Иш

Кўчанинг овқати ёхуд эркак ишхонага тушлигини олиб борса уятми?

“Маърифат” газетасида ишлаб юрган вақтларим бир нарсага кўп эътибор берардим: аёл ходимлар ҳар куни ўз тушлигини уйидан кўтариб келишар, уни таҳририятдаги музлаткичда сақлаб, тушлик маҳали микротўлқинли печда иситиб тановвул қилишади. Бу ҳолатни бошқа ишхоналарда ҳам кўп учратдим. Ваҳоланки аксарияти рўзғорда турмуш ўртоғига ёрдамлашиш учун ишлашади холос, оилани боқиш, фарзандларни еб-ичиришу катта қилиш уларнинг гарданида эмас. Шундай бўлса ҳам эркаклар қатори бир хилда ойлик олсалар ҳам тежамкорлик қилишади. Биз эркакларчи? Ҳам оила боқиш, ҳам ўз сарф-харажатларимизни қоплашимиз керак. Бир кунда энг камтар тушлик 5-6 минг, ўртамиёнаси 8-9 минг сўмдан тушади. Устига-устак, ҳафтада бир шоҳона таомни кўнглимиз тусаб, “Зиғир оши”ми, “Бешбармоқ”қами боргимиз келиб қолади. Камида 15-20 мингга тушиб “камбағалнинг бир тўйгани – бой бўлгани”, деб ўзимизни овутиб ишга берилиб кетамиз. Шу туришда тушлик учун бир ойда қанча харажат қилишимизни ҳисоблаб кўрайлик-а: энг камсуқум тушлик қилганда ҳам ҳафтасига беш кун ишласак, ойига ўртача 120 минг сўм, ўртамиёнасида эса 170-180 минг сўмни сарфлаб юборамиз. Ҳафталик “шоҳона” тушлик, ойда бир-икки чойхонаю зиёфатларни қўшсак, маошимизнинг қанчасини тушликка ишлатиб юбораётганимиз аён бўлади. Хўш, нима учун эркаклар ҳам тушлигини ўз уйидан олиб бориш одат тусига кирмаган? Ахир бутун дунёда, ҳаттоки энг ривожланган Амриқою Оврўпада ҳам уйида тайёрланган егуликлар билан тушлик қилиш ишхоналарда одатий ҳолку. Бунга нималар тўсқинлик қилаяпти? Андишами? Ишхонада овқатни сақлаш ёки иситишнинг имкони йўқми? Ёки таом солинган идишни кўча-кўйда кўтариб юришдан эринасизми? Пластикдан тўлаяпманку, деб ҳам ўзингизни овунтирарсиз. Аммо нақтми, пластикдами, барибир пул – тўловга лаёқатли. Тушликдан тежалган пулларни йиғиб борсангиз, бир йилда яхшигина жамғармага эга бўласиз ахир. Шу сабаб тушлик масаласини бир марта бўлса ҳам жиддийроқ ўйлаб кўринг. Барча сохта деворларни бузиб ташласангиз, энг камида қуйидаги фойдалар сизнинг томонингизда бўлиши аниқ:

бир ойда ўртача ҳисобда 150-200 минг сўм пулингиз тежалади (бу - бир йилда 2,5 миллион сўмгача дегани);

тушлик учун яқин-атрофдаги кафе ёки ошхонага борадиган вақтингизни тежаб қоласиз;

тежалган вақт ҳисобидан тоза ҳавода сайр қилиш, ишхонада дам олиш ёки кўпроқ вазифаларни тугаллашингиз мумкин;

таом уй шароитида, кўз ўнгингизда тайёрлангани боис мутлақо ишончли.

