Саломатлик

Лейкемия – қон саратони нега оммалашмоқда? Лейкемияга қарши маҳсулотлар ...

Лейкемия – қон саратони. Бу хасталик қон ва илик таркибида ривожланмай қолган қон тўқималарининг ҳаддан зиёд кўпайиб кетиши туфайли келиб чиқади. У оғир (тўсатдан) ёки сурункали кўринишларда бўлиши мумкин. Аксари ҳолларда унинг ўткир кўринишидан болалар азият чекишади. Сурункали кўриниши эса танада узоқ вақт ривожланиб, кейин сезилади.

Уни маълум маънода “тараққиёт касаллиги” ҳам дейиш мумкин. Шифокор ва мутахассисларнинг фикрича, ҳаво ифлосланиши, маҳсулотларнинг таркиби  зарарли кимёвий моддаларга бойиб бориши, атроф-муҳитдаги радиация, қаттиқ қўрқув оқибатида бу хасталикка чалинаётганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Булар ҳозирча тахмин. Аммо бу хасталик ҳар жиҳатдан ривожланган мамлакатларда кўп учрамоқда. Мисол учун, АҚШда ҳар 4 дақиқада 1 беморга лейкемия ташхиси қўйилар экан.

Лейкемия 3 кўринишда бўлиши мумкин. Биринчисида, саратон қонда ҳам, иликда ҳам бўлади. Иккинчисида, лимфа – организмда қон билан тўқималар ўртасида модда алмашинувини таъминловчи суюқлик зарарли тус олиб, тизимни заҳарлайди. Учинчи кўринишда эса иликда зарарли ўсма, шишлар пайдо бўлиб, қон плазмасини заҳарлайди.

Экспертларнинг маълумот беришича, эркакларнинг бу касаллик билан оғриш даражаси аёлларга қараганда 31 фоиз баландроқ. АҚШда ҳар 10 дақиқада бир киши мазкур хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмади. Бу касалликни келтириб чиқарадиган аниқ сабаб маълум эмас. Аммо, оғир чарчоқ, тушкунлик, носоғлом турмуш тарзи, камқонлик, инфекциялар, суяк оғриши, зарарли маҳсулотлар лейкемияни келтириб чиқариши тахмин қилинади.

Соғлом овқатланиш лейкемиянинг олдини олишнинг энг осон йўлидир. Танага керакли миқдордаги дармондориларни етказиб бериш қон таркиби учун ҳам жуда муҳим.

Мева ҳамда сабзавотлар – буларнинг таркибида юқори миқдорда танадаги заҳарли моддаларга қарши курашувчи витаминлар мажвуд. Улар саратонга бош сабабчи деб тахмин қилинаётган қон-томир тизимининг яллиғланишига йўл қўймайди.

Дон-дунлар – бу маҳсулотлар таркибида юқори миқдорда ҳужайраларни бириктирувчи тўқималар бўлади. Бу тўқима қонда кейинчалик саратон тўқималарига айланиши гумон қилинаётган токсинларни ҳам танадан ҳайдаб чиқаради.

Оқсилга бой маҳсулотлар – тана кучли бўлиши учун уни кўпроқ оқсил билан тўйинтириш керак. Мол, қўй, парранда, балиқ гўштлари, тухум кўпроқ истеъмол қилинг. Ёғли гўштлардан тийилган маъқул.

Ёғли балиқ – балиқ гўшти оқсилга бой манбаа. Скумбрия, лосось каби ёғли балиқлар таркибидаги омега-3 ёғ кислотаси нафақат қон айланишини яхшилайди, шу билан бирга саратон хавфини ҳам камайтиради.

Фойдали бактерияга эга маҳсулотлар – йогурт, кефир, сузма, творог каби фойдали бактерияларга бой маҳсулотлар инсон иммун тизимига ёрдам бериб, шамоллаш, грипп, ичак шамоллаши, аллергия ва диарея касалликларининг олдини олади, касалликдан сўнг организмнинг қайта тикланишини тезлаштиради. Асосийси – улар овқат ҳазм қилиш тизими соғлом бўлишида муҳим ўрин тутади.

Доимо соғ-саломат бўлинг!