Мунтазам ўтириб ишлаш оёқ мушакларига ёмон таъсир кўрсатади. Бугун ирсият ва жисмоний фаолликнинг оёқларингиз кўринишига таъсири ҳақида гаплашамиз
Тик туриб ишлаш сўнгги йилларда урфдан қолиб бораётганига қарамасдан бир қатор афзалликларга эга. Тик турганда моддалар алмашинуви ўтирганга нисбатан тезроқ амалга ошади. Калория сарфи бир ярим бараварга ортади. Шу билан бирга мунтазам ўтириш бир қанча касалликларга чалиниш хавфини оширади, мушаклар атрофияси ва увушишини келтириб чиқаради.
“Ўтириш – худди чекиш каби маккорона одатдир”, дейди Луизианадаги Пеннингтон биотиббиёт тадқиқот маркази профессори, физиолог Марк Хамилтон.
Хамилтон, эҳтимол, ошириб юборгандир. Аммо кўплаб кишилар ўтиравериб, аввал оёқлари, кейин бутун танасини бўтқага айлантириб юбориши хавотирланишга арзийди.
Оёқ фаоллашганда қандай жараёнлар кечади?
Электромиография (ЭМГ) ёрдамида оёқнинг юриш, югуриш, сакраш каби турлича хатти-ҳаракатдаги фаоллигини таҳлил этиш мумкин. Бунда тана мушакларининг фаоллиги оддий электрокардиограмма чизиғи сингари қайд қилинади. Агар юракка оид кардиограмма чизиғи текислана борса, реанимация жараёни кечаётган бўлади, оёғимизга тегишли худди шундай чизиқ ўтирганимизда қайд қилинади. Аммо тик туриб юра бошлаганимизда чизиқ жонланиб кетади.
Оёғингиз танангизни кўтариб турганида қаттиқ толиқиш сезмайсиз, бироқ мушакларингиз изометрик равишда қисқариб туради. Тик оёқда икки соат ўтказиш 3 км югуриш билан тенгдир.
Оёғимиз узунлиги ва ўлчамига ирсиятнинг қандай таъсири бор?
Ҳозирги кунда оёқ узунлиги наслга боғлиқ деган қараш ҳукмрон. Умумий олганда аёлларнинг оёғи эркакларникидан узунроқ бўлади. 18-45 ёшли аёлларнинг оёғи бўйининг 45 фоизини ташкил этса, эркакларда бу сон 44 фоизга тенг.
Оёқ мушаклари – бу бошқа мавзудир. У, нафақат, ирсиятга, ўзингизга ҳам боғлиқ.
Инсон танаси, гўё, тезлик учун эмас, бардошлилик учун яратилгандек. Эволюцион биология профессори Дэниэл Либерман фикрича, бунга сабаб оёғимизда секин қисқарувчи толалар кўплигидир. Ҳаттоки, энг тез югурувчи спортчилар ҳам бу борада югурик ҳайвонлар билан беллашолмайди. Масалан, машҳур югурувчи Усейн Болтнинг тезлиги гепардникидан 2,5 баробар оздир.
Кўпинча аёллар оёқлари йўғонлашиб кетишидан қаттиқ қўрқишади, шу сабаб зўр бериб машқ қилишга иштиёқлари йўқ. Бироқ тос ва соннинг йўғонлашиб кетиши мушакдан эмас, ортиқча ёғдандир. Сон қисмда ёғ йиғилса, оёқ заифлашади ва ёғ янада кўпроқ тўпланади.
Аёлларнинг танаси ёғ тўпланишга мойил бўлади. Бунинг ўз сабаби бор: эҳтимолий ҳомиладорликка организм захира тўплайди.
Кўплаб амалий, қизиқарли мақолалар муаллифи Мелисса Рот танадаги ёғни йўқотишга оид тажрибани ўзида синаб кўрди. Оёғи Шварцнеггерникидек мушакдор бўлиб кетишидан чўчимасдан ўтириб-туриш, зинадан кўтарилиш, велоаэробика каби машқлар билан жиддий шуғулланди. 4 ҳафталик машқ оқибатида оёғидаги ёғ миқдори 10 фоизга камайди. Саккиз ҳафта ўтгач эса сон айланаси икки баробар кичрайди. Дарвоқе, Мелисса парҳез тутган (кунига 1500 ккал).
Ўтириб-туриш, зинадан кўтарилиш ва велоаэробика, нафақат, оёқ семиришига йўл қўймайди, балки саломатлигини яхшилайди: ёғ миқдори камаяди ва мушаклар ўсади.
Хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин, чиройли оёқлар қоматга кўрк беради. Бунинг учун кўп “ўтириб қолиш”дан сақланиш ва мунтазам юқорида саналган машқларни адо этиш лозим.
lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди