“Бугун саломатлик ҳақида гапирганда касалхоналарнинг барчаси руҳий тушкунлик сабаб хасталанган одамлар билан тўлиб-тошганини унутмаслик керак”, деган эди Дейл Карнеги.
Инглиз тилида “стресс” сўзи босим, кучланиш, танглик маъноларини англатади ва бу организмнинг жисмоний ёки руҳий мувозанатдан чиқарувчи кучли ташқи таъсирга бўлган жавобидир.
Ривожланиши юқори бўлган давлатларда тушкун кайфиятдаги инсонлар миқдори ҳам юқори бўлар экан. Айниқса, уларнинг аксариятини эркаклар ташкил этади. Бу давлатларда аҳолининг 77 фоизи стресс симптомидан азобланади. Уларнинг 48 фоизи стресс ҳаётларига салбий таъсир ўтказишини тан олади. Тушкунликдаги одамларнинг 54 фоизи эса руҳиятидаги сиқилиш уларнинг яқинлари билан ўзаро жанжалларни юзага келишига сабабчи эканини айтишади.
Стресс гипертония (қон босими юқорилиги) меъда яраси касаллиги, қандли диабет, миокард инфаркти, бронхиал астма, тиреотоксикоз, невроз кабиларнинг сабабчисига айланиши мумкин.
Сурункали руҳий зўриқиш туфайли танадаги адреналин ва кортизол миқдори меъёрдан ортиб кетади. Кортизол миқдорининг узоқ муддатли ошиб бориши қандли диабет, юрак хасталиги, юқори қон босими, саратон, меъда-ичак тизимида яралар, нафас олиш йўллари касалликлари, экзема (темиратки) ва псориаз каби касалликларнинг эртароқ пайдо бўлишига олиб келади. Бироқ, стресснинг энг зарарли таъсирларидан бири юрак хуружидир. Тадқиқотларда кузатилишича, тажовузкор, сабрсиз, рақобатчи ҳамда тажанг одамлар анча кўп юрак хуружига йўлиқишади.
Хулоса қилиб айтганда, стресс инсоннинг табиий ички мувозанатига беҳад зарар етказади.
Стресс сабаблари:
- Иш жараёнидаги босим
- Пулсизлик
- Саломатликдаги муаммолар
- Ким биландир ўзаро муносабат
- Носоғлом овқатланиш
- Интернет, ижтимоий тармоқ, телевидение
- Адреналин етишмаслиги ва тушкунлик гормонлари сабаб яхши ухлай олмаслик
Руҳий зўриқишнинг белгилари:
– оғиз бурчакларидаги тери ёрилишига сабаб организмда В6 витамини етишмаслигини билдиради. В гуруҳ витаминлари асаб тизими саломатлиги учун жуда муҳим бўлиб, у кайфият, эмоционал ҳолат, уйқу ва тетиклик алмашишига катта таъсир қилади.
– Тишларни ғичирлатиш сурункали стресс оқибати бўлиши мумкин. Яна бу ҳолат В5 витамини етишмаслиги туфайли ҳам кузатилади.
– Тирноқлардаги оқ доғлар организмда рух элементи танқислиги белгиси бўлиб, у асаб тизимининг ҳолатига катта таъсир қилади.
– Беморда ич кетиш ва қабзият алмашиб туриши эса организмда магний етишмаслигидан далолатдир. Стресс пайтида бу элемент кўп сарфланади. Киши тез асабийлашади, унинг мушаклари, қорни оғрийди. Уйқусизлик билан бирга беморда юқорида кўрсатилган белгилар учрайди.
– Қўл ва оёқларда катта бўртган тошмаларнинг пайдо бўлиши А ва Е витамини етишмаслиги сабаблидир.
– Руҳий зўриқишда организм С витаминини ҳам кўп сарфлайди. Милклар қонаши ушбу витамин етишмаслиги белгисидир.
– Томоқ ва нафас йўлларининг тез-тез яллиғланиши ҳам асаблар таранг бўлганда кузатилади.
Стресс хотира йўқолишига сабаб бўладими?
Сиз стрессга тушиб қолганингизда танангиз кортизол деб номланган гормонни ишлаб чиқаради. Бу гормоннинг асосий вазифаси ҳаёт учун муҳим саналган аъзоларга кўпроқ энергия етказиб беришдир. Бунга сабаб руҳий зўриқиш пайтида танадаги муҳим аъзоларга ортиқча юклама тушади ва уларга катта энергия керак бўлади. Доимий ёки ҳаддан ортиқ бундай ҳолатга тушиш миямизни “ўчириб қўяди”. Фикрлашга таъсир қилади, хотирани сусайтиради ва миямиздаги асаб ҳужайраларини нобуд қилади.
Нима қилиш керак?
- Бундай ҳолатда шифокор назоратидан ўтиш керак.
- Сизни айнан нима шу ҳолатга солаётганини кузатинг ва иложи бўлса, улардан буткул халос бўлишга ҳаракат қилинг.
- Кун давомида дам олишга ва ҳордиқ чиқаришга вақт сарфланг.
- Ўзингизга ёқадиган бирор бир иш билан машғул бўлинг.
- Табиат қўйнида сайр ҳам стрессни камайтиради.
- Ўзингизга ёққан машғулотларга катта эътибор беринг.
- Тунда тиниқиб ухлаш, йога машғулотлари ёки оддий нафас олиб чиқариш ҳам стресснинг олдини олади.
Доимо соғ-саломат бўлинг!