Биласизми?

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш орқали нималарга эришади?

Ўзбекистоннинг яқин йилларда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши кутилмоқда. Миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган қишлоқ хўжалиги учун ҳам бу ташкилотга аъзо бўлишнинг ижобий ҳамда салбий томонларини чуқур ўрганиш, бу борада Ўзбекистоннинг аниқ позициясини белгилаб олиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А. Эргашев Тошкентда ўтказилган «Жаҳон савдо ташкилотига киришда қишлоқ хўжалигининг ўзига хос жиҳатлари» мавзусидаги халқаро семинарда айтиб ўтди, деб ёзади ЎзА.

Жаҳон банки ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш имкониятлари юзасидан музокаралар олиб борилди.

«Аъзо давлатларнинг савдо сиёсати Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидаларига мос бўлиши шарт, — дейди FAO’нинг Ўзбекистондаги вакили М. Қосимов. — Шунинг учун номзод давлатнинг савдо тартиби ташкилот қоидаларига тўлиқ мос экани барча аъзо мамлакатлар томонидан маъқуллаганидан сўнг тегишли қарор қабул қилинади».

Хўш, айни вақтда Ўзбекистон учун Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишнинг қандай афзалликлари мавжуд?

Халқаро семинарда айтилишича, ташкилотнинг 164 аъзо мамлакати учун янги бозорлар очиқ бўлади. Инвестициянинг барқарорлиги таъминланади. Янги сармоялар асосида қўшимча иш ўринлари яратилади. Рақобат муҳити ҳам яхшиланади, бу борадаги глобал шароитлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда хизматларни етказиб берувчиларга маҳсулот сифатини кўтариш ҳамда дунё бозорида рақобатлашишни ўрганишга ёрдам беради.

Истеъмолчилар арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматларни танлаш имконига эга бўлади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқи ҳимояланади. Савдо ҳамкорлари қабул қилинган халқаро стандартлар қоидаларига мувофиқ миллий стандартларни ишлаб чиқиш экспортёрларга чет эл бозори талабларига мослашишда ёрдам беради. Жаҳон миқёсидаги савдо сиёсати бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи берилади, яъни ташкилот йиғилишида иштирок этадиган ҳар бир давлат ўз овозига эга бўлади.