Маданият

Эркаклар уй кийими тўғрисида?

Кўпчилик эркаклар уй кийимига алоҳида эътибор бериш шарт эмас, деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, кўчада ҳамманинг кўзи тушгани учун ясаниш керак, ўз уйида эса “бўлаверади”. Бугунги мақоламизда шундай анъанавий қарашларни ўзгартиришга уриниб кўрамиз.

Эркаклар уйда, кўпинча, энг арзон спорт кийимлари ёки оҳори тўкилган кўйлак-шим кийиб юришади. Юмшоқ қилиб айтсак, бу чиройли кўриниш эмас.

Ўз уйингда кўркам бўл

Ярашиқли кийимни ўз уйида кийиб юриш зарар қилмайди. У, нафақат, орасталикни таъминлайди, балки кайфиятингизни кўтаради, ўзингизга ишончни орттиради.

Гўзал ва қимматбаҳо либос харид қилиш шарт эмас, кийимнинг қулай ва ярашиқлилигига эътибор бериш лозим. Бу, хусусан, уйда ишловчиларга тегишли, боиси йил сайин уйда ўтириб ишлайдиганлар сафи ошиб бормоқда.

Уйда нима кийса бўлади?

Уйда спорт либосини кийиб юришингиз мумкин. Аммо, асосийси, у шалвираган трико, тиззаси ва чоти осилган иштон, ёқаси киндиккача тушадиган футболка ё майка бўлмасин. Кўп йигитлар пахта ва юмшоқ матодан тайёрланган кийимларни танлашади. Қишда эса иссиқ синтетик матодан тайёрланганини кийиш мумкин.

Уйда тукли матодан халат кийганлар эркаклар орасида учрайди. Бу яхши, аммо бутун умр шуни киймайсиз-ку, шунинг учун кийим жавонингизда футболка ва кўйлак сақланг. Салқин кунларда халат ўрнига миллий чопон кийсангиз бўлади. Тунга юмшоқ пижама маъқул.

Айримлар савол беришади: жинси матодан тикилган либосни уйга кийсак бўладими? Жавобимиз: бўлади, аммо айрим жиҳатларига диққат қаратинг. Жинси кийимлар, кўпинча, тор тикилади. Хонада исиб кетишингиз мумкин. Жинсини уйда кийишнинг афзаллиги шундаки, махсус парвариш шарт эмас, киртоғорада ҳам ювиб қуритиб кияверасиз. Дазмоллашнинг ҳожати йўқ.

for-male.ru сайти асосида тайёрланди