Биласизми?

Бахриддин Чустий: “Ошпаз эмас, футболчи бўлмоқчи эдим”

У ҳеч қачон ошпаз бўлишни орзу қилмаган. У болалигида спортчи бўлишни истарди. Унинг ошпазлик касбида таниламан, шахсий бизнесимни йўлга қўяман, деган режаси ҳам бўлмаган. Ўқитувчилар оиласида туғилган қаҳрамонимиз нонвойлик, сомсапазлик, кейинроқ ошпазликни ўткинчи иш, вақтинчалик тирикчилик манбаи, деб биларди. Бугун эса бу касб ҳаётнинг ажралмас қисмига айланди! Бир неча тамаддихоналар, кафелар очди.

Ўзини энг зўр ошпаз, деб ҳисобламайди. Ошпазликни ижод деб билади. Истаган одам астойдил ҳаракат қилса, зўр ошпаз бўла олади, деб ҳисоблайди.

“Муваффақият формуласи” лойиҳасининг илк қаҳрамони ошпаз, “oshxona.uz” кафелар тармоғи ва  “Chustiy`s cuisine” тамаддихонаси асосчиси, “Ўзбек ошхонаси рассоми” Баҳридди Чустий.

-Чуст деганда Наманган вилоятидаги машҳур туман, чуст дўппилари, пичоқлари, қолаверса машҳур ижодкорлари кўз олдимизда намоён бўлади. Яқин йиллардан бери Чуст ошхонаси ҳам тилга тушди. Бунда, албатта, Бахриддин Чустийнинг ўзига хос ўрни бор. Ошпазлик соҳасига кириб келишингиз ҳақида....  

Болаликда, аввал айтганимдек, ошпаз бўлишни умуман орзу қилган эмасман, оиламизда ҳам умумий овқатланиш соҳасида ишлайдиган одам бўлмаган. Уйдагилар ўқитувчи бўлишган. Болалик пайтларимда “Улғайсам, спортчи бўламан”, деган ният бор эди. Билсангиз, 90-йилларда ўзбек футболчилари Осиё ўйинлари чемпиони бўлган кезлар эди. Қосимов, Шквиринлар машҳур бўлган пайтларда деярли ҳамма ўғил болалар футболчи бўлишни орзу қиларди, чамамда.

Тақдир тақазоси билан 1998 йилда Тошкентга кўчиб келганмиз. Отам шаҳарда новвойхона очган. Ўша ердаги новвойларга мен ҳам ёрдамлашиб юрардим. Кейинчалик унинг ёнига сомсахонага ва ундан сўнг ошхонага айланган. Табиийки, илк сабоқларни ўша ерда олганман.

[caption id="attachment_12513" align="aligncenter" width="680"] Тухум барак[/caption]

Тўғрисини айтсам, 2010 йилларга қадар ҳам ошпазлик касбига вақтинчалик иш деб қараганман. Даромад топсам, бошқа иш билан шуғулланаман, деган ният бор эди. Ошпазликка жиддий қарамаганман. Шунақа пайтлар ҳам бўлганки, касбим ҳақида сўрашганида ошпаз эканимни айтишга уялардим. Бу касбга негадир иккинчи даражали касб, деб ўйлаган эканман. Ҳозир эса аксинча. Карим Маҳмудов ўз китобида айтганидек, “Ҳар бир касб эгаси ўз иши устида мукаммал ишласа, уни санъат даражасига олиб чиқиши мумкин”. Ҳозир шу касбни мукаммал ўрганиш ҳаракатидамиз.

-Шу ўринда табиий савол: Ҳар қандай одам астойдил интилса, меҳнат қилса, яхши ошпаз бўла оладими ёки бунга ҳам уқув керакми?  

Умрида куй басталамаган одам бирдан куйлар ёза бошласа, бу қобилият. Йиллар давомида қилинган меҳнат ва изланишлар самараси эса ҳаракатларнинг маҳсули, дейиш мумкин. Шундан келиб чиқиб айта оламанки, фикри ожизимча, ҳар қандай одам астойдил меҳнат қилса, ўрганса, яхши ошпаз бўлиши мумкин.

