Cистемани текширдим! Буни тушунганлар тушунади. Тушунмаганларга қуйида тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Хуллас, 2016 йилда олган даромадлар бўйича Давлат солиқ инспекциясига декларация топширишим керак эди.
Бухгалтеримизнинг ҳисоби бўйича ўтган йили давлат бюджетига 150 минг сўмлар ортиқча солиқ тўлаганман ва энди белгиланган тартибда бу ортиқча сумма менга қайтариб берилиши керак. Фақат ўзим яшайдиган туман солиқ бошқармасига учраб декларация тўлдиришим ва ортиқча суммани қайтариб беришлари учун ариза ёзишим керак (аризада банк маълумотлари, хусусан, транзит ҳисоб рақамини кўрсатишим лозим). 150 минг кўчада ётмайди дедиму йўлга тушдим.
Сафарим узоқ ва саргузаштларга бой бўлди.
Биринчи саргузашт. Банкда.
Менга транзит ҳисоб рақамини бераётиб банк ходими ўтказиладиган суммадан 2% ушлаб қолинишини гап орасида қистириб ўтди. Нега энди 2%? Умуман, нима учун мен ишлаб топган пулдан банк фоиз ушлаши керак? Нима асосида? “Марказий банк кўрсатмасига кўра” дейишди. Ўша ҳужжатни кўрсатишларини сўрадим. Қидира бошлашди ва орада: “0,1 фоиздан 2 фоизгача ушланади дейилган”, – деб қолди банкчи қиз. Ёнидаги йигит уни тўғирлади: “1 фоиз ушланади сиздан”. Қани, бу фоизлар нимага асосан бундай ўзгаради, кўрсатинглар-чи! Рус тилида ёзилган бир ҳужжатни кўрсатишди (ўзбек тилидагиси йўқ экан). У Марказий банкнинг кўрсатмаси эмас, банкнинг ички ҳужжати бўлиб чиқди. Унда айтилишича, банк дивидентлар, қалам ҳақлари ВА БОШҚА (и прочее) ўтказмалардан фоиз олар эмиш. Менга давлат бюджетидан қайтариладиган пул “ва бошқалар” категориясига кираркан. Мен ана шу “ва бошқалар” аниқроқ санаб берилган жойини кўрсатинглар дедим. Кўрсата олишмади. Нима сабабдан 0,1 эмас 2 фоиз ушланишини ҳам асослаб беришмади. Хуллас, энг кам – 0,1 фоизга рози бўлиб, шартномага қўл қўйиб, керакли ҳисоб рақамини олганча банкдан чиқдим ва туман солиқ бошқармасига йўл олдим.
Иккинчи саргузашт. Декларация бўлимида.
Навбат узун, чамаси 45 дақиқалар кутдим. Навбатим етгач, оператор опа даромадларим ҳақидаги олиб борган маълумотномаларимни олиб, рақамларни компьютерига киритди ва” “Сизда 0 чиқяпти” деди. Яъни мен давлат бюджетидан, бюджет ҳам мендан қарздор эмас. “Бўлиши мумкин эмас, бухгалерим 150 минглар атрофидаги суммани айтганди, яхшилаб қаранг”, – дедим. Яхшилаб қарадилар ва 277 минг сўмга адашганларини билиб қолдилар, яъни ўтган йили шунча ортиқча солиқ тўлаганман. Қўлимга маълумотнома чиқариб бердилару ҳисоб-китоб бўлимига йўлладилар. Учинчи саргузашт. Ҳисоб бўлимида.
