Минглаб кишилар маошни маошга етказиб яшайдилар. Молия мутахассиси Том Корли (Tom Corley) камбағал ва бой одамлар одатларини узоқ йил кузатди. Унинг “Кундалик муваффақият: бой одамларнинг одатлари” китобида бадавлат кишилар қайси одатлари билан бошқалардан фарқланиб туришларига тўхталади. Бундан ташқари Корли муваффақият ва бойликка эришиш учун бир қатор тавсиялар беради. Бу тавсиялар мақоламизда акс этган.
- Ҳар куни бирор фойдали одатни касб қилинг
Биз фойдали одат деганда бирор фойдали амал, хатти-ҳаракатни давомий бажаришга ўрганишни назарда тутмоқдамиз. Фойдали одатлари билан омадли одам омадсиз кишидан фарқланади.
Том Корли китобида бир варақ қоғозни иккига бўлиб чап тарафига зарарли одатларингизни, ўнг тарафига эса улардан қандай қутулиш ҳақида ёзинг, дейди. Масалан бундай қилиб:
Ёмон одатлар | Яхши одатлар |
Телевизорни кўп кўраман | Тв томошасини кунига бир соатдан оширмайман |
Исмларни эслаб қололмайман | Хотирлаш машқларини бажараман |
Беҳуда нарсаларга кўп пул сарфлайман | Маблағ сарфлашга чеклов ўрнатаман ва ҳар гал ўзимга “Нега керак?” деган саволни бераман |
Ҳар бир пунктга 30 кун давомида қатъий риоя этишга бел боғланг. Бир ойдан сўнг ҳаётингиз ўзгариб кетганидан ҳайратланасиз.
- Ҳамиша олдингизга мақсад қўйинг
Омадли одамларни мақсад ҳаракатлантиради. Уларнинг олдида забт этилмаган чўққилар туради. Чўққидан ошиш учун кунини тўла режалаштириб олади.
Сиз ҳам улардек бўлишни истасангиз, бир ҳафтага, бир ойга ёки бир йилга мўлжалланган мақсадни олдингизга қўйинг. Аммо режасиз иш қолипсиз ғишт кабидир, шу сабабли мақсадга интилиш режа асосида бўлсин. Мақсадга етиш алгоритмини тузинг. Ҳар бир ташлаган ва ташламаган қадамингиз учун масъулиятни ўз зиммангизга олинг.
- Асосий сабаб нима?
Бойлик ва омадга эришишни жон-дилдан истаб мақсад қўйдингиз. Аммо мақсадингиз остида нима ётибди? Сизга омад нега керак? Бунга ўзингизда ички эҳтиёж борми ёки танишларингизга “кўрсатиб қўймоқчи”мисиз? Кўп пул топиш нега керак? Оила бошлиғи сифатида вазифангизми ёки “ҳамма шунақа қиляптику”, деб изоҳлайсизми? Бу ҳақда чуқур ўйлаб кўринг.
- Ишни охиригача етказинг
Ишни бошлаганда ёки ярмига келганда бирдан чўчиш ҳисси пайдо бўлиши мумкин: “эплолмасам-чи..”, “жуда қийин экан..”. Аммо уддабурон ва иродали кишилар бошлаган ишини якунига етказмасдан қўймайди.
Том Корли бу ҳол тадбирли кишиларда автоматик тарзда содир бўлади, дейди. Бир нарсага иштиёқ пайдо бўлдими – миясида “Бу ишни қилиш керак” деган чироқ ёнади. Қанча зерикарли ва мураккаб туюлмасин сиз ҳам шу чироқни ёқинг.
- Ишни ортиғи билан бажаринг
Бошқалардан ортда қолмаслик учун шунчаки иш-пиш қилиб юрганлар ўртамиёна кишилардир. Муваффақиятни қувлаган инсон ишни ортиғи билан бажариши шарт! Бунинг учун ишда тутилиб қолишни вазият тақозо қилса, шундай қилинг.
Кичик қўшимча. Ишга бор куч-ғайратни сарфлашингиз учун ўзингиз ёқтирган фаолият билан шуғулланишингиз керак. Хуллас, кўнглингиздаги иш билан шуғулланинг.
- Одамлар билан муносабатларни изга солинг
Омадли шахслар худбин ёки одамови эмас. Уларнинг диққат марказида доимо бошқалар туради. Айримлари ҳамкорлар ва дўстлари билан атайин учрашишга алоҳида кун ажратишади.
Омади кулган кишилар таниш-билишлари сафини кенгайтиришга интилади, биродарларига тез-тез беғараз кўмаклашиб туради.
Танишларингиз сони қанча кўпайса, уларнинг исмини эслаб қолиш қийинчилик туғдиради. Адаштириб юбормаслик учун хотирда сақлашнинг махсус усулларини ишлатинг.
- Кам гапириб кўп тингланг
“Кўп тинглаб кам гапириш учун Худо икки қулоқ ва бир оғиз ато қилган”, дейди донолар. Эшитиш –уқиш демакдир. Диққат билан тинглашда фойда кўп.
- Ҳамфикр топинг
“Дўстинг кимлигини айтсанг...” ибораси ҳақлигини яна таъкидлаб ўтирмаймиз, аммо кишининг хулқ-атворига яқин дўстларининг таъсир кўрсатиши факт. Бадавлат ва омадли бўлмоқчимисиз? Тўкис, омадли кишилар билан дийдорлашиб туринг ёки режалари сизнинг режаларингиз билан уйғун бўлган кишилар билан дўстлашинг. Бир-бирингиздан ўрганасиз, қийин пайтда мадад берасиз.
