Биласизми?

Элон Маскнинг муваффақият тамойиллари: Ҳаётингизни ўзгартириши мумкин бўлган 6 сабоқ

Таассуротларга бой умр эгасининг ягона ютуғи – унинг ўзига хос турмуш тарзи ва ўзгармас қоидаларидир. Уларнинг ҳаёт йўли сизни ҳам муваффақиятга олиб бориши тайин.

Элон Маск – SpaceX, Tesla Motors, SolarCity ва бошқа кўплаб глобал компаниялар раҳбари, асосчиси.

У 10 ёшида электрон ҳисоб-китоб тизимини ихтиро қилган, 12 ёшида видео ўйин ва иш жараёни учун технологиялар яратиб, 500 АҚШ долларига пуллаган. Ихтирочи болакай бугун сайёрамизнинг пешқадам бизнесменларидан бири.

Биз ҳали Ердаги ҳаётимизни режа қилиб юрган бир даврда, Элон Маск 2040 йилгача Марс сайёрасида 80 минг кишилик шаҳарчани бунёд этиш устида бош қотирмоқда.

Элон Маск ундан ўзи ҳақида сўраган журналистларга миллиардлаб инсонлар қаторидаги оддий бир одам тўғрисида эмас, уни ташвишга солаётган глобал мавзулар, муаммолар, муқобил энергия манбаи, экологик зарарсиз транспорт, сайёралараро саёҳат йўналишидаги лойиҳалар тўғрисида суҳбатлашиш истагини билдиради. У ўзининг борлигига эмас, инсоният борлиғига, дардига диққатини қаратган ноёб давлатманд одамлардан бири.

Келинг, Элон Маск тамойили ва қоидаларига диққат қаратамиз. Ажаб эмас, бу сизнинг ҳам ҳаётингизни ўзгартириб юборса. Айтишадику, одам қилган ишни одам қилади.

1 – Сабоқ:

Танқидни қучоқ очиб кутиб олинг  

Танқид – машққа ўхшайди. Аввалига у сизни мадорингизни олгандай туйилса ҳам, аста-секин ўзининг мустаҳкам, бекам-кўст ва соғлом гавдасини намоён қилади. Мақтовни мақтов чақиради, аммо танқид муваффақиятга хизмат қилади.

Элон Маск айтади:

"Tesla Model S электромобили ҳақида ким биландир суҳбатлашсам, мен учун мақтов эмас, автомобилнинг суҳбатдошимга кўриниб турган камчиликларини эшитиш муҳимроқ."

"Одамларнинг танқиди – аслида унинг фикри. Дўстларимдан ҳам кетма-кет бирор маҳсулотнинг уларга ёқмаган жиҳатларини сўрасам, кейинги гал улар мен сўз бошламасимданоқ хизмат ёки маҳсулот юзасидан фикрларини баён қиладилар."

"Сен хатоларингга яқинроқ юришга одатлан. Шунда муваффақият сенинг мақсадингга айланади."

Амалга ошириш:

  1. Сизни бехижолат танқид қила оладиган 5 кишининг исмини ёзинг. Улар сизнинг ҳамкорларингиз, дўстларингиз, ҳамкасбларингиз, ота-онангиз бўлиши мумкин.
  2. Уларга қўнғироқ қилинг, хат юборинг ва уларнинг кўмагига муҳтож эканлигингизни баён қилинг. Таклифни бир оз бўрттирсангиз ҳам бўлади. Яъни, улар сиз чиндан ҳам уларнинг ёрдамига муҳтож эканингизни ҳис қилишсин.

"Менинг хатти-ҳаракатларим, лойиҳаларим, шахсий қарор ва муносабатим юзасидан фикрингизга муҳтожман. Агар мени хафа бўлади, деб ўйласангиз, хотиржам бўлинг. Мен танқидларни ҳам дўстона қабул қиламан. Агар ўйлашингиз учун фурсат керак бўлса, ҳозир сизни шоширмайман."

Сизни яхши биладиган инсонларда сиз ҳақингиздаги хулосалар доим бўлади. Уларни шу тахлит билиб олинг.

2 – Сабоқ:

Ҳақиқатга яқин ғояларни илгари суринг (ғоянинг асоси ва қоидасини англаш)

Альберт Эйнштейннинг фикрича, инсон муаммони унга сабаб бўлган омиллар ёрдамида ҳал қила олмайди. Аммо жаноб Маск бу фикрга қўшилмайди.

Мисол учун, одамлар аккумулятор батареяларнинг ҳар доим қиммат бўлганини айтишади. Улар бу қурилмани ясаш қимматга тушишини ўйлаб ҳам шундай фикр юритадилар. Бироқ, Элон Маскнинг тажрибалари, саъй-ҳаракатларига кўра, агар сиз аккумуляторни қисмларга бўлиб ташлаб, унга кетадиган харажатларга қизиқсангиз, аслида таннарх анча арзонга тушишига гувоҳ бўласиз.

Маскнинг сўнгги – хўжалик ва офисларга энергия манбаасини етказишда катта янгилик бўлиши кутилаётган Tesla Energy лойиҳаси ҳам айнан ана шу назарияга асосланган. Биз фойдаланаётган хизматлар ва маҳсулотлар аслида арзон ва содда.