[caption id="attachment_12514" align="aligncenter" width="680"] Ухлаш учун доим жой топилади.[/caption]

-Ҳар бир одамнинг, у қайси соҳа вакили бўлишидан қатъи назар, ўз имзоси, услуби, ўзига хослиги бўлади. Сиз бу соҳадаги айрича жиҳатларинингизни нимада деб биласиз? Бошқа ошпазлардан ажралиб турадиган томонларингиз...

Бошқалардан ажралиб турадиган устун томоним бор, десам нокамтарлик бўлади. Чунки ҳеч қачон зўрликка, биринчиликка даъво қилмаганман. Менимча, сиз айтмоқчи бўлган жиҳат—менинг интернет билан дўстлашганимда, бўлса керак. Яъни ҳар бир ишимни ёки қандай янгича уринишимни интернет орқали халққа тақдим қилиб, уларнинг фикрлари, таклиф ва мулоҳазаларини ўқишга ҳаракат қиламан.

Биринчи марта 2004 йилларда интернетга кира бошлаганман. Биласизми, унга жуда боғланиб, ўрганиб қолганман. Ўша пайтда сомса ёпардим. Кун мобайнида топган даромадимни интернет кафеда интернетга сарфлаб, хатто қарз бўлиб чиқиб кетган кунларим ҳам кўп бўлган. Кейинчалик эса кундуз куни ошхонада, кечаси интернет кафеда ишлаганманки, ортиқча сарф-ҳаражат бўлмасин. Уйдагиларим ўшанда интернетнинг зарари ҳақида кўп танбеҳ беришарди. Лекин мен ундан кўп нарса ўрганардим. Биласизми, интернет пичоққа ўхшайди. Унда жиноят қилиш мумкин ёки ширин таом тайёрласа ҳам бўлади. Худди шунингдек, интернетдан ҳам турли мақсадларда фойдаланиш мумкин. Айнан Чустий тахаллусини ҳам интернет сабаб қўйганман. Ўша йилларда турли чатлар, форумлар ривожланиб бораётганди. Ўша ерларга кириб, мулоқотлар қилардик. Ўзимга Чустий номини қўйиб, форумларда иштирок этардим. Шу бўйи Чустий номи қолиб кетди.

[caption id="attachment_12515" align="aligncenter" width="680"]13528637_1745321095721516_8945884414202156558_o Биласизми..?[/caption]

-Аввалги суҳбатларнинг бирида ошпазликка оид ишларингизни дастлаб ижтимоий тармоқларга қўйишдан бошлаб, кейинчалик oshxona.uz сайтини ташкил қилганингиз ҳақида айтгансиз...

Чиндан ҳам турли ижтимоий тармоқларга дастлабки ўзим тайёрлаган таомларни расмга олиб, жойлаб, одамларнинг фикрини ўрганардим. Холис фикрни билиш учун ўзимнинг таомларим эканини айтмасдим. Шу тариқа 2010 йил алоҳида сайт очиш фикри туғилган. Унга ном қўйиш масаласида кўп иккиланганман. Журналист Давронбек Тожиалиевнинг OSHXONA.UZ деган варианти маъқул келиб, шу номли сайт очганман. Бир йилдан сўнг мазкур сайт интернет фестивалида “Энг яхши ихтисослашган сайт”, деб топилди. 2012 йилда “Энг яхши оилавий сайт” номинациясига сазовор бўлди.

-Эътибор берсак, ҳар битта таомингизни хўррандаларга тақдим қилишда ўзгача, яъни ижодий ёндошишга ҳаракат қиласиз...

Тўғри. Аввал бошдан интернетга маълумотлар ёки таомлар расмини юклашда, муҳокама сабаб бўладиган, ҳамманинг эътиборини тортадиган, қизиқишларини ортирадиган услубла бўлишига эътибор қаратардим. Бу бора-бора бир услубга айланди. Тошкентда “Ошхона.уз” тамаддихонасини очишда ҳам бу ўзига хосликни сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Чунки шаҳарда рақобат жуда кучли. Ҳар турфа эксперементал уринишларни хўррандаларга тақдим қилиш орқали ўз мижозларимизни топишни мақсад қилганмиз. Ва бунинг тарғиботига ҳам алоҳида урғу берганмиз.

