Саломатлик

Ўзбекистон Ироқ миллий терма жамоасини енгди

Тошкентдаги муҳташам “Бунёдкор” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўртоқлик учрашувида Ироқ терма жамоасига қарши майдонга тушди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Терма жамоамизнинг голларига Марат Бикмаев ва Элдор Шомуродов муаллифлик қилди. Алоҳида қайд этиш керакки, мазкур баҳсда терма жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян фақат Ўзбекистон миллий чемпионатида иштирок этаётган футболчилар хизматидан фойдаланди. Асосий таркиб ўйинчиларисиз ўйнаган миллий жамоа керакли натижа қайд эта олди.

Ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсак, биринчи бўлим футболчиларимизнинг тўлиқ устунлигида ўтди. Тўп билан муомалада бўлиш, хавфли вазиятлар яратиш бўйича ҳам Ўзбекистон термаси етакчилик қилди.

Ўйиннинг 7-дақиқасида тўпни эгаллаб олган Жамшид Искандеров, чап қанотдан олдинга ташланган Шомуродовга узатиб берди. Элдор тўпни жарима майдонига қулай тарзда етказди ва Марат Бикмаев яқин масофадан боши тўпни дарвозага жойлади. Жамоамизнинг иккинчи голи 30-дақиқада урилди. Искандеровнинг ўнг қанотдан тепган жарима тўпини Элдор Шомуродов боши билан дарвозага тўғрилаб қўйди.

Иккинчи бўлимда ўйинда нисбатан тенглик кузатилди. Бироқ тўп назорати кўпроқ ўзбекистонлик футболчиларда бўди. Ироқликлар ҳам онда-сонда Нестеровнинг хушёрлгини синаб туришди. Ўйиннинг охирга бориб фаоллашган ироқликлар ҳисобни қисқартиришга эришди. Ҳимоячи Тожиевнинг тўпни йироқлаштиришга бўлган уриниши жамоамиз фойдасига бўлмади. У тепган тўпни бартараф этишда Игнатий Нестеров хатога йўл қўйиб, тўпни ушлаб қололмади. Жарима майдончасидаги пала-партишликдан Абубакр Баяр унумли фойдаланиб, тўпни бўш қолган дарвозага жойлади.

Шу тариқа Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ироқни мағлубиятга учратди. Эслатиб ўтамиз, тайёргарлик йиғинини Австрияда ўтказган вакилларимиз “Борруссия” Дортмунд ва “Уфа” жамоаси билан ўртоқлик ўйинларида қатнашди.

24 июль. Тошкент, «Бунёдкор» стадиони.

Ўртоқлик ўйини.

Бош ҳакам: Илгиз Танташев (Ўзбекистон)

Ўзбекистон – Ироқ 2:1 (2:0)

Голлар: Марат Бикмаев (7), Элдор Шомуродов (29) – Абубакр Баяр (90)

Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Камолиддин Тожиев, Марат Бикмаев (Сардор Мирзаев 66), Жамшид Искандеров, Отабек Шукуров, Даврон Ҳошимов, Жавоҳир Соҳибов, Станислав Андреев (Александр Мерзляков 46), Азимжон Аҳмедов (Руслан Мелзиддинов 86), Шерзод Каримов (Жасур Ҳасанов 55), Элдор Шомуродов (Жалолиддин Машарипов 83).

Ироқ: Ҳасан Жалол (Қосид Муҳаммад 46), Козим Ҳусам, Саид Жамол, Латиф Али, Ваҳам Ҳусайн (Халаф Ҳусайн 57), Муҳаммад Жосим, Алаа Абдулзаҳрон (Шавқан Муҳаммад 74), Волид Амжад (Малик Висам 86), Фаёз Мазин, Хусрав Мирон (Абубакр Баяр 80), Қосим Аббос.

Огоҳлантириш: Козим Ҳусам 50