Бирор ишни қилишдан олдин "нега буни қилишим керак?" деган саволга жавоб изланг. Унинг ортида турган асосий сабабларни топинг.

Элон Маск айтади:

"Ғоя ва ташаббусни, муаммо ва тўсиқларни идрок қозонида охирги тафсилотига қадар қайнатинг. Шунда уларнинг сабаби юзага кўтарилади."

Амалга ошириш:

  1. Шахсий ёки касбий энг катта муаммони ҳозироқ қоғозга туширинг.
  2. Уни таркибий қисмларга бўлиб ташланг.
  3. Кейин мана шу қисмларни қўлга киритиш ҳаракатига тушинг.

3 – Сабоқ:

Шовқинда туриб керакли товушга диққат қилиш

Элон Маск ғоялар орасидан керакли мақсадга диққат қилишни тарғиб қилувчи ягона миллиардер эмас. Уоррен Баффетнинг "қилиш мумкин бўлмаган рўйхат"и бўлса, Стив Жобснинг фикрига кўра, нима қилмаслик ҳақида аниқ қарор – нима қилиш кераклиги тўғрисида ягона тўхтамга келишдек муҳимдир.

Ёки Facebook ходими Ноа Каганнинг айтишича, Марк Зукерберг Facebook фойдаланувчиларини кўпайишига хизмат қилмайдиган ҳеч бир ғояни тан олмас экан.

Худди шу каби, Маск ҳам маҳсулот ёки хизматнинг яхшиланишига сабаб бўлмайдиган ғояни тан олмайди.

Элон Маск айтади:

"Tesla лойиҳасини амалга ошириш жараёнида рекламага ҳеч қачон маблағ сарфлаган эмасмиз. Унинг ўрнига маблағни тадқиқот ва ривожлантиришга, муҳандислик ва дизайн, энг яхши автомобиль ишлаб чиқаришга сарфладик. Яхши маҳсулот яратишга кўзимиз етмаса, лойиҳани якунладик."

Раҳбарлик кўникмаси ва ҳаётни изга солишга оид қўлланмалари билан машҳур америкалик консультант Стивен Кови ҳам диққат энг муҳим жиҳатга қаратилиши кераклигини таъкидлайди.

Элон Маск айтади:

"Бу саъй-ҳаракатинг натижаси кимгадир наф келтирадими? Агар бундай бўлмаса, ундан воз кеч."

Амалга ошириш:

  1. Кейинги йил эришишинг мумкин бўлган 20 та ютуғингни қоғозга тушир.
  2. Улардан 5 та имкони нисбатан кам бўлганини олиб ташла. Яна олиб ташла. Улардан ҳақиқатга яқин бештаси қолсин. Унутма, ўзингни кўзинг етган муваффақиятларингга қанчалар диққат қаратсанг, натижа ҳам шунчалик юқори бўлади.

PayPal тўлов тизими ҳамасосчиларидан бири, жаноб Маскнинг ҳамкори Питер Тил ҳам кўп эмас, ягона муваффақиятга диққатли бўлиш тарафдори.

4 – Сабоқ:

Муваффақиятсизликни имкониятга айлантиринг (аниқ режани аниқлаш орқали)

Ҳаракат қилмасликнинг бош сабаби – қўрқув ва ҳадикдир. Шу сабабли ҳам, ўзимиз хоҳлаган иш учун ҳужжат топширишга ҳаддимиз сиғмайди. Пулимизни беҳуда сарфлашдан қўрққанимиз учун ҳам бизнесни бошлашга ботина олмаймиз.

Сайёралар бўйлаб саёҳатга олиб чиқувчи компания режаси, эҳтимол, сиз учун кулгилидир. Аммо Элон Маск қўрқувни енгиб, SpaceX лойиҳасига маблағ тикишга қарор қилди.

Элон Маск айтади:   

"Уч марта уриниб кўрамиз. Агар ҳар учаласида $100 миллион долларгача маблағ тикиб, самога ракета учира олмасак, SpaceX лойиҳасидан воз кечамиз."

Натижа нима бўлди? Биринчи уриниш $30 миллион доллар сарф-харажат ва омадсизлик билан якун топди. Иккинчи уриниш $60 миллион долларлик харажат ва муваффақиятсизлик билан тугалланди. Аммо учинчи уринишда SpaceX’нинг ракетаси самони забт этди. Натижада, лойиҳа NASA'нинг $1.6 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги шартномасини қўлга киритди.

Элон Маск муваффақиятсизликдан қўрқмайди деб ўйлайсизми? Қўрқади. Аммо у мақсадли режа қилишга одатланган. Бу эса камида фойдали муваффақиятсизлик ва кейинчалик ундан чиқарилган хулоса кафолатини англатади.

Элон Маск айтади:

"Муваффақиятсизлик имконияни англатади. Агар унга рўпара келмасанг, демак ҳали илғор ғояларни татбиқ қилишдан йироқдасан."

