Биласизми?

«Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Айни пайтда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни кетаётган «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, деб ёзади ЎзА.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилган эди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш Конвенциясини бундан буён ҳам амалга ошириш тўғрисидаги фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек ушбу Конвенция нормаларини имплементация қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ушбу қонун лойиҳаси шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашга, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам беришга, уларнинг оқибатларини бартараф этишга, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга имкон бериши билан аҳамиятли.

Мазкур ҳужжатни маромига етказиш, уни такомиллаштириш юзасидан жамоатчиликнинг таклифларини олиш мақсадида қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси расмий веб-сайтидаги «Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари» рукнига жойлаштирилди.