Биласизми?

ЖЧ–2017. Шаҳрам Ғиёсов — жаҳон чемпиони!

Бокс бўйича мамлакатимиз терма жамоаси аъзоси, Олимпия ўйинлари совриндори Шаҳрам Ғиёсов Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди, деб ёзмоқда Uz24.uz.

Чемпионатнинг 69 килограммгача вазн тоифасидаги чарм қўлқоп усталари ўртасидаги финалгача бўлган баҳсларда Шаҳрам Ғиёсов украиналик Евгений Барабанов, англиялик Пэт Мак Кормак ва қозоғистонлик Аблайхон Жусуповни енгди.

Жаҳон чемпионатининг олтин медали учун кечган муросасиз беллашувда Шаҳрам кубалик Рониель Иглесиасни мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Финал жангларида шунингдек, ҳамюртларимиздан 52 килограммгача вазн тоифасида Жасурбек Латипов кубалик Йосбани Веитиага қарши рингга кўтарилиб, 0:5 ҳисобида ютқазди.

64 килограммгача вазн тоифасида Иқболжон Холдоров ҳам кубалик Анди Круз Гомесга қарши рингга чиқди ва ҳакамлар қўйган балларга кўра, 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди.

Шу тариқа боксчиларимиз жаҳон чемпионатида 1 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритишди.