Ўша куни хориждан қайтаётган акамни кутиб олиш учун аэропортга боргандим. Мен кутаётган самолётнинг келиш вақти кечиктирилгани боис турли-туман шаҳарлардан келаётган йўловчиларни кузатиб ўзимни чалғитишга уринаётган эдим. Атрофимдаги турли-туман миллатларга мансуб одамларни кузатдим.
Ёнимда жажжи қизалоғини кўтариб олган ўрта ёшлардаги аёл икки ўғли билан кимнидир кутиб турибди. Кўп ўтмасдан оила жонланиб қолди ва болалар аэропорт терминалидан чиқиб келаётган эркакка қўл силтай бошлашди.
У киши оила олдига келиб, қўлидаги сафар сумкасини ўриндиққа қўйди ҳамда аёлни ва болаларни бирма-бир ўпиб, бағрига босди. Унинг бу оила бошлиғи эканлиги кўриниб турибди.
“Азизам, бир ўзинг болалар билан қийналиб қолмадингми? Менсиз қийналиб қолмадингизми? Ҳаммалариз соғ-саломат эканликлариздан хурсандман,” деди.
Кейин йигитларнинг ёши каттасига юзланди ва кафти билан унинг сочларидан силади.
“Ўғлим, кап-катта йигит бўлиб қолганга ўхшайсан! Сафардалигимда йўқлигимни билдирмасдан, оиламизга ғамхўрлик қилганинг учун сендан миннатдорман,” деди.
“Сен-чи, болам, мактабга бориб-келишда қийналиб қолмадингми? Мана, яна биргамиз. Ўзим сени спорт машғулотларинга олиб бораман,” деб кичкина ўғлини ўзига яқинроқ тортди. Кейин эса кўтариб олган, чамаси 2 ёшлардаги қизалоғини қайта-қайта ўпиб, эркалади.
Бу манзарани томоша қилар эканман, оиладаги меҳр-муҳаббат ришталаридан буткул таъсирландим. Оила қурганимга 2 йилдан ошган бўлса ҳам, оилавий муносабатларда бунақанги ҳолатни на бошдан ўтказган, на эшитган эдим.
“Кечирасиз,” дедим оила бошлиғига бехосдан. У киши узоқ парвоздан кейин толиққан кўзларини менга тикди. “Анчадан буён сафарда бўлган кўринасиз?” дедим қизиқсиниб.
Оила бошлиғи менга бир оз қараб турди. Унинг “Ҳа, 3 кунлик хизмат сафарида эдим,” деган жавоби мени янаям шошириб қўйди. Ишонгим келмасди, лекин у рост сўзлаётгани аниқ.
Кейин турмуш қуришганига қанча бўлганини сўрадим. У киши турмуш ўртоғига қараб жилмайди ва шу баҳорда никоҳларига ўн тўрт йил тўлганини айтди. Ҳайратим янада ошди.
“Қойил,” дедим бахтли оилага яна бир бор мамнунлик билан разм солиб. “Умид қиламанки, менинг ҳам оиламга, аёлимга бўлган эътиборим ўн йиллардан кейин худди бугунгидек юқори бўлади,” дедим саволларимни изоҳлаган бўлиб.
Шунда мени тушунган оила бошлиғи мийиғидаги табассум ўрнини жиддийлик эгаллади ва менга ўткир ва хотиржам нигоҳ билан боқди.
“Умид қилма, қарор қил, дўстим! Зеро, эркакнинг ўз оиласини фароғатга бошлаши унинг умидига эмас, қарорига дахлдор масала,” деди у ва яна табассум қилиб, бу йўлда менга омад тилаб хайрлашди.