Франциялик гимнаст Самир Аид Саид учун бу галги Олимпиада ўйинлари бахтсиз якунланди. Спортчи жамоавий сакраш машқларини амалга ошираётганида ерга оёқ қўяётиб чап оёғини тўпиғига яқин жойдан синдириб олди.
Унинг жароҳатидан ларзага келган аренадаги томошабинларнинг барчаси оҳ тортиб юборишган. Баъзи бир томошабинлар эса ижтимоий тармоқларда суякнинг синган овозини эшитишганидан даҳштага тушганликларини ёзишмоқда.
Тезкор тиббий гуруҳ етиб келгунига қадар Саид бир фурсат синган оёғини чап қўлида тутганича жон оғриғи талвасасида ётган.
Шу оғир ҳолатда тиббиёт аравачасида олиб кетилаётган спортчи кафтини аренадаги томошабинларга қарата кўтариб, уларга ҳамдардлик учун миннатдорчилик билдиришни унутмади.