Мажбурий ижро бюроси табиий газдан фойдаланиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси билан чиқди. Вазирлар Маҳкамасининг шу мавзуга тегишли қарорининг лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.
Қоидаларга улгуржи истеъмолчилар томонидан газ таъминоти тармоқларига рухсатсиз уланиш, ҳисоблагичларни атайин бузиш ва пломбаларни узиш фактлари аниқланиши ҳоллари тўғрисидаги нормаларни қўшимча қилиш таклиф этилмоқда.
Барча ҳолларда истеъмол қилинган газ ҳисоб-китобини истеъмолчи расман давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб (тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда), бироқ даъво муддатидан (3 йил) ортиқ бўлмаган давр мобайнида уланган газдан фойдаланиш ускунаси суткасига 24 соат ишлаши ҳисобидан келиб чиқиб амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Бунда рухсатсиз уланиб фойдаланилган газ ҳажми қийматининг ундириб олиниши истеъмолчини мазкур ҳуқуқбузарлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этмайди (МЖТКнинг 101-моддаси, ЖКнинг 1852-моддаси). Бундай истеъмолчи дарҳол газ таъминоти тармоқларидан узиб қўйилади.
Лойиҳа рад этилиши, унга қўшимча киритилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.