Ўзбекистон Президентининг «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилди.
Қарорга мувофиқ, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Ўзбекистон и Ташқи ишлар вазирлиги тизимига киради ҳамда халқаро иқтисодиёт ва менежмент, халқаро муносабатлар ва сиёсий фанлар, халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқ ҳамда гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти йўналишлари бўйича мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаси оширишни таъминлайдиган асосий олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Ҳужжат билан университетнинг Бошқарув институти ва Дипломатик курслари тугатилди ва уларнинг негизида университет ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Олий дипломатия мактаби ташкил этилди.
Қуйидагилар Олий мактабнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
Шартнома асосида қисқа ёки узоқ муддатли ўқув курсларини ўтказиш орқали Ташқи ишлар ва Ташқи савдо вазирликлари ходимлари, ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятга жалб этилган бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ташкилотлари ҳамда нодавлат ташкилотлар ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
Республиканинг ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишга жалб этилган ходимлар халқаро иқтисодиёт ва менежмент, халқаро ҳуқуқ ва ҳуқуқий сиёсат, жаҳон тарихи ва маданияти, шу жумладан, ташриф буюриши мумкин бўлган мамлакатлар тарихи ва маданияти соҳасида чуқур ва ҳар томонлама билимларга, музокаралар юритиш, ҳар қандай шароитда пухта ўйланган ва прагматик қарорлар қабул қилиш кўникмаларига эга бўлиши, давлат ва чет тилларини юксак даражада эгаллаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
Университетнинг таълим йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича доимий амал қиладиган курсларни ташкил этиш.
Олий мактаб Университетнинг таълим йўналишлари бўйича тўлов-контракт асосида бизнес-маъмуриятчилиги йиллик дастурлари (МВА) доирасида магистрлар тайёрлашни амалга ошириши белгилаб қўйилди.
2018 йил 1 сентябрдан бошлаб Олий мактабда қуйидаги ходимлар тоифалари мажбурий тартибда қайта тайёрланадилар ва малака оширади:
Ташқи ишлар ва Ташқи савдо вазирликлари, ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятга жалб қилинган бошқа вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маъмурий-бошқарув ходимлари — уч йилда бир марта;
Ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолият соҳасида вазифаларни бажариш билан боғлиқ раҳбарлик лавозимига тайинлаш учун захирага олинган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ихтисослаштирилган давлат муассасалари ходимлари;
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари ҳамда халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон учун ажратилган квоталарига дипломатик ва маъмурий-техник лавозимларга тайинланадиган ходимлар, шу жумладан, уларнинг турмуш ўртоқлари;
Халқаро муносабатлар ҳамда сиёсий фанлар, халқаро иқтисодиёт ва менежмент, халқаро оммавий ҳамда хусусий ҳуқуқ, гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти йўналишидаги олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари — уч йилда бир марта.
2018 йил 1 июлдан Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ходимларга узоқ йиллик хизмати ва дипломатик ранглари учун ойлик маошларига қўшимча ҳақ университет ва Олий мактаб ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.