“Космик кемалар коинотни кезиб юрган”, қолаверса, компьютерлашган ҳайдовчисиз автомобиль ва электромобиллар ҳаётимизга кириб келаётган пайтда энг ҳаммабоп, камчиқим транспорт воситаси велосипед назардан четда қоляптими? Йўқ.
Биз келажак велосипеди номини олишга муносиб инновацион велорусумлар ҳақида маълумот йиғдик. Бундай велосипедларга фақат ҳавас қилиш мумкин.
Велосипед тузилиши жиҳатдан оддийлик ва мукаммаллик рамзидир. Шу сабабли, беҳуда янгилик яратишга уринаётганларга “велосипедни бошқатдан ихтиро қилма”, дея танбеҳ берилади.
Бироқ қуйидаги велосипедлар муаллифлари бу танбеҳни қулоғига олмаган кўринади. Улар, ҳақиқатан, велосипедни такомиллаштириб, янада қулай, хавфсиз, тезкор ва пухта ҳолга қайта дунёга келтиргандир.
Gi FlyBike
Gi FlyBike йиғиладиган велосипедларнинг энг биринчиси ҳисобланади. Транспорт воситаси кўз ўнгимизда бир неча сониядаёқ кўтариб кетиладиган ихчам қурилмага айланади. У энг енгил материаллардан ясалган бўлиб, 17 кг тош босади. Бундай велосипед билан жамоат транспортида юришингиз, автомобиль юкхонасига ёки иш жойингизнинг бир четига тахлаб қўйишингиз мумкин. Gi FlyBikeни уч хил режимда минса бўлади: оддий, гибрид ва электр режими. Электр қуввати 60 км йўл босишга етади.
OKO
Углерод толасидан ишланган рамасини велосипеднинг ўзига хослиги дейиш мумкин. Барча электр механизмлари раманинг ичида жойланган. Ҳайдаш режимига қараб йўл захираси 45 кмдан 64 кмгача етади. Тезлиги 30 км/соат. ОКО велосипедини Данияда 1600 еврога харид қилиш мумкин.
Otocycle RacerR
“Отоцикл” деганлари келажак велосипедидан кўра кўпроқ ҳаваскор конструкторнинг иш маҳсулига ўхшайди. Бироқ бунда эски услубдаги дизайн билан харидор эътиборини тортиш ҳийласи ишлатилган. Бортидаги замонавий механизмлари воситасида тўла заряд билан 25 км/соат тезликда 64 км йўл босиши мумкин
Genze
Genze механикасининг оддий велосипеддан фарқи йўқ. Шунинг учун исталган вақтда электр симини узиб қўйиб тепкини айлантириб ҳайдаб кетаверасиз. Бироқ “омихта режим”да ҳайдаганга етмайди, бунда велосипедчининг оёғига моторча ёрдамлашади. Агар велосипедчи тамоман чарчаса, тўла электр режимига улаб ҳаракатни давом эттиради. Велосипед роппа-роса 30 км йўл босгач, аккумуляторни ечиб олиб 4 соат зарядланади.
MoDe:Flex
MoDe:Flex бизга яхши таниш Ford компаниясининг концепти бўлиб, ўтган йилнинг ёзида намойиш этилган. Ушбу велосипед Европанинг автомобиль қатнови тақиқланган кўчаларида ҳайдаш учун махсус ясалган. Йиғилувчи бу “велик” юкхонага бемалол сиғади, кўз очиб-юмгунча транспорт шаклига киритиб, автомобилни бирор жойга қўйиб, йўлни велосипедчан давом эттирсангиз бўлади. MoDe:Flexга замонавий навигацион тизим ўрнатилган бўлиб, об-ҳаво, тезлик, манзилгача қолган масофа ва заряд тўғрисида хабардор қилади.
Leaos Solar
Электрли велосипед ҳақида гап кетганида дарҳол йўл захираси суриштирилади. Leaos Solar велорусуми ихтирочилари бу масалага ўзига хос ечим топган. Номидан маълумки, велосипед қуёшдан озиқланади. Қуёш панеллар йўл давомида қувватланаверади. Тўғри, йўлда уни тўла зарядлаб бўлмайди, аммо йўл захирасини бир оз ошириш мумкин.
Wi-Bike
Wi-Bike ихтирочилари аккумуляторни яширмасдан, кўзга ташланадиган жойга ўрнатган. Батарея ўлчами каттагина бўлгани учун йўл захираси 120 кмга етади. Махсус смартфон иловаси ёрдамида Wi-Bike турган жойни GPS воситасида кузатиш, сарфланган энергияни ҳисоблаш, ҳаттоки, босиб ўтилган йўл ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали ҳисобот бериш мумкин.
Бу велосипедлар сизга ёқдими? Ёки серчиқим ва бесўнақай, газ билан ҳавони булғайдиган машинангизни миниб юраверасизми?
lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди