Биласизми?

Инглиз тилини ўрганиш бўйича катталарга маслаҳатлар

Бу маслаҳатларимни айнан ёши катта, ишлайдиган, оилали инсонлар учун мослаштиришга ҳаракат қилдим.

  1. Вақт зиқлигидан келиб чиқинг. Керакли нарсани ўрганинг.
  2. Агар қанчадир билимингиз бўлса, олдин диагностика қилиб кўринг: http://testyourvocab.com/ сайтида сўз бойлигингизни текширинг (фақат аниқ билган сўзларни белгиланг.) TOEFL/IELTS'ларни ҳам топшириб кўринг, текин вариантлари бор, таxминан неча балл олишингизни, қайси соҳаларни кучайтиришни биласиз (тинглаш, гапириш, ёзиш, ўқиш, сўз бойлиги, грамматика).
  3. Алоҳида вақт ажратманг. Инглиз тилига кириб кетинг, инглизча билан атрофингизни “ўраб” олинг. Бу осон, япон ёки форсчани ўрганмаяпсизку.
    1. Машина ёки транспортда аудио-видео материалларни эшитиб кетинг, тушуниш мутлақо шарт эмас. Турли одамлар, турли шароитдаги суҳбатлар, янгиликлар, диалоглар, кино ва ҳоказо.
    2. Кабель ёки “тарелкадан” фақат инглизча каналларни кўринг, янгилик, дискуссиялар ва ҳоказо. Youtube ҳам хизматда. Севимли сериалингизни инглизчасини топинг. OnlineTv.uz сайтида ҳам инглизча фильмлар бор. Хуллас, “замон, замон, бизнинг замон, даврон бизники”.
    3. Кунига 15-20 дақиқа ўқишга ҳаракат қилинг — китоблар (abbridged books: соддалаштирилган китоблар мавжуд Тошкентдаги Macmillan китоб дўкони), Википедиядаги Simple English тилида ёзилган мақолалар… Матн ўқинг ва янги сўзларни чиқаринг.
    4. Иш бўйича ҳужжатларни ҳам инглизчасини топиб ўрганинг.
  4. Кунига 10-15та янги сўз топинг ва ёдланг. Бир йилда 3-4 минг сўз бўлади.
  5. lingualeo.com каби сервислардан фойдаланинг.
  6. Курсларга боришга ҳаракат қилинг. У ерда урғу бериладиган соҳалар — сўзлашиш; кўпроқ гапиришга ҳаракат қилинг.
  7. Skype орқали сўзлашишни машқ қиладиган сервислардан фойдаланинг. Инглиз инсон билан мулоқат қиласиз.
  8. Муҳими, кунига бир неча соат инглизчага дуч келиш (ўқиш, эшитиш ва ҳоказо). Интенсив равишда ўрганинг, бўлмасам, олдинроқ ўрганган билимингиз эсдан чиқади. Дастурни 6-12 ойга мўлжалланг. Ҳар куни, ҳар соат шуғулланинг.
  9. Агар TOEFL/IELTS имтиҳон баҳолари керак бўлмаса, грамматикани ўрганманг, вақтингиз бекор кетади.
  10. Эсингизда турсин, инглизчани чет элликларга ўргатиш — катта бизнес, барча методологиялар тайёр, бизда бундай нарса йўқ, ўзбек тилини бошқа миллатдагиларга осон ўргатишни йўлга қўймаганмиз. Демоқчиманки, айни сизнинг шароитингизга мос қандайдир йўлини топса бўлади.

Мана бу видео дарсларни ҳам тавсия қиламан: Полиглот: 16 уроков с Петровым. Бу мавзуни ёритишдан чарчамасам керак: ismoilov.com/2015/01/07/инглизчани-ўрганиш/.

Манба: Б. Исмоилов