Биласизми?

Жаҳон банки Ўзбекистон қишлоқ йўлларини капитал таъмирлаш лойиҳасини қўллаб-қувватлайди

Жаҳон банки Ўзбекистонда маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўлларни ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватлайди. Лойиҳа қишлоқ жойлардаги йўлларни яхшилаш ва капитал таъмирлашни ўз ичига олади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Тошкентдаги офиси транспорт ва рақамли тараққиётнинг глобал амалиёти вакили Мансур Бўстоний Тошкентдаги испан—ўзбек бизнес форумида маълум қилди, деб ёзади Daryo.uz.

«Лойиҳанинг биринчи босқичида тўртта вилоят: Тошкент, Фарғона, Наманган ва Андижонда маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўлларни капитал таъмирлашни қўллаб-қувватлаймиз. Лойиҳа биринчи босқичининг умумий қиймати 200 миллион долларни ташкил этади, мазкур лойиҳа республика йўл фонди билан биргаликда амалга оширилади», — дея аниқлик киритди у.

Унинг сўзларига қараганда, Жаҳон банки маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўлларни ривожлантириш бўйича лойиҳанинг кейинги босқичини Давлат автомобиль йўллар агентлиги билан бирга амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу босқич Ўзбекистоннинг шарқий қисмидаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўлларни капитал таъмирлашни ўз ичига олади.

Бўстоний Жаҳон банкининг Тошкентдаги офиси режалаштираётган лойиҳалар дастурига нафақат инвестициявий лойиҳалар, балки Ўзбекистон ҳукуматига стратегик кўмак кўрсатишни ҳам ўз ичига олишини қўшимча қилди.

Испан—ўзбек бизнес форуми доирасида инжиниринг, фуқаролик объектлари ва инфратузилма объектлари қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш соҳасидаги 20 дан ортиқ испан компанияси вакиллари Тошкентга келди.

Испания делегацияси вакиллари мамлакат Ўзбекистонга 150 миллион евро миқдоридаги лойиҳаларни имтиёзли молиялаштириш имкониятини тақдим этишини маълум қилди.