Биласизми?

Молия вазири ҳамма тенг солиқ тўласа адолатдан бўлишлигини таъкидлади

2 июль куни Тошкентда Халқаро пресс клубда "Ўзбекистон Республикаси янги солиқ концепцияси" мавзусида сессия бўлиб ўтди. Cессияда Ўзбекистон бош вазирнинг ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров, Иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев, Давлат солиқ қўмитаси раиси Бегзод Мусаев, Давлат божхона қўмитасининг биринчи ўринбосари Жасур Арипов, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари Гўзал Исломова, Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов спикер сифатида қатнашдилар.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ўтган ҳафтада президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган тарихий ҳужжат — Ўзбекистон янги солиқ концепциясининг аҳамияти ҳақида фикрларини билдирди.

Жисмоний шахслардан олинадиган солиқлар

Солиқ концепиясининг иккинчи аҳамияти аҳоли даромадларини солиққа тортиш, иш ҳақи жамғармаси ўзгариш бўлмоқда. Энг асосий масала — молияга тушадиган аҳолини легаллаштириш.

"Бир рақам келтираман, бугунги кунда Ўзбекистонда 13 млн киши меҳнатга лаёқатли бўладиган бўлса, бизда жисмоний шахслардан олинадиган солиқ тўловчилар, яъни ИНН рақами бўйича солиқ тўлаётганлар бор йўғи 4,6 млн кишилар. Энди иккинчи томондан, бизда нечта одам пенсия олади деб сўрасангиз. Мен сизга айтаманки 3,3 млн, демак 4,6 млн одам 3,3 млн пенсионерни пенсиясини таъминлаши керак. Бу кўпми ками? Яъни 1,5 та ишловчи, битта пенсионерни боқиши керак. Бундай кўрсаткич Европанинг энг қариб бораётган мамлакатларига хос, бу Италия, Австрия деймиз. Бизда ёш миллат бўлишига қарамасдан мана шундай аҳвол. Демак, шунинг учун муҳтарам президентимиз қарор қабул қилдиларки, иш ҳақи жамғармасида солиқни кескин камайтириш, шунинг ҳисобига иш берувчи ва ишловчининг ҳам меҳнатини яширмаслиги, беркирмаслиги олдини олиш, шунга шароит яратиш. Бунинг эътибор берсангиз, ставкада 12 фоиз ишловчи, 12 фоиз иш берувчи тўлайди. Бу ўзича америкача тамойил, мутахассислар яхши билишади. Америкада ҳам иш ҳақи жамғармасидан тўланадиган солиқлар айтадиган бўлсак ёки пенсия суғурта тўловлари айтадиган бўлсак 50-50 тўланади", — дея ўз фикрини билдирди бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров.

Тадбиркорларни солиққа тортиш тизими

Бош вазир Жамшид Қўчқоров ўз нутқида яна бир муҳим масалага эътибор қаратди. Бу масала — тадбиркорларни солиққа тортиш тизими тартибга келтириш.

"Асосий солиқ тўловчилар учун бир хил шароит яратиш, ҳамма тенг солиқ тўлаши керак. Албатта кимгадир солиқ юки ошади, буни очиқ тан олишимиз керак. Лекин бу адолатдан. Бу солиқ тизимининг асосий тамойилларидан бири бу — адолат. Бир хил даромад олиб, икки корхона икки хил солиқ тўлаши мумкин эмас. Солиқ тизими одамлар яшаш психологияси, философиясидан келиб чиқиши керак. Демак, одамзод пайдо бўлибти доим адолатга интилади, шундан келиб чиқиб, солиқ тизими адолатли бўлиши керак. Менда катта корхона, 30 млн доллар активим бўлсада, мен кичик корхона деб 199 кишилик одам қилиб қўйиб, кейин ҳамма фаррош ва ҳоказоларни аутсорсинга бериб, мен ўзимни малий корхона деб 5 % тўлашим керак. Бу албатта нотўғри. Булар кўпроқ тулайди, демак, бугун ҳозир кимдур аюханнуз солиши мумкин — бизга солиқ тўлови ошди. Ҳа ошди, буни очиқ ойдин айтишимиз керак. Лекин 1 январдан бошлаб насиб бўлса, адолат бўлади. Адолат бўладики, солиқ ҳамма учун бир хил, чунки ҳаммамиз баравар мактабдан фойдаланамиз, ҳаммамизнинг хавфсизлиги таъминланади. Шу нуқтаи назардан адолат масаласини айтиб ўтсак. Буни ҳам бир овоздан айтяпти халқаро экспертлар ва ички экспертлар ҳам, ҳаттоки кўриб турибман, улар шу бугун ягона солиқ тўлаяпти, лекин улар ўзлари айтишяпти, буни тўхтатила — бу адолатдан эмас дейишяпти. Бу кишилар ўзлари адолатга интиляпти. Чунки умуман олганда узоқ истиқболни оладиган бўлсак, улар учун янги киритиладиган тартиб мақсадларига мос келади", — дея ўз фикрини билдирди Жамшид Қўчқоров.