Биласизми?

Нарх-навонинг ошиб кетишига биржа сабабчи…ми?

Кейинги вақтда кичик бизнес вакиллари ўз маҳсулотларини товар хом ашё биржаси орқали сотаётгани, бу жараёнда «тишга тегадиган» ҳолатлар борлиги ҳақида кўплаб фикрлар айтилмоқда, деб ёзади ЎзА.

Шунингдек, давлат ташкилотлари ҳам ўзи учун керакли буюмни, у катта ёки кичик бўлсин, биржа орқали олаётгани ҳақидаги сўзлар қулоғимизга тез-тез чалинмоқда. Кимдир буни маъқулласа, яна биров тескарисини айтади.

АСЛИДА НИМА ЎЗГАРДИ, АҲВОЛ МУРАККАБЛАШДИМИ ЁКИ АКСИНЧА?..

Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасининг электрон савдо ва тижоратни ташкиллаштириш бўлими мутахассиси Фаррух Шоназаров бу ҳолатни шундай изоҳлади:

– Электрон давлат харидлари ортиқча қоғозбозликнинг олдини олади. Энг муҳими, эса хизматлар кафолатланган. Мисол учун, сиз қалам, ручка, дафтар харид қилмоқчисиз. Бунинг учун аввалгидек, бозордан-бозорга юриб, вақт сарфламайсиз. Балки, ўтирган жойингизда, электрон дўконга қўйилган маҳсулотлар орасидан ўзингизга ёққан ва керакли нархдаги маҳсулотни танлаб, пулини ўтказиб берасиз. Бунда етказиб берувчи ўз маҳсулотини параметрлари, ранги, маркасини аниқ кўрсатган бўлади ва айтган жойингизга етказиб беради. Бунинг ҳеч қандай мураккаб жойи йўқ, менимча. Харидлар жараёнининг очиқ-ойдинлиги ҳамда етказиб берувчиларнинг аксарият қисмини кичик бизнес субъектлари ташкил этаётгани маҳсулотлар таннархини пасайтириш, нархларни манипуляция қилишнинг олдини олиш ҳамда улар устидан олиб бориладиган давлат ва жамоат назорати самарадорлигини оширишга кўмаклашмоқда.

Аслида ҳам шундайми? Бу ҳақида давлат ташкилотида фаолият юритиб, керакли ашёларни электрон дўкондан харид қилаётган ҳисобчи, маркетинг вакилларининг фикрлари билан қизиқдик.

— Ташкилотимизга 100 дона шарикли ручка керак, – дейди маркетинг бошлиғи Ҳамидбек Наврўзов.– Бунинг учун интернетдан керакли дастур орқали электрон дўконга кирамиз. Эълонларни қидириб, топамиз. Мана. Бир ярим мингдан олти мингтагача харид қилсангиз 600 сўмдан беришмоқчи. Бўлмайди. Кейинги эълонда юзта ручка сотишмоқчи, бироқ битта ручкани баҳоси тўрт минг сўм. У қиммат. Мана бунисини нархи арзон, аммо у бир йўла мингта сотмоқчи. Кейингиси 49 минг сўмга, юзта ручка сотмоқчи. Бу бизга маъқул. Танладим. Бир кундан кейин бу ҳужжат учун тўлов қилиш кераклиги ҳақидаги маълумот бухгалтерияга тушади. Кейин унга 3 фоиз гаров пули ва 0, 15 фоиз комиссион тўловлар тўланади. 46 минг сўмнинг уч фоизи бир минг 470 сўм, 0,15 фоиз эса 73,5 сўм бўлади.

Кейин аукцион ҳолатга ўтади ва 48 соат туради. Бу вақт оралиғида кимдир битта ручкани 480 ёки 450 сўмдан етказиб бериш таклифини бериши мумкин. Демак, 45 минг сўм бўлади. Унинг 3 фоизи 1350 сўм, 0,15 фоизи 67 сўму 5 тийин. Биз 49 минг сўм учун гаров ва комиссион пул тўлаганмиз. Аукционда юзта ручка учун 45 минг сўм таклиф қилган тадбиркор ютгандан кейин ортиқча тўловимиз бизга қайтиб келади ва ҳисоб-китобда «осилиб» қолади. Уни ёпгунча анча қоғоз тўлдирамиз.

Қисқа қилиб айтганда, олдин бир кунда бажарилган ишни энди ўн кунга чўзиб, битта қоғоз ўрнига ўнта қоғоз тўлдириб турибмиз.

