Биласизми?

Имтиҳонга руҳий тайёрланамиз

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтадиган санага ҳам жуда оз муддат қолди. Абитуриентлар имтиҳонларга йил(лар) давомида қанчалик қаттиқ тайёргарлик кўрмасинлар, имтиҳон олдидан ҳаяжон босиши, хавотир ва асабийлик кузатилиши табиий ҳол. Бу вақтда имтиҳонларга китоб ўқиб, тест, мисол-масала ечиб тайёрланиш билан бир қаторда, руҳий тадорик кўриш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда имтиҳон кунига тобора яқин турган ўқувчиларимизга бир қатор маслаҳатлар тайёрладик. Умид қиламизки, уларга риоя қилиб, имтиҳон вақтида ортиқча хатоларга йўл қўймайдилар.

[dropcap type="square"]1[/dropcap] Вақтингизни тўғри тақсимланг. Имтиҳонларга тайёргарлик кўришда ўқув фанлари жадвалини қатъий тузиб олсангиз, шошиб қолмайсиз ва ортиқча асабийлашмайсиз. Янги маълумотларни хотирага сақлаётганда миянгизда кечувчи жараёнларни тасаввур қилинг: хотира икки хил бўлади — вақтинчалик ва доимий. Вақтинчалик хотирага мия пўстлоғи жавобгар бўлса, доимий хотира эса миянинг нисбатан чуқурроқ қисмида жойлашган. Маълумотлар доимий хотирада сақлансагина имтиҳонлар вақтида ёрдам беради. Шунинг учун маълумотларни яхши эслаб қолиш учун уни кўпроқ такрорланг ва доимий хотирада сақланганига ишонч ҳосил қилинг.

[dropcap type="square"]2[/dropcap] Имтиҳонга тайёрланаман, деб уйқудан бутунлай воз кечманг. Соғлом уйқу саломатлик учун ниҳоятда муҳим. Уйқудан олдин эса энг қийин фандан тайёргарлик кўринг. Чунки уйқу вақтида, юқорида айтганимиздек, ахборотлар вақтинчалик хотирадан доимийсига ўтиш жараёни рўй беради.

[dropcap type="square"]3[/dropcap] Конспект, дарслик ва қўшимча адабиётларни тартиб билан сақланг. Керак пайтда уларни осонгина топиб оладиган бўлсин.

[dropcap type="square"]4[/dropcap] Овқатланиш тартибига қатъий риоя этинг. Одатда абитуриентлар имтиҳонга тайёрланаётган вақтда овқатланишдан ҳам вақтини қизғонади. Бу эса уларга акс таъсир кўрсатиши мумкин. Фаст-фуд, кондитер ва бошқа сунъий озиқ-овқатлардан воз кечиб, мева ва сабзавотлар, ёрмалар, балиқ, тухум, сут маҳсулотларидан кўпроқ истеъмол қилсангиз, хотирангиз мустаҳкамланади, диққатингиз жамланади, кўриш қобилиятингиз ҳам ёмонлашиб кетмайди. Тадқиқотларда имтиҳондан олдин балиқ, ёнғоқ, зайтун ёғи, қора шоколад истеъмол қилганлар яхшироқ натижага эришишган бўлса (агарда ушбу маҳсулотларга аллергиянгиз бўлмаса), фаст-фуд ва ёғли таом истеъмол қилган талабалар паст кўрсаткичга эришгани кузатилган.

[dropcap type="square"]5[/dropcap] Охирги дақиқаларгача ўқиманг. Охирги кун тунгача имтиҳонга тайёрланиш вазиятни баттар ёмонлаштириши мумкин. Уйқусизлик ва чарчоқ натижасида мия маълумотлар оқимини назорат қила олмай қолиши мумкин. Шуни унутмангки, бир кунда кўп нарсани ўрганишга ҳар қанча уринманг, улгурмайсиз. Яхшиси, тайёргарликни аввалроқ бошланг ва бир кун қолганда миянгизга дам беринг. 31 июл куни мириқиб ухланг, сайрга чиқинг, ўзингиз яхши кўрган овқатдан истеъмол қилинг, енгилроқ бадиий китоб ўқинг.

