Биласизми?

Ўзбекистон мактабларида ўқитувчиларнинг 30 фоизини эркаклар ташкил этади. Тошкент шаҳридаги кўрсаткич бундан ҳам паст

17 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида таълим тизими раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда инсон ресурсларини ривожлантириш пойдевори бўлган, ёшларда билим, дунёқараш ва маънавият асосларини шакллантирувчи умумий ўрта таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалалари муҳокама қилинди, деб ёзмоқда Kun.uz.

Бугунги кунда республикада 9,7 минг мактабда жами 5,2 миллион ўқувчи таълим олмоқда. Бу аҳолининг 16 фоизини ташкил этади, ўқув-тарбиявий ва бошқарув жараёнида 450 мингдан зиёд ходим меҳнат қилмоқда. Бироқ сўнгги 20 йилда асосий эътибор коллеж ва лицейларга қаратилиб, умумтаълим мактаблари фаолиятини замон талабларига жавоб берадиган яхлит бир тизимга айлантириш бўйича амалга оширилган ишлар қониқарсиз бўлган.

Йиғилишда мактабларни молиялаштиришга иккинчи даражали масала сифатида қаралиб, ушбу тизимга бюджет маблағлари «қолдиқ» усулида ажратиб келинганлиги, айниқса халқ таълими тизими ходимлари йиллар давомида ўз фаолиятига хос бўлмаган бошқа ишларга мунтазам жалб қилиниб, том маънода «текин хизматкор» га айланиб қолганлиги кескин танқид қилинди.

Бу каби ҳолатлар мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камайишига ҳам сабаб бўлиб, ҳозирги кунда мактабларда эркак ўқитувчилар 30 фоизни, Тошкент шаҳрида эса 10 фоизни ташкил қилиши қайд этилди.

Шунингдек, ўқитувчилар ўз устида ишлаб, болаларни фанларга қизиқишини ошириш ўрнига, мактабнинг кам-кўстини ёпиш учун ўқувчилар ота-оналаридан пул йиғиш, тинимсиз текширишга келаётган турли комиссияларни «тинчитиш» билан овора бўлиб қолганлиги, мактабларда давомат тушиб кетиши, ўқувчиларнинг кўча-кўйда қаровсиз ҳолда юриши, ҳаттоки безориларга ва турли зарарли оқимларга қўшилиши ҳолатларига олиб келганлиги танқидий муҳокама қилиниб, таъсирчан чора-тадбирлар белгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари Жаҳон банки раҳбарияти билан учрашувда «инсон капитали»га сармоя киритишни кўпайтириш масаласи муҳокама қилинганлиги ҳамда аввалгидек «арзон ишчи кучи бўлса, чет эл сармояси келади» деган сиёсат ҳозирги замон талабига мутлақо тўғри келмаслигини алоҳида таъкидлаб, тегишли топшириқлар берди.

Президент дунёда илмий-техник ривожланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларининг автоматлашиш даражаси ошаётгани сабабли паст малакали ишчи кучига эҳтиёж камайиб бораётганлигини, жумладан, Хитой ҳам айнан замонавий технологияларга асосланган таълимга қаттиқ эътибор қаратиб, катта сармояларни йўналтираётганлигини алоҳида таъкидлади.