Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ЖЧ–2018 саралаш босқичи “А” гуруҳи 9-туридан ўрин олган Хитой – Ўзбекистон ўйинига расмийларни тайинлади ва учрашув бошланиш вақтини белгилаб берди, дея хабар қилмоқда The-uff.com.
Мазкур ўйинни Шри-Ланка мамлакати вакиллари бўлган ҳакамлар бошқариб боради. Бош ҳакам вазифасини Кришанта Дилан Перера Хеттиканканамге бажаради. Унга қанотларда Приянга Намал Паллия Гуруге ҳамда Палита Парракрама Дение Гедара ёрдам беради.
Захира ҳаками вазифаси Куттиаппа Ражарантам Прашант Ражакришнага юклатилди. БАА вакили Али Муҳаммад Бужсаим Шри-ланкалик ҳакамлар ишига баҳо беради. Ўйин комиссари – Хоай Ан Ли (Вьетнам).
Хитой – Ўзбекистон учрашуви Ухань шаҳридаги Wuhan Sports Center майдонида бўлиб ўтади. Ўйин маҳаллий вақт билан 20:00 (Тошкент вақти билан 17:00)да старт олади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичи 8-туридан кейин 12 очко тўплаб, тўғридан-тўғри қўлга киритилиши мумкин бўлган ягона йўлланма учун курашда 2-ўриндаги Жанубий Кореядан 1 очкога ортда қолмоқда.