Амалга ошириш:

  1. Агар амалга оширмоқчи бўлган лойиҳангизни ўзингиз ҳам аниқ тасаввур қила олмасангиз, мияда чарх ураётган фикрларни тартиб билан қоғозга тўкинг.
  2. Сиз ўзингизча учраш мумкин бўлган муаффақиятсизлик сценарийсини ёзинг.
  3. Кейин бунга сабаб бўлиши мумкин бўлган 10 та омилни ёзинг.
  4. Ҳар бир муаммони олдини олиш бўйича режа қилинг.

5- Сабоқ:

Ҳадик ва ташвишларни четга суринг

Сиз учрашингиз мумкин бўлган омадсизликда ўзингизни қандай тутишингиз мумкинлигини ўйланг. Лекин унутманг, сизга омад олиб келиши мумкин бўлган ишнинг ҳузури бундан 10 чандон зиёдроқ бўлади.

Элон Маск 17 ёшида бизнесмен бўлиб, ўз компаниясига эга бўлишни орзу қилган. Шу орзуни амалга ошириш учун у кам еб, кам кийган даврлари ҳам бўлган. Жаноб Маск ҳар куни ўзи учун 1 АҚШ долларидан кўп бўлмаган маблағ сарфлашга аҳд қилган. Қолган маблағни тажриба сифатида келажаги учун йиға бошлаган. Ўша кунлари у асосан ҳот-дог ва апельсин еб кун ўтказган.

У буни камбағаллиги учун қилмаган. Жаноб Элон Маск аслида бу йўл орқали ўзининг иродасини синовдан ўтказган. У шу орқали кун келиб, мабодо инқирозга юз тутган маҳалда ҳам, ҳеч бўлмаганда 1 доллар билан кун кечириши мумкинлигига ишонч ҳосил қилган. Шу орқали у муваффақият қаршисида пул аслида аҳамиятсиз нарса эканини ўзи учун кашф қилган. Айнан шу воқеадан кейин у бизнесмен бўлиш борасидаги қарорини ҳаётда синаб кўра бошлайди.

Элон Маск айтади:

"1 доллар ҳисобига бир кун яшай олишимни исботлаш борасидаги тажрибам ҳеч бўлмаса омадсизликда ҳам очликдан ўлмаслигимни исботлади. Ахир бир ойда 30 долларни осонлик билан топса бўлади-да."

Амалга ошириш:

  1. Ўзингиздан мабодо омадсизликка юз тутган вазиятда яна яшаб, оёққа туриш учун кучни қай йўсин топа олишингизни сўранг. Буларни ёзишдан эринманг.
  2. Агар бу вазиятдан чиқиб кетишга кўзингиз етса, лойиҳа ёки мақсадни амалга оширинг.

6- Сабоқ:

Имкониятингни ўз даражангиздан юқори турган лойиҳаларга сарфланг  

Кўпчилигимиз маблағ кўпроқ тўланадиган жойга югурамиз. Биз учун осонроқ ва қизиқроқ меҳнат тарзи муҳим. Аммо бизнинг саъй-ҳаракатимиз дунёга қандай таъсир ўтказаётгани, эртанги муаммоларнинг олдини олишда уларнинг ўрни, бугун ё эртани эмас, истиқболни кўзлаб иш тутишимиз кераклиги хаёлимизга ҳам келмайди.

Бизнес вакили ёки бошқа бирор соҳада муваффақиятга эришиш истагидаги инсон ҳамма каби уфққача бўлган масофани эмас, уфқнинг орқа томонида қандай манзара борлигини кўра олиши керак.

Элон Маск ҳеч қачон кўпроқ ва осонроқ пул топиш йўлини изламаган. У доим ўзидан бир саволни – инсониятни ҳозир нималар қийнаётгани, келажакда нималар кутаётгани ва одамлар бунга тайёр ёки йўқлигини сўрайди.

Элон Маскнинг суҳбатларини ўқинг, чиқишларини кузатинг: у ҳеч қачон фойда тўғрисида оғиз очмайди. У доим интервьюларида ўз лойиҳаларининг инсониятга тегиши мумкин бўлган нафи ҳақида тўхталади.

У ўз дунёсини эмас, инсоният дунёсини ўзгартириш учун муаммоларга ечим излайди.

Элон Маск айтади:

"Модомики етарлича асосли бўлган ниманидир қилиш керак бўлса, имкониятлар бизга қарши бўлган тақдирда ҳам, уни амалга ошириш керак."

Амалга ошириш:

  1. Айни вақтда амалга ошираётган лойиҳа ва мақсадингизни қоғозга туширинг.
  2. Ўзингиздан сиз амалга ошираётган иш сизнинг имкониятларингиздан юқорими ёки йўқлигини сўранг. Агар жавоб "йўқ" бўлса, унда ўзингизга муносиб бўлган ишга киришинг.

 Элон Маск ҳаётига оид инфографика:

[caption id="attachment_3219" align="alignnone" width="1000"]Элон Маск ҳаётига оид инфографика Элон Маск ҳаётига оид инфографика[/caption]

Барчангизга ҳаётда ва касбий фаолиятда омад ёр бўлсин!