Биласизми?

Инглиз тилини ўрганиш учун 5 ўйин

Агарда сиз компьютер ўйинлари ишқибози бўлсангиз, у ҳолда ёқимли машғулотни фойдалиси билан уйғунлаштириб бориш имкони мавжуд: ўйин ўйнаш жараёнида инглиз тилини ўрганиш мумкин. Агар ўйинни тўғри танласангиз, бу жараён сизни ўзига ром этиши аниқ, дея маслаҳат беради lifehacker.ru.

Кириш сўзи

Аввало қуйидагиларга аниқлик киритиб олайлик:

  • бу ерда биз инглиз тилини ўрганиш учун махсус чиқарилган ўйинлар эмас, балки оддий ўйинлар хусусида сўз юритамиз;
  • сиз ўйинларни ўз оригинал овози ва интерфейси билан ўйнасангизгина биз келтирадиган далил ва тавсияларимиз тўғри ҳисобланади;
  • ўйин орқали инглиз тилини ўрганиш учун, сиз бунгача мазкур тил борасида лоақал бошланғич билимларга эга бўлишингиз шарт. Тилни «нолдан бошлаб» ўйинлар воситасида ўрганишнинг асло имкони йўқ.

Инглиз тилини ўрганишда ўйинларнинг фойдаси нимада?

  1. Ёқимли машғулот фойдалиси билан аралаш келади.

Бу сизга мактабдаги дарс эмас – зерикарли матнларни ўқиб, сабабини тушунмасдан феълни туслаш талаб этилмайди. Ўйинларда аниқ мақсадлар бор – ҳарбий базага кириб олиш, жиноятчини аниқлаб зарарсизлантириш, қадимий қароқчилар маконининг жумбоғини ечиш… Бу каби қаҳрамонона ишлар учун компьютер олдида ўтириб олганча, ўзингиз яхши билмаган тилда сиздан нима талаб этишаётганини ўрганиб олишга эринмайсиз. Ўйинни танаффусга қўйиб туриб, нотаниш сўзларнинг таржимасини излайсиз. Муҳими – топшириқни муваффақиятли уддалаш ўйинчида ижобий ҳисларни келтириб чиқаради ҳамда ўйинни ва, табиийки, инглиз тилини ўрганишни ҳам давом эттиришга ундайди.

  1. Янги сўзларни ўргатади

Диалогларда ҳамиша янги сўзлар учрайди ва инвентарда липиллаб кўринади. Тез-тез такрорлангани учун ва айнан ўша онда, ўша вазиятда керак бўлгани сабабли ҳам сўзлар осонгина эсда қолади.

  1. Ўйин – интерфаол восита

Фильм ёки сериалдан фарқли ўлароқ, ўйинларда истасангиз-истамасангиз бошқа персонажлар билан биргаликда ҳаракат қиласиз: уларнинг кўрсатмаларига амал қиласиз, диалогларда керакли қаторни танлайсиз. Бирор ҳаракатни амалга ошириб, шу оннинг ўзидаёқ унга жавоб ҳаракати оласиз, шу қатори вербал – нутқ воситасида ҳам. Гавжум кўчада тўппончадан ўқ узсангиз, «Call the cops!» каби қичқириқлар анграйди. Футбол ўйинида тўппа-тўғри ҳужумчининг оёқлари остига бориб йиқилсангиз – шарҳловчи хитоб қилади: «Oh, what a terrible foul!». Бунинг устига, ўйинлар одатда фильмлардан кўра анча кўп вақт эгаллайди – ўртача 10–15 соат. Шу боис геймер бошқа персонажларнинг талаффузи ва овозига осон кўникиб ҳамда тобора яхшироқ тушуниб боради.

  1. Ўйинларда хилма-хиллик бор

Ўйинларнинг сюжетлари турлича: ўрта асрлардаги зиддиятлар, келажакдаги жанглар, детектив текширувлар, криминал тортишувлар… Уларнинг тили ҳам турфа: «Жодугар» («Ведьмак»)даги саводсиз деҳқонлар тилидан тортиб «Watch Dogs 2»даги калифорниялик ўсмирларнинг кўча тилигача. Уларда ҳатто грамматика ҳам турли-туман: қаердадир инглиз тилининг қироллар нутқида қўлланадиган китобий кўриниши, яна бир жойда эса – ҳатто тилнинг асосий қоидаларини ҳам четлаб ўтувчи норасмий кўча тили.

Қайси ўйинларни ўйнаш керак?

The Last of Us

Naughty Dog студияси томонидан ишлаб чиқилган мазкур ўйин жуда кўп сонли мукофотларни қўлга киритган, ўйинчилар ва танқидчиларнинг мақтовларига сазовор бўлган. У инглиз тилини ўрганаётганлар учун ҳам жуда фойдалидир.

Унинг овозлаштирилиши энг юксак даражада амалга оширилган, шунинг учун қаҳрамонлари худди ҳақиқий тирик инсонлардек гапиради. Унда жонли нутқнинг барча нозикликлари ҳисобга олинган: акцент (ундаги Жоэл техаслик бўлгани учун нутқида жанубликлар акценти яққол сезилади), нафас олишлари (қаҳрамон зомбини зўрға даф этиши билан, унинг енгил нафас олишини эшитасиз), талаффуз аниқлиги (агар қаҳрамон ўз-ўзи билан гаплашаётган бўлса, буни сал пастроқ овозда, минғирлаб гапиради). Бир сўз билан айтганда, ўйинда сиз оддий овоз ёзувларидан фарқ қилувчи – муайян вазиятга мос жонли нутқни эшитасиз.

