Иш

Ҳамиша омади кулишини истаганлар учун 50 аксиома (1-қисм)

Омад ҳамиша ёнингизда соядек эргашиб юришини истайсизми? Унда қуйидаги содда аксиомаларни ёдда тутинг.

Business Insider янгиликлар порталидаги фаолияти давомида журналист Жулия Борт турли соҳа вакиллари бўлган минглаб кишилар билан суҳбатлар ўтказди. Унинг ҳамсуҳбатлари орасида қудратли компания эгаларидан тортиб тижоратни тетапоя қилиб бошлаётган тадбиркорларгача бор.

Журналист ўтказган суҳбатлардаги барча универсал ҳақиқатлар ва тавсияларни тўплади. Ушбу тавсияларни исталган тоифа кишилар ҳаётда қўллаб муваффақиятга эришиши мумкинлигини тажриба кўрсатган.

  1. Ишни хобби ёки вақтни мароқли ўтказиш воситасига айлантирмаслик лозим. Албатта, ишдан завқ олиш даркор, аммо иш вақти ва шахсий вақт тушунчаларининг фарқига бориш керак.
  2. Ишингиздан қониқмаётган бўлсангиз, мароқли тарафларини қидириб кўринг. Балки ишингиз сизга хуш келмас, аммо олаётган иш ҳақингиз ва имтиёзларингиз сиз ва оилангиз учун фойдалидир. Қийинчиликлар вақтида буни тез-тез эслаб туринг.
  3. Омадли ва ўзига ишонган одамлар билан тез-тез учрашиб туринг: уларнинг ижобий жиҳатлари сизга “юқсин”.
  4. Агар ўзингизга мароқ бағишлаган, омадингиз кулган соҳада фаолият юритсангиз, атрофингиздагилардан кўра бахтлироқ кишига айланасиз.
  5. Агар ўз камчиликларингиз устида бош қотиришга ва улардан асабийлашишга кўп вақт сарфласангиз, улардан қутула олмайсиз.
  6. Малака орттиришнинг ягона тўғри йўли амалиётдир. Билим ва маҳорат орттиришда қатъиятли ва тоқатли бўлинг.
  7. Доимо диққат марказида бўлишни истасангиз ҳамиша бирор янги нарса ўрганинг.
  1. Бирор мавзуни ўрганиш жараёнида сиз янги инсонсиз. Сиз томонингиздан хатоликлар содир этилиши табиий ҳол.
  2. Бирор соҳани қанчалик тез ўзлаштирсангиз, бошқа нарсани ўрганишингиз ҳам шунчалик осонлашади. Энг қийини бошлаб олиш эканлигини ёдда тутинг.
  3. Бирор нарсани ўзгартириш керак деб ҳисобласангиз, ўша ўзгаришни амалга оширувчилардан бўлинг.
  4. Кичикдан бошлаб каттасига сари ҳаракат қилинг.
  5. Аввал тез ва сезиларли натижа учун ҳаракат қилинг, сўнг йирик ва меҳнатталаб фаолият билан шуғулланинг.
  6. Ишнинг бирор техник жиҳатини такомиллаштириш учунгина эмас, ўз етакчилик маҳоратингизни ошириш учун ҳам ҳаракат қилинг.
  7. Беҳуда ишни ўз вақтида тўхтатиш ва ундан воз кечишни билиш – энг қийин сабоқлардан бири. Ўзингиз буни тушуниб етмагунингизча ҳеч ким оқилона қарорни айтмайди.
  8. Тентак одамгина бир юмушни қайта-қайта бир хил йўл билан бажаради ва ҳар хил натижадан умид қилади. Натижа сизни қониқтирмаса, ниманидир ўзгартиринг ва қайтадан бошланг.
  9. Якка ишлаб ҳеч ким муваффақиятга эришмаган. (Ёлғиз отнинг чанги чиқмас)
  10. Ёрдам сўрашдан тортинманг, аммо айнан қандай кўмак сўрашингизни билинг. Кўмаклашишгач, албатта миннатдорчилик билдиринг.
  11. Ҳамманинг ҳаётга ўз қараши бор. Айни бир учрашувдан икки одам икки хил таассурот олиши мумкин. Бу ҳолатга қарши курашиш эмас, яхшилик йўлида фойдаланиш керак.
  12. Турфахилликни рағбатлантиринг. Ўз камчилигингизни ва кучсиз томонларингизни тўлдирадиган шахсларни излаб топинг.
  13. Барчага ёқишингиз шарт эмас.
  14. Кимнидир ўзингиздан қарздор санаманг. Ўз ўрнида сиз ҳам ҳеч кимдан қарздормассиз.
  15. Сиздан омадлироқ, баландроқ чўққиларни забт этганлар ҳар ерда топилади. Бундан аламга чўкманг, асабийлашманг.
  16. Шу билан бирга сиздан кам нарсага эришганлар ҳам етарлича топилади. Бунинг учун мағрурланиб кетиш ҳам ярамайди.
  17. Лойиҳангиз ёки компаниянгиз ривожи учун зарур ресурсларнинг (вақт, маблағ, ходимлар в.б.) барчаси сизда бўлмаслигига кўникинг. Ҳар ким эга бўлишни истайдиган ресурсларнинг барчаси ҳеч кимда йўқ.
  18. Ресурслар йўқлиги – оқлов бўлолмайди. Бу ижодкорроқ бўлишга ундовчи тақдирнинг яширин туҳфасидир.