Кўчанинг овқатидан бир оз тийилиши фақатгина чўнтак эмас, балки саломатлик учун ҳам кони фойда агар билсангиз. Келинг, 2013 йилда ўтказилган илмий тадқиқот натижаларига диққат қаратсак. Ўшанда Торонто университети олимлари Канада ресторанларида тортиладиган 685 хил таом ва 156 турдаги десерт таркибида мавжуд бўлган ёғ, холестерин, туз ва калория миқдорини ҳисоблаб чиқишди. Якунда канадалик олимлар ресторан таомларидаги ёғ миқдори белгиланган меёърдан 90 фоиз кўп эканини аниқлашди. Шунингдек, ҳар бир таом порциясининг калорияси ўртача 1128 калорияга тенг экани маълум бўлди. Кўплаб мамлакатлар парҳезшунослари эса бир кунлик қабул қилинадиган умумий қувват 2 минг калориядан ошмаслиги кераклигини тавсия этишади. Эътибор қилинг: олимлар ҳашаматли қимматбаҳо ресторанларни эмас, балки сизу бизга мақбул бўлган ўртамиёна кафе ва ресторанларни кўздан кечиришган. Текширувлар жараёнида ресторан (ошхона) таомлари таркибидаги туз миқдори бир кунлик меъёридан 151 фоиз ортиқча экани ҳам аниқланган. Трансёғлар ва холестерин кунлик чекловдан мос равишда 83 ва 60 фоиз ортиқча экани маълум бўлди. Салатлар эса ундан ҳам кўпроқ зарарли экани ойдинлашган: айрим ресторанларда салатнинг ўртача қуввати 1370 калорияга қадар етган. Олимлар хулосасига кўра, ресторан ва ошхоналар овқатлари инсонларда семизлик, юрак қон-томир касалликларини келтириб чиқариб, саломатликка узоқ йиллар давомида салбий таъсир кўрсатиб боради.

Тадқиқот узоқ Канадада ўтказилган. Бизда эса вазият ундан ҳам аянчлироқ экани кундек равшан. Эътибор қилсангиз, ошхона ва ресторанларимизда таомга жуда кўп туз солишади. Ёғлилик даражасинику айтмасак ҳам бўлади. “Ошни ёғлироқ сузинг”, деб ҳам қўямиз. Туз ва ёғнинг ортиқчаси эса, ўзингизга маълум, саломатликка кони зарар. Лекин бу зарар секин-асталик билан, узоқ йиллар давомида шаклланади ва охир-оқибат оғир касаллик кўринишида бизни оёқдан қолдириши мумкин. Британиялик олимлар ўтказган изланишлар ҳам исботлайди. 2015 йилда BMJ Open журналида чоп этилган илмий мақолада келтирилишича, 2003 ва 2011 йиллар оралиғида Британияда умумий овқатланиш шохобчаларида таомлар таркибига қўшиладиган туз миқдорини 15 фоизга камайтирилиши эвазига мамлакатда инсульт ва инфарктдан вафот этиш ҳолати 42 фоизга, юракнинг ишемик касалликларидан оламдан ўтиш эса 40 фоизгача камайган. Ортиқча туз қон босимини кўтаради, бу эса инсульт ва инфаркт хавфини оширади. Шу боис мутахассислар истеъмол қилинаётган туз миқдорини бир кунда 1,4 граммга камайтириш орқали қон босимини 3.0/1.4 мм симоб устуни миқдорида пасайтириш мумкинлигини таъкидлашдан чарчашмайди. Бир кунлик туз миқдори эса 6 грамм ёки бир чой қошиқ атрофида бўлади.

Энди эса яна бир статистик маълумотга эътибор қаратсак: мамлакатимиздаги ўлим ҳолатлари сабаблари орасида юрак қон-томир тизими касалликлари биринчи ўринни эгалламоқда (62 фоиз). Барчамизга маълумки, биз эркаклар аёлларга қараганда қисқароқ умр кўрамиз. Юқоридаги тадқиқотлар ва изланишлар натижалари эса эркакларнинг юрак қон-томир касалликларига чалинишига кўчадан овқатланиши ҳам маълум даражада сабабчи бўлади, деган хулосани бермайдими?

Шундай экан, ўз саломатлигингиз, молиявий аҳволингиз ҳақида қайғуринг, ҳеч ким ишхонага тушлик олиб борганингиз учун сизни койиш ёки мазах қилишга ҳақли эмас. Уни ишхонага қадар кўтариб боришдан ҳам эринманг. Сизга маслаҳатим, бозорга тушиб, ихчам, мустаҳкам беркиладиган, имкон қадар пластикдан бўлмаган овқат ташувчи идиш сотиб олинг. Бир неча ҳафта тушликни уйингиздан олиб борсангиз, бунинг самарасини яққол кўрасиз, тез орада бошқа ҳамкасбларингиз ҳам андишани йиғиштириб, уйидан таом ташиши аниқ. :)