Хона одамга тўлиб кетган, бир нечта туйнукларга навбат узууун. Менга айтишган 3-туйнукка бордим, навбатга турдим. Кутяпман. Навбат жуда секин юряпти. Бир одамнинг ишини 20 дақиқада ҳам якунлай олмаяпти. 1 соату 10 дақиқа ўтди. Навбат нега бундай суст юраётганини сўрасам, туйнук ортидаги аёл: “Дастур секин ишлаяпти, нима қилай? Ёқмаса, порталга ёзинглар”, – деди. Бир пайт кўзим стол устига ёпиштирилган ариза намунасига тушди, айнан менга керакли ариза! Дарров шу намуна асосида ариза ёза бошладим: “ўтган йили ортиқча ушлаб қолинган солиқни...” шошма-шошма! “...мол-мулк ва ер солиғини ушлаб, қолганини пластик картамга ўтказиб беришингизни сўрайман” деб ёзилибди намунада. Туйнук ортидаги опага менинг солиққа тортиладиган мол-мулким ва ерим йўқлигини айтгандим: “Пропискада турган квартирангиз учун тўлайсиз”, – деди. Ахир, у квартира эримнинг номида, у солиқни муддат тугагунча ўзим тўлайман деб тайинлаб юборган-ку. Лекин опа: “Барибир ушлаб қолишади, ё бўлмаса телефон қилиб чақириб вақтингизни олишади. Тинчгина тўлаб кетақолинг, фақат эрингиз 2 ҳафтача декларация қилиб, ортиқча солиғи бўлса қайтариш ҳақида ариза ёзмай турсин, бўлмаса ундан ҳам ушлаб қолишади”, – деди. Қизиқ бўлди-ку! Шунча жараённинг компьютерлашгани қаерда қолди? Хуллас, аризани ёзиб бўлиб ўша 3-туйнукдан қарзга олган ручкамни қайтариш учун борсам (ҳали навбатим келмаганди), опа аризани девонхонага топшириб кетаверишим мумкинлигини айтди. Энди савол: нима учун мени 3-туйнукка йўллашди ва бу ерда 1 соату 10 дақиқа навбат кутдим? Аризани намунага қараб ёзиб девонхонага топшириб кетаверсам бўлар экан-ку. Мендан олдин навбатда турган йигит эса транзит ҳисоб рақамини олиб келмагани учун навбатига оз қолганда кетди, у ҳам 1 соатча вақтини бекор йўқотди.
Ана шунақа гаплар! Мен бу дийдиёни нимага ёздим? Бошқалар бу кўчаларга кириб сарсон дайдиб вақт, асаб ва пул йўқотмаслиги учун. Демак, тавсиялар:
1. Албатта банкдан транзит ҳисоб рақамини билиб олинг. Банк бу маълумотни бериш асносида сиздан пул ўтказмалари учун фоиз оламан деса, асос, ҳужжат талаб қилинг. Ҳужжатни диққат билан ўқинг, рус тили ноқулай бўлса, ўзбекчасини талаб қилинг. Ҳужжатда нима учун айнан сиздан айнан шунча фоиз ушлаб қолинаётгани аниқ кўрсатилиши керак. “Ва бошқалар” деган мавҳумликлардан огоҳ бўлинг.
2. Солиқ идорасига (агар ҳамма даромадларингиздан максимал ставка бўйича солиқ ушлаб қолинадиган бўлса) даромадларингиз ва тўлаган солиқларингиз ҳақида маълумотномаларни ўзингиз олиб боринг. Иложи бўлса, биладиган одамга, тахминан бўлса-да, ҳисоблатиб олинг. Солиқчи сизда қайтариладиган сумма чиқмади деса, қандай ҳисоблаганини кўрсатиб беришини сўранг. Сизга бу маълумот берилиши керак.
3. Солиқларингиз ҳақида маълумотномани қўлга киритгач, намунага кўра ариза ёзиб девонхонада қолдирингу кетаверинг. Агар солиққа тортиладиган мол-мулкингиз бўлмаса, буни аризада айтиб ўтинг, токи англашилмовчиликлар бўлмасин. 4. Сабрдан кўпроқ ғамлаб олинг!
P.S. Банк ва солиқ инспекциясини атай аниқ айтмадим, ҳали пулимни олишим керак!
Шаҳноза Тўрахўжаева
Манба: Sof.uz