Таълим

Буюк Британиянинг энг нуфузли беш университети

Ҳаётда муносиб ўринга эга бўлишда таълимнинг ўрни беқиёс. Айтишларича, таълим масканларининг ривожи ер юзида жиноятчиликнинг камайишига хизмат қилар экан. Яхши таълим – фаровон умрнинг гаровидир. Бугун жаҳоннинг 180 дан зиёд давлатидаги олий таълим муассасалари сони деярли 24 мингтага етади.

Биз сизга қуйида илм-маърифатнинг марказий ўчоқларидан бўлган Буюк Британиянинг энг нуфузли олий ўқув юртлари ҳақида маълумот берамиз.

Кембриж университети

Буюк Британиянинг ҳамда дунёнинг энг яхши университетига 1209 йил асос солинган.

Англиянинг Кембриджшир графлигида жойлашган.

Университет таркибида 31 та коллеж,150 та кафедра, факультет, мактаб ва институтлар мавжуд. Бу ерда 28 та таълим йўналишида ўқув ишлари ташкил қилинади.

Айни пайтда университетда 18,448 нафар талаба таълим олади.

Университет шиори: “Биз бу ерда қимматли маърифат ва бебаҳо билимлар оламиз”.

Халқаро талабаларга 2016 – 2017 ўқув йили учун ўқув-шартнома пули ўқув йўналишидан келиб чиқиб, 23 – 55 минг АҚШ доллари.

Оксфорд университети

2University-Oxford(4)

Жаҳоннинг энг қадимги ва нуфузли таълим муассасасига тахминан 1096 йил асос солинган.

Университет жанубий Англиянинг Оксфорд шаҳрида жойлашган.

Университет таркибида 38 та коллеж ҳамда 100 дан ошиқ кафедра, факультет ва илмий институтлар мавжуд. Бу ерда 100 дан ошиқ таълим йўналишида ўқув ишлари ташкил қилинади.

Айни пайтда университетда 22,116 нафар талаба таълим олади.

Университет шиори: “Эътиқодим – менинг маърифатим”.

Халқаро талабаларга 2016 – 2017 ўқув йили учун ўқув-шартнома пули ўқув йўналишидан келиб чиқиб, 22 – 33 минг АҚШ доллари.

Лондон коллеж университети 

Халқаро университетлар рейтингига кўра, дунёнинг энг яхши олий таълим муассасалари ўнталигидан жой олган Лондон коллеж университети жаҳоннинг энг нуфузли таълим масканларидан биридир. Унга 1826 йил асос солинган.

Университет Лондоннинг Блумсбери туманида жойлашган.

Лондон коллеж университети таркибида 11 та факультет ҳамда 100 дан ошиқ кафедра, илмий тадқиқот институтлари мавжуд.

Лондон коллеж университети Лондондаги энг кўп талабалар таҳсил оладиган университет ҳисобланади. Бу ерда 36,000 нафар талаба билим олади.

Университет шиори: “Хизмати туфайли улкан мукофотга эришмоқчи бўлганларнинг барчаси келсин”.

Халқаро талабаларга 2016 – 2017 ўқув йили учун ўқув-шартнома пули ўқув йўналишидан келиб чиқиб, 23,000 – 46 минг АҚШ долларигача.

Лондон империал коллежи

Илм-фан, инженерлик, тиббиёт ва бизнес соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган Лондон империал коллежи университетига 1907 йилда асос солинган.

Университет Марказий Лондоннинг Жанубий Кенсингтон туманида жойлашган.

Британиянинг Quacquarelli Symonds компаниясининг 2014-2015 ўқув йиллари бўйича Жаҳон университетлари рейтингида Лондон империал коллежи 2-ўринни эгаллаган.

Университетда 4 асосий факультет ва 40 дан зиёд кафедралар, тадқиқот институтлари мавжуд.

Мазкур таълим масканида дунёнинг 125 мамлакатидан 14,700 нафардан зиёд талабалар таҳсил олади.

Университет шиори: “Билим - безак ва империянинг ҳимояси”.

Халқаро талабаларга 2016 – 2017 ўқув йили учун ўқув-шартнома пули ўқув йўналишидан келиб чиқиб, 23,000 дан – 30 минг АҚШ долларигача.

Эдинбург университети

Шотландиянинг энг қадимги ушбу таълим масканига 1583 йилда асос солинган.

Қадимги бинолар ва ёдгорликларга эга университет ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Олий таълим муассасаси Шотландия пойтахти Эдинбург шаҳрида жойлашган.

Бу ерда Чарлз Дарвин, Граҳам Бел, Артур Конан Дойл каби таниқли шахслар таълим олишган.

Таълим маскани таркибида 8 та факультет, 3 та коллеж ва 70 дан зиёд институт ва кафедралар, илмий муассасалар, 22 та мактаб мавжуд.

Эдинбург университетида 32 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олади.

Университет шиори: “Билимсиз ҳаммаси беҳуда”.

Халқаро талабаларга 2016 – 2017 ўқув йили учун ўқув-шартнома пули ўқув йўналишидан келиб чиқиб, 24,000 дан – 31 минг АҚШ долларигача.