Буюк қалб эгаси Гандининг Гужаротдаги Hridaya Kunj уй-музейида дунёнинг буюк инсонлари қаторида Рус адиби Толстой сурати ҳам тасвирланган. Бу бежизга эмас. Зеро, бу икки даҳонинг ғояси ягона бўлган: улар зўравонликни эзгулик билан енгиш мумкин деб ҳисоблашган.
Лев Толстой барча адиблар ҳавас қиладиган ижодкор. Абдулла Қаҳҳор Лев Толстойни “бўйи баробар китоб ёзган” дея таърифлайди. "Уруш ва тинчлик", "Анна Каренина" каби барҳаёт асарлар муаллифи 82 йиллик умрини қай тарзда муносиб тақсимлагани барча учун қизиқ.
"Бошқалардан ҳеч бир фарқли жиҳатим йўқлиги ҳақидаги фикрга ўзимни ҳам, бошқаларни ҳам ишонтиришим керак," деб ёзган эди ёзувчи 25 ёшида, 1853 йил. Бироқ бу фикр айтилишидан 3 йил илгари адиб ҳикмат ва ижодга бой ҳаёт йўлининг асоси бўлган умр қоидаларини белгилаб олган эди.
Адиб ҳар тонг соат бешда уйғонишга, кечки ўндан кечикмасдан тунги уйқуга кетишга одатланган экан. Шунингдек, Толстой кундуз куни ҳам 2 соатлик уйқуни канда қилмаган. Овқатланиш масаласида адиб тўйиб овқатланишни қоралаган. Толстой доимо ширинликлардан ўзини тийган экан.
Адиб бир кунда камида бир соат яёв кезишни хуш кўрган. У ўзининг ёрдамига муҳтож бўлганларни қўллаб-қувватлаган, ғийбатларга эътибор қаратмаган. Толстой барча ишни ўз вақтида, бир вақтнинг ўзида икки ишни қилмасликка одатланган.
Зарурат туғилмаса, ёзувчи тасаввур ва орзуларига эрк бермаган. Адиб туйғуларини ошкор қилмаган. Кайфиятини одамларнинг у тўғрисидаги фикрларидан ҳимоя қила олган. Толстойнинг уни севган, ишқий мактублар йўллаган мухлисалари жуда кўп бўлган бўлса-да, адиб аёлларга нисбатан доимо дўстона муносабатда бўлган.
Толстой ўзини ошкор қилмасдан туриб, олижаноб ишларни қилишни ҳам хушлаган. Адиб ўзидаги кучли эҳтирослардан узоқ ва машаққатли ижодий жараён ёрдамида ғолиб келган. Омади юришмаган кишиларга мурувват кўрсатиш адибнинг ҳаёт шиори бўлган.
50 ёшида унинг ҳаётида кескин бурилиш содир бўлади. Толстой ҳаётининг асосий мазмуни “Ҳаётнинг маъноси нимада?”, деган савол бўлиб қолади. Бу унинг учун ўта оғриқли, қийноқли эди.
Лев Толстой қуйидаги қоидаларга амал қилган:
- Ўзи билмаган ёки ёқтирмайдиган одамларнинг мақтовини олишга уринмаган.
- Ҳар тонгда кунлик режа тузиб, уни бажаришга уринган.
- Бошқаларнинг фикри билан ҳисоблашиш ўрнига ўз устида кўпроқ ишлаган.
- Шуҳрат учун сарф-харажат қилишдан ўзини тийган.
- Ўзи учун иложи борича кўпроқ фойдали машғулот ўйлаб топишга интилган.
- Бир ўзи уддалай олиши мумкин бўлган ишга бошқаларни овора қилмаган.
- Ҳеч қачон ҳиссиётларини ошкор қилишга уринмаган.
- Яқин кишисини ўзидай яхши кўришга, икки яқин кишисини эса ўзидан ҳам кўпроқ яхши кўрган.
- Яхшилик қилишга имкон излаган.
- Яхши бўлишга ва унинг яхши эканини ҳеч ким билмаслигига интилган.
- Ҳар тун кундузи ўрганганларини такрорлашни одат қилган.
- Ортиқча нарсани ўзи учун эмас, жамият учун ишлатган.
- Ҳаммани бирдай яхши кўрган, хусусан бунинг қаторида ўзига нисбатан меҳр ҳам бўлган.
- Элнинг муҳаббати учун майда туйғулардан воз кечган.
- Бошқа одамларнинг ҳамиша яхши томонини излаган, ёмон томонига диққат қаратмаган.
- Шароит қанча ёмон бўлса, ҳаракатни шунча кучайтиришга интилган.
- Бор нарсаларга қаноат қилишни одат билган.
- Бирор ишни бошласа, охирига етказмай ташлаб кетмаган.