Чорак асрлик танаффусдан сўнг оташнафас ҳофиз Шерали Жўраевнинг халқимизга тақдим этган гўзал концертини томоша қилмоқ бизга ҳам насиб этди. Дастурнинг ранг-баранглиги, декорациянинг оригиналлиги, энг муҳими, асосан кекса ёшдаги ва ўттиз-қирқнинг устидаги шинавандалар жуда соғинган ҳофизнинг жонли ижроси кўнгилларни осмон қадар кўтарди.
Узоқ чўзилган дийдорлашув катта-кичик нуқсонларни кўпам сездирмади, десак янглишмаймиз. Лекин... концертларда кўп йиллардан бери жамоатчилик, айниқса, зиёли қатламнинг дилини ранжитиб келаётган айрим кўнгилсиз ҳолатларни кўриб, барибир яна ёзмасак бўлмаслигини тушундик.
Концерт бошланганидан кейин бир соатгача жой талашиш давом этди. Назоратчилар ҳали уни етаклаб келади, мелиса эса бошқасини... Полда ўтириб олганларнинг сони бор-у, саноғи йўқ. Етар энди, бундан кейин концертга кечиккан мухлисни умуман киритмаслик керак! Оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган ҳуштакбоз, бақироқ, савиясиз-тарбиясиз “мухлис”ларни айтмай қўя қолай. Озроқ отиб олган, уст-бошига қараб бўлмайдиганларни-ку асло сўраманг! Халқимизда томошабинлик маданияти шаклланмас экан, бу каби нохуш воқеалар такрорланаверади.
Кам эмас, кўп эмас, ярим ойлик маошини сарфлаб чипта олганларнинг айби нима? Хориждаги концертларда мазза қилиб ўтирган мухлислардан кам жойимиз борми? Жаҳон футболидаги ашаддий ишқивозлар ҳам бизнинг концерт залларимиздаги шинавандаларни кўрса, анқайиб қолса керак! Хуллас, бу борадаги ҳолатларга мутасадди вазирлик ва масъуллар зудлик билан чора кўриш вақти етди. Ёки шу масалага ечим топиш учун ҳам давлат раҳбарининг дашномини кутамизми?
Эл суйган ҳофизга чорак асрлик дийдор концерти муборак бўлсин, деймиз. Фақат биргина нозик иштибоҳни айтмасак, чин мухлислик ҳаққимиз кетади. Кўп оғир синовларни бошдан кечирган санъаткоримиз юракларни сел қилгувчи қўшиқ-ашулаларини куйлайверсин, аммо орада баландпарвоз, керакли-кераксиз гапларни такрорлаши умуман ортиқча бўлди. Ва яна, ҳаваскор хонанда ўғилларини бундай катта дастурга зўрма-зўраки (бири отасини улуғловчи енгил қўшиқ куйлагани ҳам ғалати) тарзда намойиш этиши... кўпчиликка эриш туюлди. Улуғ ҳофизни халқимиз шундоғам бошига кўтаради! Энг муҳими, ана шу эҳтиромни унутмаслик керак. Буларни оддий бир мухлиснинг кечинмалари деб қабул қилгайсиз...
Мухлис