Кўп йиллар бурун, ҳали ташкилот ва муассасалар ўз бизнесларини иерархия (қуйи мансабдорларнинг юқори мансабдорларга босқичма-босқич бўйсуниши) модели асосида ташкил этган вақтларида, гарчи кимгадир бўйсуниб яшаган бўлса ҳам, адолатли ва ҳалол инсонлар саноат даври бизнесининг йирик йўлбошчилари ҳисобланишган. У даврлар ортда қолди. Бугунги куннинг муваффақиятли раҳбарлари, айниқса, жадал ривожланаётган глобал аҳамиятга эга компанияни бошқараётган лидерлар феъл-атвор учун энг муҳим бўлган бир сифатга эга бўлишлари керак, бу – англаш ёки тушунишдир.
Бизнинг кунларимизга келиб, бизнесда бошқарув эркин бўлди ва компания нуфузи ҳамда муваффақияти бир қанча омилларга, жумладан раҳбарнинг маҳорат ва қобилиятлари билан чамбарчас боғланмоқда.
Аммо жамики кўникма ва билимларни ўзида мужассам қилган бундай кишини учратиш амри маҳол. Боиси бугунги бизнесда вазифалар қамрови жуда кенг: техник ва жаҳоншумул ҳамда иқтисодий масалалар, маъмурий бошқарувдан тортиб, умумий раҳбарликкача, шу билан бирга фаолиятнинг меҳнат билан боғлиқ ва юридик жиҳатлари ва бошқа-бошқалар бўйича билимлар чегараси ҳадсиз.
Гарчи, чинакам лидер бу масалаларни икир-чикиригача англаб етишга ожизлик қилишини тушуниб етса ҳам, йўлбошчи бўлиш, муваффақиятга эришиш учун илк қадамни ташлашга ўзида жасорат топа олади. Унинг ютуғи, феълининг муҳим белгиси ҳам ана шу журъатда намоён бўлади.
Ўз хулқ-атворини, куч-ғайрати ва ваколатларинии аниқ-тиниқ тушуниш (устига устак, булар билан бирга ҳиссий ақл эгаси бўлиш ҳам нур устига аъло нур) энг мушкул вазифа эканини ҳисобга олсак, турли вазиятларда ўз ҳис-туйғусини назорат қила олиш чинакам устомонликдир.
Сўзга эътиборли бўлиш, ҳар бир сўзни ўрнида ва усталик билан ишлатиш, синонимлардан фойдаланиш, фикрни рамзийлик билан ифодалаш, юморни унутмаслик раҳбарнинг мисоли олтиндан қуйилган бебаҳо тагзаминидир.
Бу каби фазилатлар инсоннинг нафақат оилавий ёки турмуш давраларида, балки ишда, муҳим учрашувлар ўтадиган йирик залларда, расмий суҳбатларда ҳам ўзини тутиши билан боғлиқ юзага келадиган вазиятларда ижобий муҳит ёки фикр шаклланишига хизмат қилади.
Бу ерда гап инсоннинг ноқулай шароитда ёки ўз салоҳияти, хоҳиши ва билимидан ташқарида бўлган масалага, камчилик ва ютуқларга юзма-юз келганида намоён бўладиган шахсий феъл-атвор ҳақида кетмоқда.
Шундай етакчи раҳбарлар борки, улардан баъзилар камчиликларни қабул қилишга тайёр бўлишса, бошқалар уларга қарши курашадилар ва қайсидир раҳбар эса мавжуд муаммога халқаро консалтинг компанияси ёрдамида ечим топишга ҳаракат қиладилар.
Бунинг қуйидаги сабаблари бўлиши мумкин: 1) атрофдагиларни бу ишга киришишга жалб қилиш; 2) ўзини ожиз ҳисоблаганларга шу йўл орқали истеъдодларини англашларига имкон бериш.
Шунингдек, қуйидаги уч фазилат бизнесда етакчи бўлишни истаган тадбиркорлар учун жуда керакли жиҳатлардир.
Омилкорлик. Тадбиркор инсонлар иш ёки муваффақиятни деб ўзини ишга кўмиб ташламайди, очкўзларча ўзларини ўққа-чўққа урмайдилар. Улар омилкор бўладилар: улар атрофларида мавжуд талаб ва эҳтиёжга диққат қиладилар. Ундан сўнг пишиқ-пухта режа асосида ҳаракат қиладилар. Гарчи, улар режага баъзи ўзгартиришлар киритсалар ҳам, бош мақсад – фойда кўриш фикри уларнинг ёдида туради.
Аҳамият касб этиш. Тадбиркорликнинг ҳадисини олган ишбилармон шунчаки ном ёки пул учун ҳаракат қилмайди, у компания аҳамияти ва хизматларнинг қадр-қимматни ошириш йўлларини ҳам қидиради. Одамларга чиндан зарур ва улар оғринмасдан пул тўлайдиган хизматларни кўрсатиш орқали компания жамиятда аҳамият касб этади. Айниқса, ижтимоий соҳада хизмат кўрсатиш учун бу жуда муҳим.
Тоқатсизланмоқ. Шубҳа йўқки, сабр эзгулик фазилати. Аммо тадбиркорлик масаласида хизмат кўрсатиш сифатини оширишда сабр қилиб ўтириш ярамайди. Айниқса, бугун – мижоз тезкорликни афзал кўрган, хизмат юзасидан ўз муносабатини дақиқалар ичида ижтимоий тармоқлар орқали ўртоқлашаётган бир маҳалда тадбиркорнинг сабр билан иш қилиши ўзига қимматга тушиши мумкин.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, шахсий феъл-атвор раҳбар, лидер муваффақиятига ҳар жиҳатдан ўз таъсирини ўтказади. Компанияни пул ёки раҳбар эмас, хулқ-атвор бошқаради.
Эслатма: Маршалл Голдсмит бизнесда муваффақиятга эришиш, омадли инсонлар ҳаётини тадқиқ қилиш бўйича таниқли муаллифлардан биридир.