Ўзбекистон валюта биржасида евронинг курси 9 210 сўмга тушди, бу — май ойи охирида евро билан тижорат қилиш бошланганидан буён қайд қилинган энг паст кўрсаткичдир, деб ёзмоқда Daryo.uz.
8 май куни евро Ўзбекистон биржасига кириб келган, шунда унинг қиймати 9 800 сўмга тенг бўлган. Бир неча кундан кейин евро курси 9 901 сўмга кўтарилган. Кейинроқ курс тушишни бошлаган. Етти кун ичида евро 400 сўмга арзонлаган. Натижада рекорд даражадаги паст кўрсаткич — евронинг 9 210 сўмга тенглиги қайд этилган.
Жорий ҳафтада қизиқ бир ҳолат кузатилган — Марказий банк курси биржа кўрсаткичларидан пастроқ. Одатда бу ҳолатнинг акси кузатилар эди.
Марказий банк томонидан евронинг қиймати 9 150 сўм сифатида кўрсатилган. Бу ҳам валюта либерализациясидан (валютага нисбатан тақиқнинг бекор қилиниши) кейинги даврда қайд қилинган энг паст кўрсаткичдир. Қишда евро курси 10 200 сўмга тенг бўлган. Бошқа валюталарга (Қозоғистон тенгеси, Россия рубли, АҚШ доллари) нисбатан ҳам евро курси пасайиб бораётганини кўриш мумкин, бироқ уларнинг кўрсаткичлари динамикаси сўмга нисбатан кузатилаётган вазиятчалик кескин эмас.
Аввалроқ, Марказий банк иқтисодиётдаги долларизация даражасини пасайтириш ишларини бошлагани тўғрисида хабар қилинган эди.