— Агар маҳсулот ёқмаса, уни қайтариш мумкин, – дейди ҳисобчи Шариф Суяров. – Ваҳоланки, биз тўлаган пул ўн кун давомида биржанинг депозидида туради. Маҳсулотни қайтариб, жараённи бошқатдан бошлаймиз. Бу эса вақт йўқотишга сабаб бўлади. Яна бир гап. Олдин бир неча турдаги канцелярия маҳсулотлари учун битта шартнома қилинган бўлса, энди уларнинг ҳаммаси учун алоҳида буюртма керак. Шуни электрон дўконда ҳаммасини жамлаб, мисол учун, қалам 200, дафтар 400, ручка 500 сўм деб тўплам шаклида берилса, бизга ҳам осонроқ бўларди. Қизиқ жойи нимада биласизми? Биз ҳозирда биржадан олти мингга харид қилаётган дафтарни савдо дўконидан уч ярим мингга олардик. Биржа савдоларидан кимга фойда, билмайман.

— Маҳсулот харид қилиш майли, ўз йўлига, – дейди бухгалтер Шариф Сувонов. – Хизматлардан фойдаланишда бир қатор муаммолар бор. Олдинлари лифт, дизенфекция хизматлари учун йилига икки марта шартнома тузардик. Энди вазият ўзгарди. Мисол учун, электрон дўкондан лифт хизматлари учун ойига бир миллион сўмлик эълон бизга маъқул келса, шартнома қиламиз. Ўн кун муддатда ишни бажариш ва пулни ўтказиб бериш керак. Йўқса, шартнома бажарилмаган бўлади. Нима қилиш керак? Агар бирйўла 3 ёки 6 ойга шартнома тузиб, пулни ўтказиб берсак, бажарувчи иккинчи ойда келмаса ёки кетиб қолса ҳам ҳеч нарса қила олмайсиз. Сиз бажарилди, деб пул бергансиз. Яна битта йўли бор. У олти ой хизмат кўрсатгач, иш бажарилди, деб пул бериш. Лекин ҳеч ким олти ой ишлаб, кейин пул олишга рози бўлмайди. Демак, бузилган лифтни тузатиш учун устани қидириб топишимиз ва камида ўн кун кутишимиз керак.

Бу гап-сўзлардан кўриниб, турибдики, биржа савдоларидан давлат ташкилотларининг вакиллари у қадар хурсанд эмас. Улар учун бир қатор ноқулай жиҳатлари бор экан. Бу жараён ҳақида тадбиркорлар нима дейди? Шу маънода уларнинг фикрларини ҳам тинглаб кўрдик.

— Паст баҳода сотиладиган тайёр маҳсулот арзон ва сифатсиз хом ашёдан тайёрланади, – дейди тадбиркор Шукур Шуҳратов. – Албатта, сифати ҳам ўзига яраша бўлади. Расмини кўриб, харид қилган маҳсулотингизни олиб келгандан кейин сизга ёқмаслиги аниқ. Буюртмачи уни қайтаради ёки ўзига ёқадиган тарзда қайта тайёрлашни талаб этади. Ўртада муаммо чиқади. Иш судга бориб тақалган жараёнлар ҳам бўлди. Бундан ким жабр кўради, албатта тадбиркор. Судма-суд юриб, маҳсулотини сотолмай вақт йўқотади. Сифати зўр маҳсулотини арзон сотиш унга инқирозга учрашдай гап ахир.

— Менимча, бу савдолардан Товар хомашё биржасининг манфаатдорлиги таъминланади, – дейди тадбиркор Бахтиёр Сагатов. – Улар ўртада даллолга ўхшаб, йўқ жойдан маблағ ишлаб қолаяпти. Мебель тайёрлаш цехим бор. Ўзимдан қиёс: буюртмачи билан юзма-юз учрашиб, унинг талаблари ва истакларини инобатга олиб мебель тайёрлаб берсам, ҳар иккаламиз ҳам хурсанд бўламиз. У ўзига ёққан маҳсулот олганидан, биз эса яхши товар тайёрлаганимиздан. Агар ўртада учинчи одам бўлса, қолган икки тараф бир-бирини тушуниши осон бўлмайди.

– Нарх-навонинг ошиб кетишига биржа сабабчи, деб ўйлайман, – дейди тадбиркор Абулборий Восиқов. – Қизиқ, улар сифатига кафолат бермайди. Фақат икки тарафни учраштириб қўйгани учун ўртада ўзининг улушини талаб қилади. Халқимизнинг "ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир", деган мақоли уларга айтилган бўлса керак. Уларнинг хизмат ҳақи маҳсулот нархига таъсир этади. Корхонамизда тайёрланган маҳсулотни мижоз билан тўғридан-тўғри учрашиб сотсам, 5 мингга ҳам сотишим мумкин. Бироқ, биржа орқали сотаётганда камида 6-7 минг нарх қўяман. Энг қизиғи, бу савдолардан давлатга фойда келса ҳам майли эди.