Ўзбекистонда 2017 йилда туғилган болаларнинг 10 фоизининг отаси номаълум ёки никоҳсиз туғилган.
Бу ҳақда Адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов Халқаро пресс клубнинг «Ўзбекистонда демографик жараёнлар: фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишдаги муаммолар ва ечим» мавзусида бўлиб ўтган сессиясида маълум қилди.
"ФҲДЁ органларига ҳар бир фуқаро ҳаёти давомида бир неча марта мурожаат қилади. Бу туғилишни қайд қилиш, никоҳни расмийлаштириш ёки инсон ўлимини қайд қилиш бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, инсон ҳаётидаги энг муҳим ҳодисалар ФҲДЁ органларида қайд қилинади. Агарда бу ҳолатлар қайд қилинмай қолиб кетадиган бўлса, айрим фуқаролар ҳаётида турли муаммоларни келтириб чиқаради. Масалан, тасаввур қилайлик фарзанд туғилди, унинг ҳужжатлари расмийлаштирилмай қолди. Бунинг натижасида бу фарзанд давлат томонидан яратилган ижтимоий муҳофазалар, тиббий хизмат, таълим олиш ёки меҳнат қилиш ҳуқуқларида турли қийинчиликларга дуч келади. Чунки, биламиз, ҳамма жойда ҳужжат талаб қилинади. Фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаса у ҳаёти давомида қийналади.
Ёки никоҳнинг расмийлаштирилмаслиги оқибатида эр-хотин ўртасида турли мулкий муаммолар келиб чиқиши мумкин. Уларнинг фарзандлари ҳам ўз ҳаётида муаммоларга дуч келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Давлатда эса давлат муҳофазасидан четда қоладиган фуқаролар қатлами юзага келиши мумкин. Ўтган икки йил мобайнида ҳудудларда уйма-уй юриб ҳужжатлар ўрганилганида 1339 нафар фуқаронинг ҳеч қандай ҳужжати мавжуд эмаслиги аниқланди ҳамда уларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилди. Лекин бу ҳали ушбу йўналишдаги ишларнинг бошланиши. Жуда кўплаб оилаларда бундай муаммолар мавжуд. ФҲДЁ органлари ходимлари фақат қоғозни расмийлаштириш билан шуғулланмоқда. Статистикага тўхталадиган бўлсак, 2017 йилда Ўзбекистонда 19 701 нафар ёлғиз она, 59 129 нафар фарзанднинг оталигини белгилаш ҳолати қайд этилган. Бу жами туғилишларнинг 10 фоизини ташкил қилади. Демак, ўтган йилда туғилган болаларнинг 10 фоизининг отаси номаълум ёки никоҳсиз туғилган деб қайд этилган. Аслида, кўпчилигини биламизки, айримларининг отасининг ҳужжати йўқлиги ёки никоҳни вақтида расмийлаштирилмаслиги оқибатида фарзандлар ҳаётида уларнинг шаъни, қадр-қимматига таъсир кўрсатувчи ҳолатлар юзага келгани аниқланган.
Яна ажрим масалалари ҳам ФҲДЁ органлари орқали расмийлаштирилишини биламиз, лекин ҳар бир ажрим ортида бир оила, инсонлар тақдири турганлиги юзасидан бу жараёнга ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан юзаки қаралганини биламиз. Натижада биз ажрим деганда фақат рақамларни кўрадиган бўлдик. Бу эса жамиятда ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаришгача борди".- деди Адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов.