Бирор ўткир ҳидли нарсалар, таомлар қўл билан ушланганда (балиқ, саримсоқпиёз ва ҳаказо) ёки истеъмол қилинганда унинг нохуш ҳиди нафақат бошқаларга, балки ўзингизга ҳам ёқмаслиги турган гап. Ана шундай ҳолатларда улардан тез қутулишнинг маълум қоидалари бор.
Масалан балиқ тозалаб бўлингач, унинг ҳиди қўлга ўрнашиб қолади. Бундай пайтда қўлга аввал тузни ишқалаб, сўнг совун билан ювиб ташлаш фойда қилади.
Саримсоқпиёз истеъмолидан сўнг оғиздан келувчи нохуш ҳидни петрушка чайнаш орқали кетказиш мумкин.
Қошиқ ёки санчқидан балиқ ҳиди кетказиш учун уларни совунли сувга чайиш, ўсимлик ёғи суртиб, сўнг юмшоқ латта билан тозалаб ташлаш керак.
Ошхона буюмларидаги пиёз ҳидини оддий қуруқ туз билан артиш орқали бартараф этиш мумкин.
Хонадан бўёқ ҳидини ҳайдаб чиқариш учун, саримсоқпиёз бошини кесиб, уни хонада бир мунча вақт қолдириш керак. Унинг ўзи нохуш ҳидни қувиб солади.
Хонага елвизак олиб кирган тамаки ҳиди ҳам кўнгилни беҳузур қилиши мумкин. Агар хонада тамаки чекилган бўлса, ҳа деганда, нохуш ҳиддан қутулиш мушкул. Аммо бунинг учун маълум усулларни билиб қўйиш зарар қилмайди.
Хуллас, чекилган хонанинг ойнасини очиб, турли жойга намланган сочиқни илиб қўясиз. Тамаки ҳидини нам сочиқ яхши “сўриб” олади. Шунингдек, хонага шам ёқиш ҳам мумкин.