Ўзбекистонда асосий истеъмол товарларининг ўрта даражадаги нархи май ойида 0,6 фоизга камайди. Бу ҳақда, Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотларда маълум қилинган.
Республика истеъмол бозоридаги нархларнинг ўзгаришини мунтазам кузатувчи Марказий банк маълумотларига кўра, май ойининг дастлабки тўрт ҳафтасида кузатув остида бўлган товар ва хизматлар гуруҳининг жами нархи 0,6 фоизга арзонлашган, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,1 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари — 0,9 фоизга арзонлашган бир пайтда, хизматлар 1 фоизга қимматлашган.
«Нархлар динамикаси, асосан, сўм курсининг мустаҳкамланиши, ташқи савдо шартлари ва рақобат муҳитининг яхшиланиши, истеъмол бозорига янги сабзавот маҳсулотларининг кириб келиши каби омиллар таъсирида шаклланди. Барқарорликнинг энг муҳим омилларидан бири аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг инфляция талабларини босқичма-босқич пасайиши бўлган», — дейилади хабарда.
Марказий банкнинг таъкидлашича, озиқ-овқат баҳосининг умумий пасайишига қарамасдан, ушбу гуруҳ ичидаги нархлар динамикаси турли характерга эга.
Бозорга янги помидор, бодринг ва картошкаларнинг кириб келиши улар нархининг тегишли равишда 63,8 фоиз, 30,2 фоиз ҳамда 27,2 фоиз пасайишига олиб келди. Шунингдек, сариёғ нархи 2,4 фоизга, товуқ гўшти — 1,3 фоизга арзонлашган.
«Ўз навбатида, гуруч нархи 16,7 фоизга қимматлашди. Ўтказилган сўровларга кўра, гуруч нархининг ўсишига ўтган йилларга нисбатан суғориш сувларининг етишмаслиги, йилнинг қуруқ келганлиги сабаб бўлган», — дейилади Марказий банк хабарида.
Шу билан бирга, гўшт маҳсулотларида, хусусан, мол ва гўшт маҳсулотлари тегишли равишда 5 фоиз ва 3,7 фоизга ўсиш кузатилган.
«Мазкур соҳадаги мутахассислар ва фермерлар орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, гўшт нархининг ўсишига ем-хашак чакана нархининг кўтарилиши, шунингдек, яйловларнинг камлиги сабаб бўлган», — дея аниқлик киритилади хабарда.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, маиший техника ва шахсий гигиэна маҳсулотлари нархи ташқи савдо ҳажмини ошириш шароитида ўргарди. Бунда телевизорлар нархи 8 фоизга, чангютгичлар — 4,4 фоизга, музлаткич ва электр чойнаклар —1,8 фоизга, совун — 3,5 фоизга, шампунь — 1,9 фоизга арзонлашган.
Жорий йилнинг апрель ойида табиий газга бўлган тарифларнинг ошиши автомобиллар ва йўловчи ташиш бўйича хизматлар нархининг ошишига олиб келган.
Республиканинг алоҳида ҳудудларида нархнинг сезиларли даражада ошгани ҳисобига шаҳар автобусларида ҳаракатланиш нархи ўртача 13,7 фоизга, автотранспортларда юк ташиш эса — 1,6 фоизга қимматлашган. Шунингдек, тиббий хизматлар тарифларида ҳам 2,4 фоизга ўсиш кузатилган.