Кутубхона

Муҳаббат – инсон феъл-атворининг мувозанати

Талабаларга инсон феъл-атвори хусусида маъруза ўқиётган устоз уни қизиқиш билан тинглаётган залга мурожаат қилди:

"Инсон феъли – мураккаб руҳий-жисмоний ҳаракат. Бир қарасанг, инсон дунёдаги энг олижаноб мавжудотдек. Лекин, шундай ҳолатлар ҳам бўладики, олдимизда ҳар қандай ваҳший жонзод ҳам ип эша олмай қолади. Айтинглар-чи, нега кўпчилигимиз жаҳлимиз чиққанида бақироқ бўлиб қоламиз?"

"Боиси, жаҳл бизнинг хотиржамлигимизга барҳам беради!"

"Жаҳл келса, ақл кетади! Ўзимизни назорат қила олмаймиз!"

"Бақирганда фикрни етказиш осондек туюлади!"

Савол юзасидан кўплаб жавоблар айтилди.

"Лекин, ёнимиздаги одамга бақиришнинг нима ҳожати бор? Унга ҳаммасини босиқлик билан, паст овозда тушунтирсак ҳам эшитади-ку! Жаҳлимиз чиққани сайин овозимиз ҳам баландлаб бораверади," яна аудиторияга юзланди устоз.

Тағин аудиторияда турли жавоблар янгради. Қўлларини чалиштириб, иягини ўнг қўлининг бош бармоғига суяганча устоз жавобларни сукут сақлаб тинглади ва яна давом этди.

"Жаҳл отига қамчи урганлари сайин одамлар бир-бирларининг овозларини эшитишга қийналадилар, улар яна ҳам қаттиқроқ бақира бошлайдилар. Чунки жаҳлнинг домига тушган одамларнинг қалблари тобора йироқлашади. Узайиб бораётган масофани қисқартириш, фикрларини бир-бирларига етказиш учун улар бақиришга киришадилар."

Маъруза зали сукутга чўмган, тингловчиларнинг диққати устозда эди.

"Хўш, айтинглар-чи, меҳр-муҳаббат оғушидаги икки қалбнинг суҳбатлашиши учун масофалар дахл қила оладими? Йўқ! Чунки, уларнинг диллари яқин," устоз жавобини изоҳлади.

“Модомики уларнинг муҳаббати мустаҳкамланса, нима бўлади? Улар шивирлаб, паст товушда суҳбатлаша бошлайдилар. Агар муҳаббатлари юксалиб, чинакам ишққа айланса, ҳатто гапиришга ҳам ҳожат қолмайди. Сабаби, энди улар бир-бирларини нигоҳларидан уқа бошлайдилар. Инсон болалари бир-бирларидан олислашиб кетмасликлари учун муҳаббатга муҳтожлар. Муҳаббат – инсон феъл-атворининг мувозанатидир,” хулоса ясади устоз.