[caption id="attachment_12512" align="aligncenter" width="680"] "Ўзбек" Мона Лиза.[/caption]

-Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларингизни кузатаман, машҳур брендларга миллий элементлар қўшасиз ва уларнинг кўпи омадли чиқади. Бу ғоялар муаллифи ўзингизми ёки бу билан шуғулланадиган алоҳида гуруҳ борми?

Дастлаб буларни ўзим тайёрлардим. “TezFood” очганимиздан кейин эса бунга алоҳида мутахассислар жалб қилдик. Чунки айнан бу лойиҳада ўзбек миллий таомларини замонавий кўринишга эга, тезпишар ва қулай истеъмол маҳсулотига айлантириш мақсад қилинган эди. Ҳозирда мазкур гуруҳ билан бирга таомларни ўзга хос кўринишда тақдим этиш устида иш олиб борилади. Шунингдек, турли ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар ҳам бизга ғоя беришади. Масалан, гўжа билан Google логотипини уйғунлаштириш таклифини қашқадарёлик Жасурбек исмли фойдаланувчи берган. Ёки Баҳром деган йигит хўрдани “Honda” билан уйғунлаштириш ғоясини таклиф қилган.

-Хабаримиз бор, сиз хорижий мамлакатларда ҳам шу йўналишда фаолият олиб боргансиз ва бунинг нима эканини яхши биласиз. Умуман у хорижда миллий таомлар ресторанининг муваффақияти нималарга боғлиқ?

Менимча, хорижда миллий таоамлар ресторанини очмоқчи бўлган одам, биринчи навбатда, кам сонли миллатдошлари ёки мигрантларнинг эмас, балки маҳаллий аҳоли таъбини ҳам ҳисобга олиши керак. Чунки хорижда ўқиётган, пул ишлашга борган одам ресторанларга камдан-кам киради. Асосий хўрранда эса маҳаллий аҳоли вакиллари. Демоқчиманки, таомларни ҳам мамлакатнинг иқлимига, аҳолисини таъбига мослаштириш зарур. Масалан, оддийгина водийнинг девзира гуручи, қўй ёғилар солиб, тайёрланган ош Бухорода водийдаги каби талабгор бўлмаслиги мумкин. Умуман, тамаддихона очишда ўша жой одамларининг таъби ва истакларини яхши ўрганиш зарур. Ва яна бир муҳим томони шундаки, ана шу янги овқатланиш мажмуасининг рекламасига алоҳида эътибор қаратиш керак. Айниқса, бунда интернет имкониятларидан самарали фойдаланиш мумкин.

[caption id="attachment_12519" align="aligncenter" width="680"]Мана, сенга олам-олам овқат, идишингга сиққанича ол! Мана, сенга олам-олам овқат, идишингга сиққанича ол![/caption]

-Хорижликларнинг илк бор миллий таомларимизни истеъмол қилганидан сўнг унга муносабатини ҳеч кузатганмисиз? Умуман қандай қабул қилишади?         

Албатта. Яқинда хизмат сафари билан Россиянинг Хабаровск ўлкасида бўлдим. Аниқроғи, ўша ерда очилган ўзбек ресторани менюсига ўзбек миллий таомларини киритишга чақиришди. Бир куни ресторанга “нозикроқ” одам келади, тезроқ ширин таом тайёрлаб беринглар, дейишди. Шунда унга уграош тайёрлаб бердик. Бу таомни Шаҳрисабзда Соли ака деган ошпазнинг мазали угра ошини ичиб, ундан илҳомланиб, ўзим тайёрладим. Шу таомни ўша “нозик” хўрранда еб, яна бир неча порция уйига ҳам олиб кетди. Бу минг бир воқеалардан бири. Айтмоқчиманки, хорижда ўзбек миллий таомларини яхши қабул қилишади.

Россиялик Олег Назаров деган машҳур ресторан танқидчиси юртимизда меҳмон бўлди. Шунда у гапни айтди: “Агар омадли бизнес қилмоқчи бўлсанг, албатта ўзбек ресторанини оч. Унга ортиқча реклама ҳам керак эмас. Оч-да, “Ўзбек таомлари” деб ёзиб қўй. Омадинг 100 фоиз кафолатланади..” Албатта, ўз соҳасининг устаси бўлган шахснинг бундай фикри миллий таомларимизнинг даражасини, унга бўлган талабнинг қанчалар юқори эканини кўрсатиб турибди, дейиш мумкин.  

