Намангандаги «Foton do’stlik servis» МЧЖ Хитойнинг «Foton Motor» ширкати билан ҳамкорликда Наманган вилоятининг Поп шаҳрида «FOTON» русумли ўрта ҳажмли Хитой юк автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини бошлади. Бу ҳақда «Vodiy media» нашри хабар берди.
Қайд этилишича, умумий лойиҳа қиймати 25 миллион АҚШ доллари бўлган бу заводни жойлаштириш учун 15 гектар майдон ва бўш турган эски завод биноси ноль қийматда тақдим этилди. Ўзбекистон Республикасининг сармояси 51%, хитойлик ҳамкорларнинг ҳиссаси эса 49 % га тенг бўлган бу завод йиллик 15 минг дона «Foton Forland» ўрта ҳажмли юк автомобиллари ишлаб чиқаради. Мустақиллик арафасида илк маҳсулотни конвейердан чиқариш режалаштирилган.
Бугунгача Хитойнинг «Foton Motor» ширкатининг Ўзбекистондаги дистрибьютори сифатида фаолият юритган «Foton do’stlik servis» МЧЖ бу янги заводда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган 4 та русумдаги автомобилнинг тўла ишлаб чиқариш ҳуқуқини қўлга киритди.
Янги заводда дастлаб 100% хорижий бутловчи қисмлардан фойдаланиш кўзда тутилган бўлса, кейинчалик қисмларни муттасил равишда максимум даражада маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда.