Пул бўлса, чангалда шўрва!
Яширишга ҳожат йўқ: бу дунёда пул ҳамма нарсани эмас, лекин кўп нарсани ҳал қилади. Шундай экан, пулнинг етарли бўлгани маъқул. Айрим кишилар бойиб, бор будини ўз манфаатлари ва ҳузури учун сарфлайди. Нима ҳам дердик, ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич, дейишган. Пешана тери билан топган бойлигини ўзи истаганча истифода этишга ҳақли. Аммо дунёда шундай бойлар ҳам борки, уларнинг цивилизацияни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Келинг, қуйидаги рўйхатга назар ташлаб, ана шундай бойлар ва улар эришган ютуқлар билан танишамиз.
Илон Маск: Темир одам
45 ёшда, АҚШ. Бойлиги: 10,7 миллиард доллар
Илмий фантастикага ошно бўлиб ўсган Илон Маск ўзининг оламшумул лойиҳалари билан аллақачон бутун дунёнинг оғзига тушган. Cимпсонлар оиласи ҳақидаги мультфильмнинг бир серияси айнан унга бағишланган. Шунингдек, Илон Макс суперқаҳрамон – Темир одамнинг тирик прототипидир.
Ютуқлари
Илон Макс бошчилигидаги SpaceX дастури доирасида сунъий йўлдошлар учирилмоқда. 2019-2024 йиллар оралиғида 4,5 мингга яқин сунъий йўлдошни фазога йўллаш режалаштирилган. Бундан ташқари, Илон Макс PayPal онлайн тўлов тизими муаллифларидан биридир, унинг Tesla Motors компанияси электромобиллар ишлаб чиқаради, SolarCity компанияси эса қуёш батареялари етказиб бериш бўйича Шимолий Америка минтақасида етакчи ҳисобланади. 2015 йилда Илон Маскнинг хайрия жамғармаси сунъий онг билан боғлиқ лойиҳалар учун Инсоният келажаги институтига 10 миллион доллар ажратди.
Дунёни қутқариш режаси
Маскнинг режалари улкан. Масалан, Tesla Motors компаниясида оддий бошқарувдан ўн карра хавфсизроқ автопилотни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи ва дунёнинг йирик шаҳарларида ҳайдовчисиз автомобиллар паркларини очмоқчи. Hyperloop вакуум поезд лойиҳасига кўра, йўловчилар соатига 1220 километр тезликда – самолётдан-да тезроқ – манзилига етказиб қўйилади. Тўрт мингдан ортиқ сунъий йўлдошни фазога учириши орқали интернетнинг янада тезроқ ишлашини таъминлашга эришиш режалаштирилган.
Илон Маскнинг энг асосий мақсади – Марсни эгаллашга имкон берадиган фазовий транспорт тизимини яратиш. Марсга илк парвоз 2025 йилда амалга ошиши кутилмоқда. Ҳозирча кўпчилик Маскнинг ушбу лойиҳасига шубҳа билан қарамоқда. Айтиш керакки, одатда унинг лойиҳаларига шубҳа билан қарашади, аммо у ҳар доим режасининг уддасидан чиқади.
Илон Маскдан иқтибсос
“Инсонлар Ерни тарк эта олар экан, демак, келажагимиз сайёрамиз чегараларининг нариги томонида”.
“Оддий одамларнинг ҳар доим нооддий бўлиш учун имкони бор – ҳамма гап шахсий танловда”.
Билл Гейтс: саховатпешалик бўйича рекордчи
61 ёш, АҚШ. Бойлиги: 86 миллиард доллар
Microsoft компанияси асосчиларидар бири, ахборот технологиялари соҳасида инқилоб ясаган ва компьютерларни кундалик ҳаётимизнинг бир парчасига айлантирган Билл Гейтс хайр-саховат бобида кўпчиликка ўрнак бўлмоқда.
Ютуқлари
Уни саховатпешалар орасида рекордчи дейиш мумкин: Билл Гейтс рафиқаси билан асос солган жамғармага шу пайтгача 28 миллиард доллардан ортиқ маблағ ўтказди. 2010 йилда у Уоррен Баффет билан “Тортиқ қасами” деб номланган кампания бошлаб, миллиардерларни бойликларининг камида ярмини эзгу ишларга сарфлашга даъват этди.
Дунёни қутқариш режаси
Эр-хотин Гейтслар бойликларининг 95 фоизини хайрия учун сарфлаш ниятида. Билл ва Миланда Гейтс жамғармаси миллионлаб кишилар ҳаётини қутқаришга ёрдам берувчи янги вакциналар ихтиросига йўналтирилган соғлиқни сақлаш соҳасидаги тадқиқотларни молиялаштиради. Жамғарма ночор мамлакатларда ўлим ҳолатларини камида 80 фоизга камайтириш ҳамда безгак, полиомиелит ва ОИТСни тугатишни ўз олдига мақсад қилиб олган. Яна бир мақсади – дунё бўйича таълим тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш.
Билл Гейтснинг фикрича, энергетика соҳасидаги қатъий ва шошилинч чораларгина глобал исишни тўхтатиб қолиши мумкин. У муқобил энергия манбаларини топиш ва ишлаб чиқишга 1 миллиард доллар ажратишга ваъда бермоқда. Миллиардер ҳомийлик қиладиган TerraPower компанияси 2020 йилгача ярим аср тўхтовсиз ишлашга қодир ядровий реактор прототипини барпо этишни режалаштирган.
Билл Гейтсдан иқтибос
“Агар камбағал бўлиб туғилган бўлсанг, бу сенинг айбинг эмас. Аммо шундай ҳолда ўлсанг, бу аниқ сенинг айбинг”.
“Муваффақият – ярамас ўқитувчи. У ақлли одамлар муваффақиятсизликка учрашлари мумкинлигини эсдан чиқаришларига имкон беради”.
“Сизнинг энг норози мижозларингиз – ривожланишингиз учун энг яхши манбадир”.
Юрий Мильнер: ўзга сайёраликларни қидириб
55 ёшда, Россия. Бойлиги: 2,9 миллиард доллар
У россиялик миллиардерлар бойлигини фақатгина нефть ва газ эвазига кўпайтиради, деган фикрни йўққа чиқариб, биринчилардан бўлиб юқори технологияларга қизиқиш билдирди. Илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштиришга катта эътибор қаратади.
Ютуқлари
Мильнер Mail.ru асосчиси ҳисобланади, 2016 йилнинг охирига келиб ушбу интернет-корпорациянинг капитализацияси 3,65 миллиард долларга етди. У ҳашаматли яхталар ёки футбол клубларини сотиб олиб ҳаммани ҳайрон қолдирадиган россиялик бойлардан фарқли равишда илм-фанни қўллаб-қувватлаши билан ном чиқарган. Масалан, 2012 йилда 3 миллион долларлик (Нобель мукофотидан уч баравар кўпроқ) “Фундаментал физика бўйича мукофот”ни таъсис этди. Хитойлик миллиардер Жек Ма билан бирга “Математикадаги ютуқлари учун мукофот”ни таъсис этган, бу мукофот ҳам 3 миллион долларлик.
Дунёни қутқариш режаси
Мильнернинг фикрича, фундаментал фан ва космик лойиҳаларга срамоя киритиш фақатгина давлатнинг иши эмас. У 2015 йилда коинотни ўрганишга мақсад қилган Breakthrough Initiatives лойиҳасига 100 миллион доллар ажратди. Бу маблағнинг катта қисми дунёдаги йирик телескоплар ёрдамида ўзга сайёралардан сигналларни қидиришга сарфланади. Айни пайтда коинотдан келадиган маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш фаолияти амалга оширилмоқда. Сайёралараро сафарлар учун кемалар лойиҳасига кўра, космик аппаратларнинг ҳажми анчагина кичрайтирилиши керак. Катта кемалар керакли тезликка чиқа олмайди, шунинг учун наноўлчамли аппаратлар зарур. StarChip нанокемаси эса соатига 160 миллион километр тезликда ҳаракатланиши кутилмоқда, бу кема ёрдамида ўзга сайёраларда ҳаёт бор-йўқлиги текширилади. Масалан, StarChip энг яқин юлдуз бўлмиш Альфа Центаврга 20 йил давомида етиб боради, у ерда ҳаёт бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотни яна 4 йил кутамиз. Ўзга сайёраликлар билан учрашишни 100 йилдан бери кутамиз, яна озроқ кутсак, ҳеч нарса қилмайди.
Юрий Мильнердан иқтибос
“Келгусида интернетга кириб, одам билан ёки сунъий онг билан мулоқот қилаётганингизни била олмайсиз”.
Марк Цукерберг: ҳаммани тармоққа тортиш
32 ёшда, АҚШ. Бойлиги: 55,5 миллиард доллар
Цукерберг аввалига Гарвард университети талабалари учун яратган Фейсбукдан бугун бутун дунё фойдаланмоқда. Дунёда ҳеч ким у каби тез бойимаган. Таъкидлаш керакки, Цукерберг бойлигининг каттагина қисми хайрия ишларига сарфлайди.
Ютуқлари
Марк Цукерберг “Форбс” журнали тузадиган энг бойлар рўйхатига илк бор 2008 йилда кирган эди, ўшандан бери унинг бойлиги 37 баравар ортди. У “Тортиқ қасами” кампаниясига қўшилган бўлиб, даромадининг 50 фоизини хайрияга ажратади. 2015 йилда қизи Максига туғилганидан кейин Фейсбук асосчиси акцияларининг 99 фоизини рафиқаси билан очган “Чан-Цукерберг ташаббуси” хайрия жамғармасига ўтказишини маълум қилди.
Дунёни қутқариш режаси
Эр-хотин Цукербергларнинг икки асосий мақсади бор: инсон салоҳиятини орттириш ва тенгликни қўллаб-қувватлаш. Биринчиси таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий тармоқлар ёрдамида инсонлар ва ғояларни бирлаштириш, экологик соф энергия манбалари яратишни ўз ичига олади. Иккинчиси эса ҳар бир кишининг бу ютуқлардан фойдалана олишини таъминлаш.
“Чан-Цукерберг ташаббуси” ана шу мақсадларни амалга ошириш учун тузилган. Аввалига жамғарма таълим лойиҳалари билан шуғулланар эди, бироқ 2016 йилда лойиҳанинг янги йўналиши – Chan Zuckerberg Science эълон қилинди: тиббиёт ва биомуҳандислик соҳаларидаги фундаментал тадқиқотлар учун 3 миллиард доллар йўналтирилади. Эр-хотин Цукерберглар инсониятни юрак-қон томир, юқумли, неврологик ва онкологик касалликлардан қутқаришни орзу қилмоқда.
Марк Цукербергдан иқтибос
“Ижтимоий тармоқлар дўстликнинг муқобили эмас, давомидир”.
Жек Ма: бизнес билимдони
52 ёшда, Хитой. Бойлиги: 28 миллиар доллар
У дунёдаги энг йирик савдо корпорацияларидан бири ҳисобланувчи Alibaba Group асосчисидир. Жек Ма оқил ва сахаватпеша раҳбар ҳисобланади – ходимлари ўз орзуларини амалга ошириш учун ишлашини истайди.
Ютуқлари
Жек Ма 1990-йилларнинг охирида хитойлик ўрта ва кичик тадбиркорлар учун яратган онлайн савдо майдони нафақат Хитой, балки бутун дунёда технологик ва иқтисодий янгилик бўлди. Alibaba Group даромадининг бир қисмини атроф муҳитни асраш ва иқлим ўзгаришларига қарши дастурларга сарфлайди. Шунингдек, Ма аёллар ҳуқуқлари учун ҳам курашади: унинг компанияларида ишлайдиганларнинг 50 фоизини, бошқарувдагиларнинг 30 фоизини аёллар ташкил этади.
Дунёни қутқариш режаси
Жек Ма 2010 йилда Alibaba хайрия жамғармасига асос солди, 2014 йилда эса рафиқаси билан биргаликда Alibaba group акцияларининг 2 фоизини ана шу жамғарма ихтиёрига топширди. Маблағлар табиий офатлардан азият чекканларга ва экология дастурларига сарфланади. Манинг фикрича, Хитойдаги экологияни яхшилаш учун жиддий одимлар отилиши зарур. “Хитойда тоза ичимлик суви, ҳаво билан боғлиқ муаммолар сабаб 10-20 йилдан кейин соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб муаммолар, саратон касалликларининг ортиши билан юзлашамиз. Шунинг учун ҳам экология мен пулимни ва вақтимни сарфлаш учун тайёр бўлган соҳалардан биридир. Бундан ташқари, маданият ва таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Акс ҳолда ёш хитойликларнинг чўнтаги чуқур, лекин ақли юзаки бўлади”.
Жек Мадан иқтисоб
“Мен Билл Гейтс билан пулни хайрияга самаралироқ сарфлаш бўйича рақобат қиламан”.
“Глобал муаммоларни давлат ечиб беришини кутиш – утопия. Уларни ўзимиз ҳал қилишимиз керак”.
“Сайёрамизда интернет билан нафас оладиган, интернет билан еб-ичадиган миллионлаб ёшлар бор. Ана ўшалар бизнинг умидимиз”.
Манба: Sof.uz