[dropcap type="square"]6[/dropcap] Дарс қилиш учун бир нечта жойни белгилаб олинг. Олимларнинг фикрича, жойнинг ўзгариб туриши мия фаолиятига ассотсиатсия йўли билан таъсир кўрсатади. Яъни, бу маълумотни кутубхонада, бунисини уйда, мана бунисини ўқув марказида ёдлаган эдим, дея эслаб қолишингиз мумкин.

Агарда имтиҳонлар ўтадиган жойда тайёргарлик кўриш имкони бўлса, буни қўлдан бой берманг. Бу контекстуал хотиранинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Яъни, маълумотлар улар ёдда сақланган жойда осонроқ эсга келади.

[dropcap type="square"]7[/dropcap] Танаффус қилиб туринг. Тайёргарлик жараёнида вақти-вақти билан танаффус қилиб туринг. Бу пайтда миянгизни чалғитинг — тоза ҳаводан нафас олинг, озроқ сайр қилинг, бирор нарса еб олинг ва ҳакозо. Бир нарсани унутманг: дам олиб турсангиз, миянгиз маълумотларни яхшироқ ўзлаштиради, диққатингиз жамланади, фикрингиз тиниқлашади ва ўзингизни тетик ҳис этасиз. Бироқ дам олиш 15 дақиқадан ошиб кетмасин. Акс ҳолда дарс жараёнига қайтишга қийналиб қоласиз.

[dropcap type="square"]8[/dropcap] Маълумотларни эслаб қолиш учун махсус карточкалардан фойдаланинг. Уларни ўз қўлингиз билан ясанг, чиройли безак беришни ҳам унутманг. Карточкаларга маълумотларни ёзишда графика, расм, диаграмма, жадваллардан фойдалансангиз, осонроқ эслаб қоласиз. Айниқса, сизда визуал хотира кучли бўлса, сурат ва тасвирлар катта ёрдам беради.

[dropcap type="square"]9[/dropcap] Материалларни қисмларга ажратиб ўрганинг. Масалан, рангли қалам (фломастер)лар ёрдамида маълумотларни белгилаб олинг: сариқ қалам — муҳим қоидалар, кўк — формулалар, яшил — давлатлар ва ҳакозо.

[dropcap type="square"]10[/dropcap] Ўзингизни синов тестлари билан синаб туринг. Шунда қайси мавзуда хато қилаётганингизни билиб оласиз, руҳий жиҳатдан ҳам тайёргарлик кўрган бўласиз.

[dropcap type="square"]11[/dropcap] Паст овозда мумтоз мусиқалар тингланг (шундай мусиқа тингланг-ки, унга қўшилиб сиз ҳам кулайдиган мусиқа бўлмаслиги керак), нафас олиш машқларини бажариб туринг. Булар хотирангизнинг мустаҳкамланишига ёрдам беради.

[dropcap type="square"]12[/dropcap] Энг қийин мавзуларда ўзингиз билан викторина уюштиринг. Ўзингизга мавзу юзасидан саволлар беринг ва уларга жавоб беринг.

[dropcap type="square"]13[/dropcap] Сизга қизиқ бўлмаган мавзуларга биринчи бўлиб эътибор қаратинг. Қийин мавзуларни ўзлаштирганингиздан сўнг ўзингизни тақдирлашни унутманг. Ўзингизни ҳурсанд қиладиган бирор совға сотиб олинг.

[dropcap type="square"]14[/dropcap] Имтиҳонга эртароқ келинг. Шунда имтиҳон бошлангунча ўзингизни анча босиб улгурасиз.

[dropcap type="square"]15[/dropcap] Дастлаб осон саволлардан бошланг. Ўз жавобларингиздан шубҳаланманг, ички овозингиз(интуитсия)га қулоқ тунинг. Қанчалик кўп шубҳалансангиз, тўғри жавобни белгилаш имкониятингиз шунчалик камайиб кетади. Баҳсли саволларга кўп вақт сарфламанг-да, уларга кейинроқ қайтинг.