[caption id="attachment_12518" align="aligncenter" width="680"] Россиялик машҳур ресторан танқидчиси Олег Назаров билан[/caption]

-Сир бўлмаса, уйда ҳам капгир сизнинг қўлдами ёки бу масъулият буткул келин зиммасидами?

Авваллари ошпаз бўлиб ишлаганимда вақтларим аниқ эди ва маълум бўш вақтларим бўларди. Уйда таомлар ҳам пиширардим. Ўзим ошхоналар очганимдан кейин бу тартиб бузилиб кетди, яъни уйда бўлишнинг аниқ вақти белгиланмаган. Шундан келиб чиқиб, барибир, капгир аёлимнинг қўлида. Бунақа пайтда, яъни ишдан хориб-толиб келган пайтда, капгир тугул, қошиқ ушлашга ҳам ҳол қолмайди.   

-Янги ғояларга қизиқишингиз кучли: сўнгги марта миллий таомлардан жамоангиз билан йирик Ўзбекистон ҳаритасини ясаган эдингиз. Мустақилликнинг 25 йиллик тўйига қанақа ноанъанавий совға ҳозирлаяпсиз?

Биласизми, анчадан бери бир нарсани ният қилиб келаман. Яъни ўзбек паловини кўп миқдорда тайёрлаб, Гиннес рекордлари китобига киритиш. Хоҳиш ва ҳаракатлар бор. Бироқ бу жуда катта маблағни ва вақтни талаб этади. Рекордга кириш талабига кўра, гуручли таом битта қозонда камида 3 ярим тонна миқдорда тайёрланса, бу ҳисобга олинади. Ҳозирда шу борада ҳаракат бошлаганмиз.

[caption id="attachment_12517" align="aligncenter" width="680"] Маҳсулотлардан тайёрланган Ўзбекистон харитаси.[/caption]

Блиц-саволлар

  1. Дейлик, ҳўрранда таомидан пашша чиқди. Сизни чақиришди. Нима қиласиз? Вариантлар: А. “Мен йўқ деб айт” деб, баҳона қиласиз. В. Ўзингиз чиқиб, кечирим сўрайсиз ва бошқа овқат опкелтирасиз С. Ёки чиқмай, овқатини янгилаб беришларини айтасиз.

Ўзим чиқиб, кечирим сўраб, бошқа овқат опкелтираман ёки чиқмай, овқатини янгилаб беришларини айтаман.

  1. Сиз хушламайдиган таом?

Хушламайдиган дея олмайману, лекин ёшлигимда кўп истеъмол қилган перловка ва гречкали таомларни кам ейман.

  1. Уйга меҳмон келганда: капгир кимнинг қўлида бўлади? А. Ўзимда В. Аёлимда С. Яхшиcи, шогирдни ёрдамга чақираман.

В вариант: яъни капгир аёлимнинг қўлида бўлади.   

[caption id="attachment_12520" align="aligncenter" width="680"] Биз ҳам гапирайлик...[/caption]

  1. Сизнингча энг қўли ширин ошпаз ким? Менда битта вариант бор, лекин сизникини эшитмоқчиман.

Ҳар бир кучли шахснинг ортида аёл туради, деганларидек, ҳар бир яхши ошпазнинг ортида Она туради, дейиш ҳам мумкин. Чиндан ҳам энг қўли ширин ошпаз Онам. Кейин бувим ҳам жуда пазанда аёл бўлганлар. Улар тайёрлаган таомларни кўп қумсайман.

  1. Уйдаги таомнинг мазаси ёқмади: дарров айтасизми ёки индамай еяверасиз?

Касб касаллиги: дарров айтаман!

Erkak.uz сайти ўқувчиларига тилакларингиз...

Ҳар бир эркак киши 3 та таом тайёрлашни билиши керак: ош, шўрва ва кабоб. Шундан келиб чиқиб, тилагим: erkak.uz фойдаланувчиларининг ошлари, шўрвалари ва кабоблари доим мазали чиқсин!

Муслим Мирзажонов суҳбатлашди.