- Устоз топинг
Ҳаммасини китобдан ўрганиб бўлмайди. Шу сабабли кўплаб омади кулган одамларнинг устози бор. Устоз уларнинг ишларига баҳо ва маслаҳат бериб туради. Кўпни кўрган одамнинг тажрибасига амал қилсангиз, мақсад сари йўлингиз икки баробар қисқаради. Устоз билан мулоқот қилган сари интизомга ўрганасиз.
- Тежамкор бўлинг
Омадли одамлар даромадининг 10 фоиздан 20 фоизгача қисмини сармоя қилади, дейди Корли.
- Кўрпага қараб оёқ узатинг
Кўп пул топган эмас, ақл билан сарфлаган бой бўлади. Чўнтак билан ҳисоблашмасдан яшаётганлар тақчилликка учраб қолишларига ўзлари сабабчидирлар. Ойликни ойликка тақаб яшайдиганларга қимматбаҳо машина харид этиш ёки кредитга серҳашам жиҳоз олиш мутлақо шарт эмас.
Чиндан ҳаётингизни ўзгартирмоқчи бўлсангиз харажатларингизни тартибга солинг ва молиявий режа тузинг.
- Камолотга интилинг
Камолот деганда ёшлар ҳаракатини эмас, комилликка интилиш, ўз устида тинимсиз ишлашни назарда тутяпмиз. Кўплар ўқиб-ўрганишни афзал кўришади, бу ҳам мақсадга элтувчи йўлларнинг биридир.
Американинг таниқли тижорат мураббийларидан бири Брендон Берчард (Brendon Burchard) беҳуда йўналишларда фаоллик кўрсатишимизни танқид қилади. Вақтни компютер ўйинларига ва ижтимоий тармоқлардаги бефойда тортишувларга сарфлаш уволдир. Натижада фойдали ишга вақтимиз оз қолади.
- Ҳар куни мутолаа қилинг
Кунига камида 30 дақиқа. Билим- бойликдир. Билимсизлик фалокат келтирмайди, аммо ютқазиб қўйиш ёмон, дейди донолар. Қўшимча қилиб айтиш мумкинки, билим мақсад сари йўлда кўмакчидир.
Дарвоқе, кун тартибингизга мутолаа фурсатини қўшиб қўйинг.
- Тинимсиз малакангизни ошириб боринг
Ўз соҳангизда малакангизни ошириб боринг, натижада эксперт даражасига етишасиз. Моҳир мутахассисларга эса катта тўлашади ва ҳурмат қилишади.
- Электроникадан вақтинча чекининг
Мусиқа ва видео, сайтларни кузатиш ва ижтимоий тармоқлараро кезиш умримизнинг кўп қисмини елга совуради. Маълум кунни белгиланг ва ўша куни замонавий медиа воситаларидан тамоман фойдаланманг. Унинг ўрнига яқинларингиз билан учрашинг, қисқа муддатли саёҳатга чиқинг, ҳайвонот оламига, табиатга вақт ажратинг.
- Соғлиғингизга эътиборли бўлинг
Омадли ва бой кишилар одатда спорт билан шуғулланишади ва тўғри овқатланишади. Жисмоний фаоллик саломатлик калитидир.
- Барча соҳада мўътадилликка интилинг
Мувозанат ва уйғунликни ҳис этиш учун барча нарсанинг чек-чегарасини билиш керак. Жисмоний машқлар, таом тановули, иш, интернет ва бошқа машғулотларга ҳаддан зиёд киришиб кетманг. Мўътадилликка интилинг.
Барча соҳада “олтин ўрталик”ка интилувчи кишиларнинг ишлари юришади. Хизмат шериклари топиш, ҳомийни ёки инвесторни кўндириш, лавозим поғоналаридан одимлаш осон кечади.
- Некбин бўлинг
Некбинлар (оптимист) дунёни ҳаракатлантиришади, пессимистлар эса унинг ёнида “дунё қаёққа кетмоқда”, дея чопқиллаб югуришади. Некбинлар ва жонбозлар дунёнинг эгаларидир. Улар қоронғудан нурга, машаққатдан роҳатга элтувчи йўлни излайдилар ва топадилар.
Бизга тиқиштирилаётган ахборот негативга тўла. Ахборотни сараланг ва ўзингизга зарурини олинг. Ижтимоий тармоқдаги хабарлар тасмангиз эса ўзингизга асқотадиган хабарлар билан тўлсин.
- Фикрларингизни бошқаринг
Ҳиссиёт ва фикрларини бошқаришга афсунгарлар эмас, омадли инсонлар ҳам қодир.
Миянгизда салбий фикрлар ғужғон айланса, юрагингиз хавотир ҳиссига тўлса, муваффақият эшигингизни чертиши гумон. Салбий фикрларни қувинг. Омадли кишилар ҳамиша яратиш билан банд, уларнинг миясида негативга жой йўқ.
- Қўрқувни енгинг
Қўрқув – инсонга хос табиий туйғу. Ҳар бир одам нимадандир қўрқади, хавотирланади. Толеи кулмаган кишилар ўзини қўрқув измига топширади, тадбирли инсон эса қўрқувни енгишга қодир.
Ишингиз юришмаслигига нимадан қўрқаётганингиз сабаблигини аниқланг ва уни бартараф этиш йўлини қидиринг.
- Қўл силтаб кетманг
Мақсадга элтувчи йўлда машаққат учраши муқаррар. Қанчалик қийинчилик бўлмасин қўл силтаб кетишга шошманг. Балки қийинчиликлар барчасини йиғиштиришингиз учун эмас, иродангизни тоблаш учун юборилаётгандир.
lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди