Биласизми?

“Камолот” уйлари кимларга берилади?

Ёдингизда бўлса, 2014 йил 6 февраль куни “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Қарори имзоланган эди. Мазкур Қарор асосида махсус Давлат дастури тасдиқланиб, тегишли тартибла ҳаракат режаси ишлаб чиқилганлиги ҳақида маълумот берган эдим.

Ҳаракат режасига асосан, ҳар бир ҳудудда 2 тадан 4 қаватли “Камолот” уйларини барпо этилиши назарда тутилиб, қурилиши режалаштирилаётган уйлар 48-64 та 2 хонали квартирага мўлжалланган бўлиши белгиланганлиги тўғрисида хабар берган эдим. Ҳаракат режасида таъкидланишича, қурилиши режалаштирилган уйлар “Камолот” ЁИҲ тизимидаги ходимлар ва фаол ёшлар оилаларига “Камолот” тавсиясига асосан йилига 6 % миқдорида имтиёзли кредит эвазига берилиши назарда тутилган эди.

Юқорида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 2014 йил 8 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, қуйидагилар белгилаб қуйилди:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйлар қуриш ҳамда мавжуд фойдаланилмаётган ва қурилиши тугалланмаган объектларни ёш оилалар учун кўп квартирали уйлар этиб реконструкция қилиш;

«Камолот» уйларидаги квартираларни сотиб олиш учун тижорат банклари томонидан имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш йўли билан, бошланғич бадал тўламасдан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг бўлган фоизли ставка билан (ҳозирда 9%ни ташкил қилмоқда) 20 йил муддатга, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли даврга бериш.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур Қарори асосида «Камолот»нинг кўп квартирали уйларидан ёш оилаларга квартиралар бериш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, ёш оилаларга “Камолот” уйларини бериш масалаларини кўриб чиқиш тартиби белгиланди. Ушбу Низомдан келиб чиқиб, баъзи саволларга жавоб бериб кетишни маъқул кўрдим.

kamolot_uyi

ЁШ ОИЛАЛАР ДЕГАНДА КИМЛАР ТУШУНИЛАДИ?

Ёш оилалар — рўйхатдан ўтказилган никоҳга биринчи марта кирган, «Камолот» уйларидан бирини ипотека кредити асосида сотиб олиш учун ариза берилган пайтда ҳар бирининг ёши 30 ёшдан ошмайдиган эр-хотинлар.

КРЕДИТЛАР ҚАНЧА МУДДАТГА БЕРИЛАДИ?

Квартиралар тижорат банклари томонидан сотиб олинадиган квартира қийматини тўлаш учун, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан, дастлабки бадални тўламасдан, 20 йил муддатга бериладиган имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш йўли билан мулк қилиб берилади.

БАРЧА ЁШ ОИЛАЛАР ОЛИШИ МУМКИНМИ?

Йўқ, мазкур уйлар барча ёш оилаларга берилмайди. “Камолот” уйларини имтиёзли ипотека кредитлари орқали олиш учун ёш оилалар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

  • турар жой шароитларини яхшилашга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган;
  • фан, санъат, адабиёт, спорт соҳасида ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган ёш оилалар.

КИМЛАР ТУРАР ЖОЙ ШАРОИТЛАРИНИ ЯХШИЛАШГА МУҲТОЖЛАР ДЕБ ТОПИЛАДИ?

Турар жой шароитларини яхшилашга муҳтожлар сифатида ёш оилаларни ҳисобга қўйиш қуйидаги шартлардан бири мавжуд бўлган тақдирда: а) эр-хотинларнинг номида уй-жой бўлмаса (мулкдор бўлмаса) ҳамда доимий рўйхатдан ўтиш жойи бўйича ёш оила ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз биноларда истиқомат қилаётган бўлса; б) оила аъзолари орасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ сурункали касалликларнинг ўткир шаклларидан азоб чекувчи ва алоҳида квартирада яшашга муҳтож бўлган шахслар бор бўлса.

КИМЛАР ЮКСАК НАТИЖАГА ЭРИШГАН ДЕЯ ТОПИЛАДИ?

Қоидага кўра, давлат мукофотлари, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиблари, нуфузли халқаро ва республика мусобақалари, танловлар ва олимпиадалар совриндорлари фан, санъат, адабиёт, спорт соҳасида ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган, давлат идораларида сермаҳсул хизмат қилаётган ёшлар “юксак натижага эришган” дея топилади.

“КАМОЛОТ” УЙЛАРИНИ ОЛИШНИНГ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

  1. Турар жой шароитларини яхшилашга муҳтожлар сифатида ёш оилалар ҳисобга олинади (“Камолот” ЁИҲ томонидан); 2. Ҳисобга олинган ёш оилаларга имтиёзли ипотека кредити ажратиш учун «Камолот» ЁИҲ Марказий кенгаши томонидан махсус тавсиянома берилади; 3. Тавсиянома асосида ёш оилаларга тижорат банклари имтиёзли ипотека кредити ажратади ҳамда бир вақтда тегишли пудрат қурилиш ташкилотлари квартираларга олди-сотди шартномаларини тузишади.

ТАВСИЯНОМА ОЛИШ ТАРТИБИНИНГ СХЕМАСИ

ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ТОПШИРИШ КЕРАК?

Қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

а) «Камолот» ЁИҲ туман (шаҳар) кенгаши раиси номига ариза; б) никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси; в) оиланинг таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома ва оила аъзоларининг паспортлари (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар) нусхалари; г) яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган ёш оиланинг турар жой шароитларини яхшилашга муҳтожлигини назарда тутувчи маълумотнома; д) иш берувчининг муҳри билан тасдиқланган меҳнат дафтарчаси нусхаси; е) доимий иш жойидан берилган ариза берувчининг (оила аъзоларининг) охирги 12 ойдаги даромадлари тўғрисидаги маълумотномалар ёки уларнинг яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган ариза берувчининг (оила аъзолари — эр ва хотиннинг) охирги 12 ойдаги даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг нусхалари; ж) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган эр-хотинда мулк ҳуқуқи билан турар жой йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома; з) ёш оилани фан, санъат, адабиёт, спорт соҳасида ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (давлат идораларида хизмат қилаётган ёшлар раҳбар ёки раҳбарнинг биринчи ўринбосаридан тегишли шаклдаги тавсияномани олиши керак бўлади).

ҲУЖЖАТЛАР КИМГА ТОПШИРИЛАДИ?

Ҳужжатлар эр-хотиндан бири доимий рўйхатдан ўтиш жойи бўйича «Камолот» ЁИҲ туман (шаҳар) кенгашига тақдим этилади.

ТАВСИЯНОМА ОЛИШДА КИМЛАР ҚЎШИМЧА ИМТИЁЗГА ЭГА?

Агар: эр-хотиннинг ҳар иккиси етимлар — «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари бўлса; имтиёзли ипотека кредити олувчи оила аъзоларининг бири ёки бир нечтаси сурункали касалликларнинг ўткир шаклларидан азоб чекса, «Камолот» ЁИҲ Марказий кенгашининг тавсияномаси навбатдан ташқари берилади.

ТАВСИЯНОМА БЕРИШНИ ҲАЛ ҚИЛАДИГАН ҲУДУДИЙ КОМИССИЯ АЪЗОЛАРИ КИМЛАР?

«Камолот» уйларини ипотека кредити асосида сотиб олиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби:

  1. «Камолот» Ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раислари — комиссия раиси. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари — комиссия раисининг ўринбосари. 3. Туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари. 4. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари раҳбарлари. 5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳудудий бошқармаси раҳбари. 6. «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий, туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарлари. 7. Молиялаштирувчи тижорат банкларининг минтақавий ва туман филиаллари раҳбарлари.
Манбаа: www.xushnudbek.uz