Биласизми?

Иттифоқ қаҳрамони Аҳмаджон Шукуров ҳаётидан

Аҳмаджон Шукуров 1909 йилда Фарғонанинг Бешариқ туманидаги Шоберди қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топган. Уруш бошланиши биланоқ кўнгиллилар сафида фронтга йўл олган.

Аҳмаджон ота-онадан эрта етим қолган, суяги меҳнатда қотган бола эди. Шу билан бирга иззат-нафси устун, ориятли йигит бўлган. Фашист босқинчилари мамлакатга ҳужум қилганида биринчилардан бўлиб аскарликка ариза берганининг сабаби ҳам шу эди. Оиласи, аёли ва уч яшар ўғли билан хайрлашаётиб “Ё чангим чиқади, ё донғим чиқади”, дейди.

Уларни дастлаб ҳарбий машқларда тоблаш учун алоҳида полигонга олиб боришади. Ёмғир шаррос қуйиб турган кунда рота узоқ манзил сари пиёда йўл олади. Йўлда пишқириб оқаётган сойга дуч келганда командир кечиб ўтиш буйруғини беради. Шиддатли сув айрим аскарларни оқизиб кетишига оз қолади. Шунда командир қолганларни ўтказиб қўйишни чайир гавдали Аҳмаджонга буюради. У қолганларнинг қўлидан тутиб сойдан ўтказиб қўяди.

Аҳмаджоннинг ротаси фронт яқинида тайёргарлик қилаётган даврида рус дўсти билан душман “ов”ига чиқишади. Узоқдан кўринган душман аскарини бехато мўлжалга олиб у полкда оғизга тушади. Табриклаганларга у “бу ҳисоб эмас”, дея жавоб беради.

Шу бўйи оддий аскар Аҳмаджон шиддатли жангларга киришиб кетади.

...1943 йил ёзида Курск ёнида бўлган қаттиқ жангларда Ўзбекистонда тузилган ўқчи дивизия жангчилари жасорат кўрсатдилар. “Орёл” дивизияси фахрий номини олган 5-ўқчи дивизия таркибида Аҳмаджон ҳам бор эди. Золотарёвка учун қаттиқ жангларда сержант Аҳмаджон Шукуров жасорат кўрсатиб, душманнинг 110 нафар аскар ва зобитларини ер тишлатди ҳамда 15тасини асир олди. Душманнинг бешта ўточар нуқтасини йўқ қилди. Бу жасорати учун унга Қаҳрамон унвони берилди ва кўкрагига Олтин Юлдуз қадалди. Золоторёвка қишлоғи номи Шукуровка деб аталадиган бўлди.

1944 йилда старшина Шукуров жароҳати туфайли урушдан қайтган. Ўз қишлоғида бригадир бўлиб ишлаган.

Уруш қаҳрамони Аҳмаджон Шукуров 1990 йилда ўз қишлоғида дунёдан ўтган.

Дарвоқе, Аҳмаджон Шукуров тўғрисида атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор “Олтин юлдуз” номли кичик тарихий қисса ёзган. Қиссада Иккинчи жаҳон уруши воқеалари ишонарли гавдалантириб берилган. Қиссани мутолаа қилиш истагида бўлганлар ушбу ҳавола орқали юклаб ўқишлари мумкин.