Рио—2016 Олимпиадасидаги юришини 1/8 финалдан бошлаган ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев илк жангида қозоғистонлик Қайрат Ералиевни ҳар учала раундда ҳам мағлуб этишнинг уддасидан чиқа олганди.
56 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги турнирдаги иккинчи жангида Аҳмадалиев аргентиналик Альберто Мелиан билан рингга чиқди.
Жангни бошқариб борган рефери 1-раунднинг ўзидаёқ икки бор ҳисоб очишга мажбур бўлди. Иккинчи ҳисоб очилганида ўзига келишни кечиктириб юборган аргентиналик спортчи мағлубиятга учради. Аҳмадалиев эса энг камида бронза медалини нақдлаштириб қўйди, деб Daryo.Uz ёзмоқда.
18 август куни бўлиб ўтадиган ярим финал жангида ўзбекистонлик спортчи Куба бокс мактаби тарбияланувчиси Робейси Рамиресга қарши жанг қилади.