Итальянлар — санъат ва маданият, кўҳна тарих ва фалсафа уйғунлигидаги муҳитда улғайиб, ҳар лаҳза булардан лаззатланиб яшаш ҳиссини фаҳмлаган миллат. Уларда ҳам бошқалар каби узоқ йиллар шаклланган анъаналар, одатлар бор. Қуйида шулар ҳақида баён қиламиз.
- Таом, бу — лаззат, уни истеъмол қилиш эса таомилдир.
Итальянлар овқатланиш масаласида муайян жадвалга асосан иш тутишади. Ғалати эшитилиши мумкин, бироқ бу рост. Италияликлар бунга қатъий риоя этишади. Мисол учун, тонгда бирор пишириқ тановул қилиб, қаҳва ичиш ёки ҳафтанинг бирор кунида кундузги оилавий тушликни қилиш, 17:00-19:30 оралиғида вино ёки бирор қўлбола ичимлик ичиш, 20:00-21:00 да уй ёки тамаддихонада кечки овқатни истеъмол қилиш кенг тарқалган миллий таомилдир.
Йўл-йўлакай овқатланиш, америкаликлар каби қўлида қаҳва идиши билан югуриш ёки фастфуд таомларни ейиш каби ҳолатлар итальянларда жуда бўлмаган, фавқулодда кўзга ташланадиган одатлардир.
Италияликлар учун энг яхши таом, бу — ўзингга яқин жойда, ўз тупроғингда униб-ўсган тоза маҳсулотдан, ҳозиргина тайёрланган овқатдир. Шунингдек, таом — ким биландир баҳам кўрилиши лозим бўлган ҳузур-ҳаловатдир.
Боиси шўрвани маза қилиб ичиш ва таассуротларни ўртоқлашиш — овқатни янада ҳузурбахш қиладиган, таомланиш анъанасининг ажралмас удумидир.
- Мулоқот — ижтимоий ҳаётниг ҳаракатга келтирувчи куч, суҳбат, бу — санъат.
Сиз бирор италиялик билан, ҳатто у сизни яқиндан танимаса ҳам турли мавзуда бемалол суҳбатлаша оласиз: ахир у киришимли миллат фарзанди.
Италия — нетворкинг асосида бизнес қиладиганлар учун чинакам синов майдони. Боиси мулоқот ва суҳбатни севадиган итальянлар жуда синчков ва қизиқувчан бўлишади, ҳар нарсани диққат билан ўрганишади. Улар бу кўникмага болаликдан эга бўладилар.
Мавзу диапазони деҳқончиликдан тортиб, вино тайёрлашгача, Цезардан тортиб Клеопатрага оид тарихий далиллар, Рим меъморий ёдгорликларидан то маданий-маърифий мавзуларгача бўлган соҳаларни қамраб олади. Бу суҳбатлар идрок учун озуқа, янги билимларнинг конидир. Улар доно суҳбатдошни кашф қилиб, дўстлик сарҳадларини кенгайтириш учун айни муддао.
- Ҳаёт — ниманингдир ортидан қувиш учун қисқалик қилади. Ҳаёт оддий ва уни яшаш керак.
Итальянлар ҳис-туйғу билан яшаганлари туфайли ҳам ҳамма нарсага улгурадилар. Ҳис-туйғу эса танадаги, ён-атрофдаги стресс даражасини сезиларли даражада камайишига олиб келади. Натижада, ортиқча пала-партишликлар барҳам топиб, инсон мақсад билан ҳаракатланишни ўрганади. Ярим кунлик иш кунидан кейинги 3 соатда ҳам кўп нарсага улгурса бўлади. Чунки, италияликлар фикрича, ҳиссиёт инсонни янада диққатли бўлишига сабабчи бўлади.
Баъзида "секинлашиб" қолинг. Бир муддат ёлғиз қолинг. Дейлик, уйга шошмасдан яёв бориш, сокин хиёбонда сукутга чўмиш. Бирор дўст билан шошмасдан суҳбатлашиш ҳам италияликларнинг севимли одати. Бу амаллар инсон саломатлиги учун фойдали. Инсон шошма-шошарликда кўпроқ тушкунликка тушишини инобатга олсак, секинлик руҳни яна ўзининг соғлом ҳолатига қайтаради.
- Ҳаёт моҳияти ва сифати — 1-даражали масала. Эътирозга ўрин йўқ.
Италияликлар шод-хуррамлик, ҳаётдан илҳомланиш ва лаззатланиш, уни мазмунли яшашга хизмат қиладиган одатларга алоҳида диққат қиладилар.
Бу миллат вакилларининг фикрича, тонгги газетани бир финжон қаҳва устида ўқиш, куннинг қайсидир қисмида вақтни оила билан ўтказиш, фарзанд учун вақт ажратиш, дўстлар суҳбатида бўлиш умрни янада гўзаллаштиради.
Фақат иш учун яшаш хато. Аксинча, яшашга улгуриш учун ишлаш керак. Яхши яшашга улгуриш учун, албатта.
- Ўзингизга мурувватли бўлинг. "Нега "йўқ", "ҳа" эмас?" Бу ҳаётий фалсафа.
Италия ҳавасни келтирадиган ранг-барангликка тўла. Ҳар қадамда мазали қаҳва, хушхўр ширинликлар, ўзига хос мусаллас ва таъми оғизда қоладиган музқаймоқ, киргач бирор нима харид қилмай чиқишнинг имкони йўқ қизиқарли дўконлар.
Хўш, нега бу мўъжизавий лаҳзалардан роҳатланмаслик керак? Гарчи, арзимас туйилса ҳам, буларнинг инсон бахтиёрлигидаги ўрни катта.
- Оила учун вақт ажратиш. Оила — бу қўрғон.
Пулинг тугаши, омадинг кетиши билан сен эришган натижалар саробга айланиб, сен ўзинг "забт" этган чўққидан пастга тушасан ва атрофингда оилангдан бўлак ҳеч кимни кўрмайсан.
Оила итальянлар учун бахтсизликлардан ҳимояланиш мумкин бўлган ягона паноҳ. Оила ҳар қандай вазиятда ҳам сендан воз кечмайди.
Итальян оиласи ҳар дам олиш куни кечки овқатни жамулжам бўлиб, хушчақчак, хотираларни ёдга олиб, ҳамжиҳатликда ўтказади. Шу куни узоқ қариндошлар ҳам кекса авлод вакилларини йўқлаб меҳмонга борадилар.
Бу суҳбат ва меҳмоннавозликлар оилавий ришталарнинг мустаҳкамлигига хизмат қилади.
- Болалар билан сайр одатий — манзара, муҳим таомил.
Итальянлар болажон халқ. Ҳар ерда —қимматбаҳо ресторан, гўзаллик салони, бутик ва дўконларда, хиёбонларда болалар билан юрган ота-она, бобо-бувиларни кўриб, кайфиятингиз кўтарилади. Дўкон ёки ресторанлар ҳам ташриф буюрган кичкина мижозга ҳурмат кўрсатиб, махсус стул ёки ўйинчоқ билан таъминлашади.
- Соғлом турмуш тарзи — бу ҳаёт услуби.
Шу сабабли ҳам, паста ёки пицца итальян хонимининг қад-қоматига ўз таъсирини ўтказа олмайди. Бир итальян йил давомида ўртача 26 кг паста истеъмол қилади. Аммо дерли барча италияликлар "М", яъни ўртача ўлчамдаги кийим-кечак кийишади.
Италияда диетадаги кишини учратиш қийин. Улар одатланган овқат таркибининг ўзи тайёр диета. Италияликлар овқатланишда бир нечта оддий қоидаларга риоя этишади: сабзавот, оқсилга бой маҳсулотлардан тайёрланган овқатлар, мева тановул қилиш соғлом овқатланиш қоидаларидан.
Саломатликнинг яна бир жиҳати жисмоний ҳаракат билан боғлиқ. Улар яёв ёки велосипедда юришни хуш кўришади. Машинадан эса мақтаниш воситаси эмас, олис масофага боришда фойдаланилади. Бозор ёки харидга чиққанда ҳам, итальянлар машинасиз боришни афзал кўришади.
- Кийим — инсон безаги, алоқа ўрнатиш воситаси.
Итальянлар атрофдагларда қандай таассурот уйғотишларидан ташвишланадилар. Ва, яхши биласизки, бу ижобий фазилат. Шу сабабли, улар ҳозир боришни кўзлаган манзил ва маросимдан келиб чиқиб, кийинадилар.
Ёзда Рим ёки Флоренция марказида енги калта иштон, сланцы, футболка кийиб юрган кишига дуч келсангиз, у итальян эмас, сайёҳ.
Яхши ва самимий кийиш инсоннинг ўзига ва ён-веридаги одамларга бўлган ҳурматининг ифодаси.
- Яхши хулқ ҳаётни янада дилкаш қилади.
Қаерга борманг, жилмайиш ва ўша ердаги одамлар билан мулойимлик билан сўрашишга одатланинг. ижоз сифатида ҳам бирор жойга кирсангиз, у ернинг ҳар бир ходими сиздан ҳол сўрайди.
Ким биландир гаплашаётганда унинг кўзларига қараб жавоб қайтаришга тўғри келади. Кимдир сизга бехос урилиб кетса, сиз биринчи бўлиб кечирим сўранг. Шунга ўхшаш майда-чуйда вазиятларда муросали бўлинг. Ким учундир булар усти ялтироқ феъл-атвор бўлиб кўриниш мумкин, бироқ улар билан ҳаёт янада гўзалдир.