юрти эканини ҳам исботлай олди.

Ўртоқлик ўйини ЎЗБЕКИСТОН - КАНАДА - 1:2 Голлар: Элдор Шомуродов (62) — Давид Эдгар (20), Акром Комилов (80-автогол) Ўзбекистон: 21.Александр Лобанов, 2.Егор Кримец, 8.Сервер Жепаров, 9.Отабек Шукуров, 11.Игорь Сергеев, 13.Давронбек Ҳошимов, 14.Жавоҳир Соҳибов, 15.Александр Гейнрих, 16.Акромжон Комилов, 20.Ислом Тўхтахўжаев, 23.Элдор Шомуродов Канада: 22.Кенни Стаматопулос, 3.Маньекар Жеймс, 4.Деян Якович, 5.Давид Эдгар, 10.Дэвид Ҳойлет, 12.Донейл Анри, 14.Самуэль Пиет, 16.Скотт Арфилд, 20.Карл Уиметт, 11.Тосейнт Рикеттс, 23.Тешо Акинделе

Шунингдек, терма жамоамизнинг гуруҳдаги рақиблари ҳам ўртоқлик ўйинларида иштирок этди. Жумладан, Хитой терма жамоаси ўз майдонида Қозоғистонни қабул қилиб, 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраган бўлса, Эрон қўшни Қирғизистон терма жамоаси дарвозасига жавобсиз 6 та тўп киритди.