Июль ойида республикадаги бюджет ташкилотларининг 14,2 фоиз ишчи-ходимига ойлик маоши ўз вақтида берилмади. Бу Молия вазирлиги томонидан ўтказилган мониторингда маълум бўлди.
Рақамларга кўра, июль ойида Ўзбекистондаги бюджет ташкилотлари ишчи-ходимларининг 85,8 фоизи маоши ва таътил пулини ўз вақтида олган. Навоий вилоятида эса бу кўрсаткич 70 фоиздан паст бўлган. Шу боис мазкур вилоят молия ташкилотлари раҳбарлари огоҳлантириш олган. Бу борада энг яхши кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига тегишли – 90 фоиз.
Молия вазирлиги томонидан бюджет ташкилотлари ходимлари ходимларининг биринчи даражали тўловларини ўз вақтида тўланишини таъминлаш мақсадида июль ойида 532,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Хабарингиз бор, февраль ойида вазир Жамшид Қўчқоров ўринбосарлари ва тармоқ бошқармалари раҳбарларига бюджет ташкилотлари ходимлари маошларини тўлашни шахсан ўз назоратларига олиш бўйича топшириқ берган эди. Ўшанда ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақи келгуси ойнинг дастлабки беш кунидан кечиктирилмаган ҳолатда берилиши кераклиги таъкидланган.