Биласизми?

Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилган боксчи Муҳаммад Али 74 ёшида вафот этди

Асл исми шарифи Кассиус Клей, мусулмон динини қабул қилганидан кейин Муҳаммад Алига айланган афсонавий боксчи 3 июнь куни 74 ёшида АҚШнинг  Phoenix-area шифохонасида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Американинг NBC News нашри оила вакили Боб Ганнелга асосланиб хабар тарқатган.

Ўзига “Буюклар буюги” деган лақабни берган Муҳаммад Али 1942 йилнинг 17 январь куни АҚШнинг Кентукки штати Луисвилл шаҳрида дунёга келган.

Ҳаётини бокс билан боғлаган Муҳаммад Али 12 ёшидан бокс билан шуғуллана бошлаган ва олимпиада ўйинларига қадар “Олтин қўлқоп” мукофотини қўлга киритган. Ярим оғир вазн тоифасида 1960 йилги XVII Ёзги Олимпия ўйинларида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган. Ўта оғир вазн тоифасида мутлоқ жаҳон чемпиони (1964—1966, 1974—1978) бўлган. Беш карра “Йил боксчиси” (1963, 1972, 1974, 1975, 1978) ҳамда 10 йилликнинг “Энг яхши боксчиси” дея эътироф этилган.

Бутун дунёга Муҳаммад Али номи билан танилган Кассиус Марселлус Клей доимо журналистлар қуршовида бўлса-да, унинг ҳаётидаги айрим воқеаларни жуда камдан-кам инсонлар билишган. Ана шундай инсонлардан бири унинг дўсти, “Life” журналининг илк қора танли сураткаши Гордон Паркс бўлган. Алининг кўплаб суратларини айнан Паркс олган.

Вьетнамда ҳарбий хизматни ўташдан бош тортгач, Кассиус Клей бир зумда барча чемпионлик унвонларидан ажралди, шунингдек, уч йил давомида бокс жангларида қатнашиш имкониятидан ҳам маҳрум этилди. Кассиуснинг урушга боришдан бош тортишига сабаб, унинг инсонларни ўлдиришни тақиқловчи дин — Исломни қабул қилганлиги эди.

Ислом динини қабул қилгач, Кассиусга дастлаб Икс фамилиясини беришди. Кейинчалик эса унга тантанали равишда Муҳаммад Али исми берилди.

Профессионал спортдан уч йил узоқда юрган Али реклама ва спорт лойиҳаларида иштирок этиш орқали уч миллион долларга яқин пул ишлади. Бу давр мобайнида спортчи ва унинг агентлари Муҳаммад Алининг профессионал рингга қайтиши учун имконият излашди.

Бир марта у ҳайдовчилик гувоҳномаси мос келмайдиган автомобилни бошқаргани учун бир ҳафтага қамоқ жазосига маҳкум этилди. Муҳаммад Али ўз автобиографиясида бу даврни ҳаётининг энг ёқимсиз даври деб атайди.

Алининг катта спортга қайтиши профессионал фаолиятидаги илк мағлубият билан бошланди. “Аср жанги” деб аталган беллашувда у Жо Фрейзердан мағлубиятга учради. Реванш жангидаги Фрейзер устидан қозонилган ғалаба ва ёш Формандан чемпионлик унвонини қайтариб олиш имконияти Муҳаммад Алига куч бағишлади ва у бошлаган ишини ниҳоясига етказиб, барчанинг ёқимтойига айланди.

Муҳаммад Али сўнгги 32 йил мобайнида Паркинсон хасталиги билан курашди. Бокс устаси умри давомида дунёда ирқий тенгликни, диний бағрикенгликни қўллаб-қувватлади.

Вьетнам урушига қарши чиққан чемпион Муҳаммад Алини 1978 йили Совет иттифоқи таклиф қилганда, у ташриф доирасида Ўзбекистонга ҳам келган. Тошкентда Муҳаммад Али Хастимом масжидини зиёрат қилади ва рафиқаси Вероника билан Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини кўздан кечиради, жумладан, улар пойтахтдаги ўша пайтларда донғи кетган чинни заводини бориб кўришади. Аммо 1979 йили Совет қўшинлари Афғонистонга бостириб кирганда, Муҳаммад Али Совет иттифоқи тажовузини иккиланмай қоралаб чиққан эди. Ҳали қирқ ёшга тўлмаган пайтида Муҳаммад Али Паркинсон касаллигига дуч келади. Бу Али учун қийин дамлар эди. Унинг учта турмушидан саккиз нафар фарзанд дунёга келган.