Сифатли овозидан ташқари, The Last of Us тилида сўзлашувга оид кўплаб қизиқарли ифодалар ҳам учрайди, масалан: Mumbo Jumbo, Now we’re talking, No sweat ва ҳоказо.

GTA 5

Нега айнан бешинчи қисми? Чунки, аввало, унда учта асосий персонаж бор, демак – уч хил тил намунаси. Қолаверса, GTA 5 ўта кенг кўламли ўйин, унда кўплаб иккинчи даражали персонажларга дуч келасиз; улардан ҳар бирининг тилида ўзига хос хусусиятлар, ўз акценти мавжуд. Масалан, ундаги Франклин америкача кўча сленгида гапиради; ebonics деб номланувчи бу сленг айрим қора танлилар томонидан қўлланади ва тан олинган тенг ҳуқуқли тил тури ҳисобланади.

Бу ўйинда ўз ток-шоусига эга радио, телевидение, интернет ва ҳатто кинотеатрлар бор. Аммо тил масаласида эҳтиёт бўлиш керак: GTA 5 қаҳрамонлари нутқида сўкинишлар кўп. Уларни билиб қўйиш мумкиндир балки, аммо амалда қўлламаган маъқул, албатта…

Жодугар 3: ёввойи ов (Ведьмак 3: дикая охота)

Геральт саргузаштларига бағишланган ўйиннинг якунловчи қисми инглиз тилининг хилма-хиллигини акс эттириши нуқтаи назаридан ҳам қизиқ. Ўйин қаҳрамонларининг аксарияти британча акцентда сўзлашади, аммо Геральтнинг гапиришини эшитсангиз – гўёки боягина АҚШдан қайтиб келгандек.

Ўйинда матнлар жуда кўп: сеҳр-жоду дуолари, дамламалар ва қуроллар тавсифлари, диалоглардаги жавоб вариантлари… Хуллас, инглиз тилининг ёзма шакли билан шуғулланиш учун ҳам зўр имконият.

Heavy Rain

Мазкур ўйинни интерфаол кинога қиёслаш мумкин. Албатта, бемалол оёқ узатиб ўтира олмайсиз бунда: ўйинда диалоглар жуда бисёр, уларда тезлик билан мос жавобни танлашингиз керак бўлади. Кўпинча тўғри жавоб вариантлари битта сўздан иборат бўлади, аммо эринманг – ўйинни танаффус режимига ўтказиб қўйиб, уялмасдан луғатга қаранг. Зеро, нотўғри жавоб бериб қўйсангиз, бош қаҳрамонларингиздан исталган бири ҳалок бўлиши мумкин.

Дарвоқе, ўйин тили унчалик мураккаб ҳам, жуда хилма-хил ҳам эмас, шу боис Heavy Rain – янги ўрганаётганлар учун энг яхши танлов.

The Wolf Among Us

Telltale томонидан ишлаб чиқарилган ўйинлар – танлаш имкониятига эга кинематографик воқеалардир. Улар Heavy Rain’ни ҳам эслатиб юборади: экшен-саҳналар ва тармоқланган диалоглар ўрин алмашиб туради. Telltale шу пайтгача «Тахт ўйинлари» кинокартинасининг адаптациясини, The Walking Dead, Batman ва бошқа ўйинларни чиқарган. Бироқ биз унинг маҳсулотлари орасидан энг қизиқарлиси ва «балоғатга етган»ини тавсия этамиз – The Wolf Among Us.

Унда афсонавий, аммо шафқатсиз оламда яшовчи Бигби исмли махлуқ-одам воқеаси оддий тил билан ҳикоя қилинади. Комикслар услуби туфайли эса, экранда нималар содир бўлаётганини осонлик билан англаб олиш мумкин.

Фойдали маслаҳатлар

  1. Ўйлаб ва фаол ўйнанг: сюжетни яхши тушунишга ҳаракат қилинг, роликларни ўтказиб юборманг, нотаниш сўзларнинг маъноларини эринмасдан луғатдан текшириб кўринг.
  2. Энг яхшиси – инглизчада ўйнаш учун, аввал ўзингиз русчада ўйнаб кўрган ўйинни танланг. Шунда сиз у ёки бу вазиятда гап тахминан нима ҳақида кетаётганлигини эслайсиз, шу тариқа оригинал матнни англашингиз осон кечади.
  3. Агар жуда қийналсангиз, бошланишига русча субтитрлардан фойдалансангиз ҳам бўлади. Бу сизга ўйиндаги воқеалардан хабардор бўлиб боришда ҳамда нотаниш сўзларнинг таржимасини аниқлашда ёрдам беради. Эътиборли бўлинг: русчага ўгирилган – локализация қилинган матнлар аслияти билан ҳамиша ҳам сўзма-сўз тўғри келмайди. Қайсидир оригинал жумлалар матндан сал узоқроқ таржима қилинган бўлиши ҳам мумкин.
  4. Энг асосийси: инглизчани худди шу тилда сўзлашувчилар сингари гапириб кетишни фақат ўйиннинг ўзи билан уддалаб бўлмайди. Тил ўрганиш учун анъанавий академик ёндашув (гуруҳ машғулотлари, грамматик машқларни бажариш ва ҳоказо) билан кўнгилочар йўналишни ўзаро уйғунлаштириб олиб бориш лозим. Шу боис ҳам юқоридаги каби ўйинларга фақатгина тил ўрганишдаги қўшимча, ёқимли восита сифатида қараш ўринлидир.