"Мен кўп танилганим сайин ақлдан ҳам озиб бораяпман," деган эди таниқли олим Альберт Эйнштейн. Унинг атрофидагилар олимга тақлид қилишни хуш кўришарди. Ҳатто унинг ҳайдовчиси ҳам ҳавас қилиб, уникига ўхшаган мўйлов ва соч турмаги қўйиб олган экан.
Эйнштейннинг одамгарчилиги шу даражада эдики, учрашувларга борганида ҳайдовчисини ҳам ўзи билан бирга тўрга ўтқазиб қўяр экан. Олим ўта камтар ва хокисор бўлгани боис, кўпчилик Эйнштейн деб ўйлаб, ҳайдовчига мурожаат қилган вақтлар ҳам бўлган экан. Шу боис ҳайдовчи Эйнштейнга бериладиган саволларни, олимнинг жавоб бериш усуллари, ҳазил-мутойибага бой феъл-атворини, ғалати одатларини яхши ўзлаштириб олган эди. Буни анчадан буён кузатиб, уни бир синовдан ўтказиш мақсадида навбатдаги ақлбовар қилмас режани пишитибди.
Бир куни Нью Йорк шаҳридаги коллежлардан бирида ўтадиган учрашув тўрида унинг ўрнига олим сифатида ўтириш учун қўярда-қўймай ҳайдовчисини кўндирибди. Ҳайдовчига ҳам Эйнштейнга хос ғалатилик, даҳоларга ярашадиган телбаликдан бир оз юққан экан, шекилли, гапни жуда таранг қилавермасдан бу таклифга осонлик билан кўнибди.
Умуман олганда, учрашув яхши давом этар, олимнинг қиёфадоши ҳам ўзига топширилган ролга киришиб кетган эди. Эйнштейн эса ҳайдовчининг қалпоғини бошига бостириб, залнинг охирги қаторида бу манзарани завқ билан томоша қиларди.
Ўқувчилардан бири Эйнштейннинг баҳс-мунозараларга сабаб бўлган "электромагнитик кучлар" назариясига оид савол бергунига қадар тўрдаги олимнинг кайфияти чоғ эди.
Бу саволдан кейин орқадаги чинакам олим сергак тортди, беихтиёр бошини кўтариб унинг ролини ижро қилаётган ҳайдовчига қаради, унинг қўлга тушганини ўйлаб, қилган ишидан афсусланди. Аксига олиб, у нимагадир ҳали ҳаммани ишонтира олмаётган бу илмий фикрни ҳайдовчига айтишга улгурмаган экан.
Ҳайдовчи аввалига дудуқланиб қолди, фикрларини чувалаштириб ташлади. Ниҳоят, сониялар ичида миясига зўр фикр келди.
"Нега бу назариямни йирик олимлар ҳам тушунишни исташмаяпти, ҳайронман. Бу жуда оддий. Бу илмий ҳодисани ҳатто шу залда ўтирган ҳайдовчим ҳам жуда яхши тушунади," деб ҳайдовчи кийимидаги чинакам олимни саҳнага чақириб олиб, навбатни унга берган ҳамда вазиятдан чиқиб кетган экан.