Сизга маълумки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати-2018 саралашининг учинчи босқичига йўл олди. Шу муносабат билан миллий терма жамоанинг навбатдаги босқич ўйинларига тайёргарлик доирасида Канада билан ўртоқлик учрашуви ўтказиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқаганди. Ўзбекистон футбол федерациясининг расмий сайтида бу ҳақида расмий хабар эълон қилинди.
Унда ёзилишича, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳамда Канада Футбол Ассоциацияси шу йилнинг 7 июнь санасида Австрияда миллий терма жамоаларнинг ўзаро назорат учрашуви ўтказиши борасида келишувга эришган.
"Таъкидлаш керакки, ҳар икки терма жамоа Жаҳон Чемпионати-2018 йўлланмаси учун курашни давом эттирмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё қитъаси иккинчи саралаш босқичи “H” гуруҳи ғолиби сифатида саралашнинг финал босқичига йўл олган 12 терма жамоанинг бирига айланди. Учинчи босқич учун ташланган қуръа натижаларига кўра, “А” гуруҳидан ўрин олган Самвел Бабаян шогирдлари Эрон, Жанубий Корея, Хитой, Қатар ҳамда Сурия билан мундиал йўлланмаси учун кураш олиб боради", дейилади хабарда.
Ўз навбатида Канада миллий футбол терма жамоаси ҳам Жаҳон чемпионати-2018 саралаши доирасида сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Гондурас ва Сальвадор терма жамоаларига қарши ўйинларга тайёргарлик кўрмоқда.
Маълумотларга кўра, Канада терма жамоаси Ўзбекистон билан ўйинга қадар 3 июнь санасида Озарбойжон билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.